Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 12 ноябрь куни Боку шаҳрида ўтаётган БМТнинг Иқлим ўзгариши тўғрисидаги ҳадли конвенцияси Томонлари конференциясининг 29-сессияси (COP29) доирасидаги Жаҳон етакчилари саммитининг ялпи мажлисида нутқ сўзлади.
Тадбирда дунёнинг 80 дан ортиқ мамлакатидан давлат ва ҳукуматлар, нуфузли халқаро ташкилотлар ва молия институтлари раҳбарлари иштирок этмоқда.
Давлатимиз раҳбари сўзининг аввалида Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиевни ушбу тарихий саммитни муваффақиятли ташкил этгани билан самимий табриклаб, Озарбайжоннинг бугунги иқлим таҳдидларига қарши курашиш мақсадида халқаро ҳамкорликни кенгайтириш бўйича фаол саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлади.
Президентимиз таъкидлаганидек, иқлим ўзгаришлари бугунги кунда асосий глобал таҳдидга айланиб, геосиёсий кескинликнинг кучайишига бевосита таъсир кўрсатмоқда.
Камбағалликка қарши кураш, озиқ-овқат ва энергетик хавфсизликни таъминлаш, ичимлик суви ва ресурсларидан фойдаланиш муаммолари кучайиб бормоқда.
Иқлим ўзгаришларининг оқибатини Марказий Осиё ўткир ҳис қилмоқда.
Улар аҳолининг турмуш сифатини ошириш ва миллий тараққиёт стратегияларини рўёбга чиқариш йўлида тўсиққа айланмоқда.
Париж келишувлари доирасида асосий мақсад – минтақада ҳаво ҳароратини жадал ўсишига йўл қўймаслик, ушбу кўрсаткичларни жорий юз йилликда 1,5-2 градус атрофида сақлаб қолишдан иборат.
Бу борада Ўзбекистонда углерод нейтраллигига эришиш бўйича кенг миқёсдаги ислоҳотлар олиб борилмоқда. 2030 йилгача ҳавога иссиқхона гази чиқаришни учдан бир қисмга камайтириш режалаштирилган. Бу мажбуриятлар 2050 йилга қадар янада кенгайтирилади. “Яшил” энергетика улуши 40 фоизга етади.
Электромобиллар ва «яшил» водород ишлаб чиқариш кластерлари барпо этилмоқда, қуёш ва шамол генерацияси хаблари яратилмоқда. «Яшил макон» дастури доирасида кўкаламзор ҳудудлар кенгайтирилмоқда.
Қўшни мамлакатлар билан биргаликда Минтақавий иқлим стратегияси амалга оширилмоқда. Шу кунларда Европага «яшил» энергия етказиб беришни ташкил этиш тўғрисида кўп томонлама битим имзоланади.
Глобал иқлим ўзгаришлари оқибатларини биргаликда енгиб ўтиш мақсадида Ўзбекистон етакчиси қатор ташаббусларни илгари сурди.
Жумладан, ривожланаётган мамлакатлар дуч келаётган иқлим хатарларини танқидий таҳлил ва молиявий баҳолаш учун етакчи давлатлар, кўп томонлама институтлар ва конвенцияларнинг техник ва молиявий кўмагини кенгайтириш мақсадида Иқлим туфайли йўқотиш ва зарарларни баҳолаш бўйича халқаро марказ таъсис этиш таклиф қилинди.
Атроф-муҳит ифлосланиши билан боғлиқ хатарларни қисқартириш, барқарор биохилма-хиллик ва трансчегаравий сув ресурслари масалаларида ягона ёндашувлар ишлаб чиқиш зарурлигини қайд этиб, давлатимиз раҳбари Бирлашган Миллатлар Ташкилоти шафелигида Дарё экотизимларининг бутунлиги ва экологик хавфсизлигини таъминлаш соҳасида мажбуриятлар тўғрисидаги Декларацияни ишлаб чиқиш ташаббусини илгари сурди.
Шунингдек, Ўзбекистонда ўсимликларнинг иқлимга чидамлилигини ошириш учун Генетик ресурсларнинг минтақавий банкини ҳамда денгизга чиқиш йўлига эга бўлмаган мамлакатлар учун БМТнинг инновацион агросаноат хабини ташкил этиш таклиф қилинди.
Иқлим ўзгаришларидан зарар кўраётган мегаполис ва шаҳарларнинг барқарор ривожланиши ва яшаш учун қулай шароитлар яратиш соҳасида тажриба ва билим, энг яхши амалиётлар трансфери учун Жаҳон иқлим пойтахтлари альянсини ташкил этиш ҳамда унинг биринчи форумини Тошкентда ўтказиш ташаббуси билдирилди.
Президентимиз COP29 мамлакатлари вакилларини келгуси йили 15 майда – Халқаро иқлим кунида Оролбўйида ўтказиладиган Рақамли “яшил” ташаббуслар глобал фестивалида иштирок этишга таклиф этди.
Сўзининг якунида Президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон умумий фаровонлик ва узоқ муддатли “яшил” тараққиёт йўлида очиқ мулоқот ва амалий шерикликка доим тайёр эканини таъкидлади.