Саудиянинг ушбу компанияси билан амалий ҳамкорликни янада кенгайтириш ва мамлакатимиздаги устувор лойиҳаларни жадаллаштириш масалалари атрофлича кўриб чиқилди.
Давлатимиз раҳбари бугунги кунда Ўзбекистон энергетика тармоғини ривожлантириш ва модернизация қилишга энг кўп инвестиция киритаётган “ACWA Power” билан самарали шериклик даражасини алоҳида мамнуният билан қайд этди.
Замонавий иссиқлик электр станциялари, шамол ва қуёш энергетикаси объектлари, энергетика инфрутизилмасини барпо этиш, “яшил” водород ишлаб чиқариш, илғор технологик ечимлар асосида ускуна ва бутловчи қисмларни маҳаллийлаштириш лойиҳаларини илгари суришга алоҳида эътибор қаратилди.
Бундан ташқари, Муҳаммад Абунайян ҳамраислик қилаётган қўшма Ишбилармонлар кенгаши доирасида Саудиянинг етакчи компания ва банк институтларини Ўзбекистонга жалб қилиш борасидаги ишларни давом эттириш муҳимлиги таъкидланди.
Учрашув якунида “ACWA Power” раиси унинг фаолияти юксак баҳолангани ва давлат мукофоти – “Дўстлик” ордени билан тақдирлангани учун Ўзбекистон етакчисига чуқур миннатдорлик билдирди.