«Охирги учрашувимиздан буён ўтган вақт мобайнида «BBC» билан ҳамкорликда 10 га яқин лойиҳа амалга оширилди. Ушбу хорижий ахборот телеканали ресурсларида Бухородаги замонавий санъат биенналеси, Самарқанддаги UNESCO Бош конференцияси сессияси тадбирлари ва Ўзбекистондаги бошқа муҳим воқеалар фаол ёритиб борилди», — деб ёзади ўзининг телеграмдаги саҳифасида Асадов.
Қайд этилишича, суҳбат чоғида ҳамкорликнинг истиқболдаги режалари муҳокама қилинди. Рақамли давр таҳдидлари ва сунъий интеллект технологияларининг жадал тарқалиши шароитида масъулиятли журналистикани ривожлантириш алоҳида аҳамиятга эга эканини таъкидланди.
Журналистларнинг профессионал стандартларини янада мустаҳкамлаш, фактчекинг, таҳлил кўникмалари ва медиа саводхонлигини ошириш зарурлиги қайд этилди.








