Ўзбекистон Президенти туркий давлатлар ҳамкорлигининг устувор йўналишларини кўрсатди

    Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 6 июль куни Шуша шаҳрида Туркий давлатлар ташкилотининг "Транспорт, ўзаро боғлиқлик ва иқлим ҳаракати орқали барқарор келажакни бунёд этиш" шиори остидаги норасмий саммитида иштирок этди.

    Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиев раислигида ўтган тадбирда Қозоғистон Республикаси Президенти Қасим-Жомарт Тоқаев, Қирғиз Республикаси Президенти Садир Жапаров, Туркия вице-президенти Жавдат Йилмаз, Венгрия Бош вазири Виктор Орбан, шунингдек, Туркий давлатлар ташкилоти бош котиби Кубаничбек Омуралиев ва ТДТ Оқсоқоллар кенгаши раиси Бинали Йилдирим ҳам қатнашди.

    Кун тартибига мувофиқ, ташкилот доирасидаги кўп қиррали ҳамкорликнинг ҳолати ва истиқболлари юзасидан фикр алмашилди, амалий шерикликнинг долзарб масалалари муҳокама қилинди.

    Давлатимиз раҳбари ўз нутқида ушбу учрашув туркий дунёнинг маданият пойтахтларидан бири бўлган Шуша шаҳрида ўтказилаётганида чуқур маъно мужассамлигини таъкидлаб, Президент Илҳом Алиев раҳбарлигида Қорабоғда олиб борилаётган улкан бунёдкорлик ишларини юксак баҳолади.

    Ўтган қисқа даврда Туркий давлатлар ташкилоти доирасида 30 дан ортиқ муҳим йўналишларда ўзаро манфаатли ва кенг қамровли ҳамкорлик йўлга қўйилгани алоҳида таъкидланди.

    – Ушбу саммитимиз глобал хавф ва хатарлар ортиб, ўзаро ишонч инқирози тобора кучайиб бораётган бир шароитда ўтмоқда. Бундай мураккаб вазиятда азалий қардошлик руҳидан куч олаётган алоқаларимизни сифат жиҳатидан янги босқичга кўтаришни, умумий ёндашувларни ишлаб чиқишни даврнинг ўзи тақозо этмоқда, - деди Ўзбекистон Президенти.

    Туркий давлатлар ўртасида кўп томонлама ва узоқ муддатли ҳамкорликни янада ривожлантириш мақсадида Ўзбекистон етакчиси қатор устувор масалаларга эътибор қаратди.

    Ташкилотга аъзо мамлакатлар ўртасида савдо ҳажми барқарор ўсаётгани ва ўтган йилда 27 фоизга ошгани мамнуният билан қайд этилди. Бундай юқори ўсиш суръатлари жорий йилда ҳам кузатилмоқда.

    – Мамлакатларимиз бугунги кунда дунёнинг асосий бозорларига чиқиш ҳамда Буюк ипак йўлини янги тарихий шароитда қайта тиклаш учун қаттиқ бел боғлаган, - деди Шавкат Мирзиёев.

    Ҳамкорликнинг ҳуқуқий асослари мустаҳкамлангани, рақамли тизимлар ишга туширилгани натижасида Транскаспий халқаро транспорт йўлаги орқали юк ташиш ҳажми муттасил ўсиб бораётгани таъкидланди.

    Бизнес учун энг маъқул тарифларни жорий этиш ушбу йўлакнинг рақобатдошлиги ва жозибадорлигини оширишга хизмат қилади. Бундан ташқари, “Ягона ойна” тизимини йўлга қўйиш, божхона-чегара ўтказиш пунктларининг узлуксиз ишлашини таъминлаш муҳимлиги қайд этилди.

    Ўзбекистон Президенти яқинда Тошкентда ташкил этилган Туркий давлатлар логистика марказлари ва юк ташувчилари альянсини ТДТнинг транспорт соҳасидаги кун тартибини шакллантириш ва устувор вазифаларини амалга оширишга кенг жалб этиш мақсадга мувофиқлигини кўрсатиб ўтди.

    Ташкилот доирасида Темир йўл маъмуриятлари кенгашини тузиш ва унинг дирекциясини Тошкент шаҳрида жойлаштириш ташаббуси илгари сурилди.

    Жорий йил кузда бўладиган навбатдаги саммитга қадар халқаро коридорлар имкониятларидан янада унумли фойдаланиш ва автоташувларни тўлиқ рақамлаштириш, “яшил” йўлаклар яратиш бўйича комплекс чора-тадбирларни ишлаб чиқиш бўйича савдо ва транспорт вазирларига топшириқ бериш таклиф этилди.

    Мамлакатимиз етакчиси иқлим ўзгаришига қарши биргаликда курашиш масалаларига алоҳида эътибор қаратди.

    Мавжуд муаммоларни тизимли ҳал этиш учун Туркий экология кенгашини тузиш ва унинг бош қароргоҳини экологик офатдан энг кўп зарар кўрган ҳудуд – Оролбўйидаги йирик шаҳар Нукусда жойлаштириш таклиф қилинди.

    Давлатимиз раҳбари туркий дунё бугунги кунда иқлим бўйича халқаро ҳамкорликда ўзининг баланд овозига эга бўлиб бораётганини таъкидлади.

    Шу маънода, жорий йилнинг ноябрь ойида Бокуда ўтказиладиган Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Иқлим саммити (COP–29) ТДТ мамлакатлари учун улкан тарихий воқеа бўлишига ишонч билдирилди.

    Муқобил энергия манбаларини ривожлантириш аҳамияти ҳақида сўз юритар экан, давлатимиз раҳбари Ўзбекистон 2030 йилгача қайта тикланувчи энергия қувватларининг энергетика балансидаги улушини 40 фоизга етказишни мақсад қилганини маълум қилди.

    Хусусан, хорижий шериклар билан бирга йилига 2 гигаватт қувватдаги янги шамол ва қуёш электр станциялари ишга туширилмоқда.

    – Қўшни Қирғизистонда гидроэлектр станцияларини Қозоғистон билан биргаликда қуриш ишларини ҳам бошлаяпмиз, – деди Шавкат Мирзиёев.

    Бу борадаги ҳамкорликни кенгайтириш мақсадида “Яшил энергетика сари туркий ҳаракат” концепциясини қабул қилиш таклиф этилди.

    Давлатимиз раҳбари туркий дунё умумбашарий цивилизация ривожига мислсиз ҳисса қўшганини таъкидлади.

    – Номларини жаҳон аҳли яхши биладиган улуғ аллома ва уламоларимиз иккита буюк Ренессансга асос солишган. Бу азал-азалдан халқларимиз ҳаётида инсон капитали нақадар юқори бўлганидан дарак беради, - деди Шавкат Мирзиёев.

    Шу муносабат билан замонавий “билимлар иқтисодиёти”ни қуриш, креатив иқтисодиётни ривожлантириш учун рақамли технологиялар, блок-чейн, булутли, квант ҳисоблаш технологиялари, робототехника, “тўртинчи саноат” кадрларини тайёрлаш соҳаларида ҳамкорликни кучайтириш зарурлиги кўрсатиб ўтилди.

    Бунинг учун Туркий давлатлар ташкилотининг Инсон капиталини ривожлантириш илмий-тадқиқот марказини ташкил этиш ташаббуси илгари сурилди.

    Шунингдек, Президентимиз ташкилот шафелигида аниқ фанлар бўйича Ёшлар туркий олимпиадаси ва Бутунжаҳон туркшунослар конгрессини келгуси йили Ўзбекистонда ўтказишни таклиф этди.

    Давлатимиз раҳбари йиғилганлар эътиборини Ғазо секторида мураккаб вазият юзага келиб, қонли уруш 40 мингга яқин аҳоли, айниқса, аёллар ва болалар ҳаётига зомин бўлганига қаратди. Томонларни зўравонликларни зудлик билан тўхтатишга, тинчлик жараёнларини тезроқ бошлашга чақирди.

    Мустақил ва озод Фаластин давлатининг ташкил этилиши Яқин Шарқда стратегик барқарорлик ва тинчликни таъминлашнинг энг асосий шарти экани қайд этилди.

    Мамлакатимиз етакчиси кўп миллионли туркий халқлар истиқомат қилаётган Афғонистондаги вазиятга тўхталар экан, ушбу масала бўйича ташкилот аъзоларининг умумий ва якдил ёндашувларини ишлаб чиқиш муҳимлигини алоҳида таъкидлади.

    – Ўзбекистон афғон халқига зарур ёрдам кўрсатишни бундан буён ҳам давом эттиради. Афғонистоннинг хориждаги “музлатилган” молиявий активларини қайтариш мамлакатдаги ижтимоий вазиятни юмшатишга хизмат қилишига ишонамиз, - деди Шавкат Мирзиёев.

    Саммит якунида Қорабоғ декларацияси ҳамда ҳамкорликнинг устувор йўналишлари бўйича қатор келишувлар қабул қилинди.

    No date selected
    июл, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates