Нотариал палата раиси Дилшод Ашуров ISOнинг вакили – Австрия Республикасининг Ўзбекистондаги элчихонаси тижорат маслаҳатчиси Рудольф Лукавскининг қўлидан ISO 37001:2016 стандарти ҳамда ISO 9001:2016 стандарти бўйича сертификатларни қабул қилиб олди.
Маълумот учун: ISO 37001:2016 стандарти – бу халқаро даражада қабул қилинган коррупцияга қарши менежмент тизими ҳисобланади. У ташкилотларда пора олиш ва бериш ҳолатларини олдини олиш, аниқлаш ва бартараф этиш учун самарали назорат ва бошқарув механизмларини жорий этишни назарда тутади.
ISO 37001 сертификати:- ташкилотнинг коррупцияга қарши қатъий сиёсат юритишини тасдиқлайди;- шаффофлик ва ҳалоллик тамойилларига риоя этилишини кўрсатади;- халқаро ҳамкорлар ва инвесторлар ишончини оширади;- бизнес жараёнларини жаҳон андозаларига мослаштиришга хизмат қилади.
Ушбу сертификатга эга бўлган ташкилотлар ўз фаолиятида “коррупциядан холи ва шаффоф” тамойилларига содиқ эканини намоён этади.
ISO 9001:2016 халқаро сифат менежменти тизимининг (ҚМС) стандарти бўлиб, у юқори сифатли маҳсулот ёки хизматлар, мижозлар эҳтиёжини қондириш ва доимий такомиллаштиришни таъминлаш учун ташкилот ўз жараёнларини қандай бошқариши кераклиги ҳақидаги талабларни белгилайди.
Ўзбекистон Нотариал палатаси мамлакатимиздаги нодавлат нотижорат ташкилотлари орасида мазкур сертификатларни қўлга киритган илк ташкилот бўлди.
— Биз тизимда 2019 йил Президент фармонида белгиланган ислоҳотлар билан бошланган очиқлик, шаффофлик ва коррупциядан холи фаолият тамойилларини изчил давом эттириб келмоқдамиз. Шуниси ҳам муҳимки, 2021 йилда Адлия вазирлиги давлат органлари орасида биринчилардан бўлиб ISO 9001:2015 сифат менежменти тизими халқаро стандарти сертификатини қўлга киритган эди. Бугун, орадан беш йил ўтиб, Нотариал палата мазкур сертификатларни қўлга киритган илк нодавлат нотижорат ташкилоти сифатида тарихга кирди, — деди Нотариал палата раиси Дилшод Ашуров.
Тадбирда сўзга чиққанлар Ўзбекистон Нотариал палатасининг тизимни шаффофлаштириш борасидаги саъй-ҳаракатларини юқори баҳоладилар.









