Унда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати раиси, Одам савдосига қарши курашиш ва муносиб меҳнат масалалари бўйича Миллий комиссия раиси Танзила Нарбаева, Халқаро меҳнат ташкилоти бош директори Жилбер Унгбо, вазирлик ва идоралар, ННТ, дипломатик корпус вакиллари иштирок этди.
Сўзга чиққанлар сўнгги йилларда Ўзбекистонда фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, одам савдосига қарши курашиш, ундан жабрланганларни ҳар томонлама ҳимоя қилиш, мажбурий меҳнатнинг олдини олиш ва унга тўлиқ барҳам беришнинг ташкилий, ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлаш, бу борада олиб борилаётган ишларга тўхталиб ўтди.
Бу борада Т.Нарбаева конференция ижтимоий адолатни мустаҳкамлаш, аҳоли бандлиги ва ижтимоий ҳимоясини таъминлаш, инсон ҳуқуқлари институтини мустаҳкамлаш, тенгсизлик ва камбағалликни қисқартириш, уларнинг олдини олиш соҳасидаги сиёсатни такомиллаштириш йўлидаги дастлабки қадам эканлигини алоҳида таъкидлади.
Халқаро меҳнат ташкилоти (ХМТ) бош директори Жилбер Унгбо Ўзбекистон мажбурий меҳнат ва болалар меҳнатига барҳам бериш бўйича катта ютуқларга эришганини, бу борада ХМТ ва бошқа давлатлар учун намуна бўлганини алоҳида таъкидлади.
Қайд этилганидек, юртимизда мажбурий ва болалар меҳнатига тўлиқ барҳам берилди. Муносиб меҳнат стандартларини жорий этишга киришилди. Натижада, ўзбек пахтасига қўйилган бойкот бекор қилинди.
Бундан ташқари, хорижда вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошираётган Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг ҳуқуқий ҳимояси давлат сиёсати даражасига кўтарилди.
Тадбирда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, муносиб иш ўринлари яратиш, аҳоли бандлигини таъминлаш, ижтимоий ҳимояни мустаҳкамлаш «Ўзбекистон – 2030» стратегиясининг ажралмас қисми эканлиги айтиб ўтилди.
Шунингдек, Ўзбекистоннинг бандликни таъминлаш борасидаги ишларига ҳам эътибор қаратилиб, кейинги йилларда кўрилган чора-тадбирлар натижасида мамлакатимизда ишсизлик даражаси 2020 йилдаги 10,5% дан 2024 йилда 6,8 % га тушди.
Камбағаллик даражаси эса 2021 йилдаги 17 %дан 2023 йил сўнггига келиб 11%га тушди.
Бугунги кунда Ўзбекистон ижтимоий адолат ва муносиб меҳнат тамойилларини жорий этиш йўлидан дадил боряпти. Ўзбекистон томонидан Халқаро меҳнат ташкилотининг 144-сонли Конвенцияси ратификация қилингач, 2019 йилда Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси, Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги ҳамда Иш берувчилар республика Конфедерацияси вакилларидан иборат Ижтимоий-меҳнат масалалари бўйича Республика уч томонлама комиссияси ташкил этилди.
Анжуман доирасида «Меҳнат меъёрлари ва ҳуқуқларининг бугунги кундаги ҳолати», «Яшил иқтисодга ўтиш учун муносиб меҳнат иш ўринларини молиялаштириш» ва бошқа мавзулардаги панель сессиялар ҳам ўтказилди, деб хабар беради Олий Мажлис Сенати матбуот хизмати.
Якунда конференция резолюцияси қабул қилинди.