Ўзбекистон Республикаси Президенти МДҲ саммитида иштирок этди

    Ҳукумат 13 октябр 2023 5503

    Амалий ташриф билан Бишкек шаҳрида бўлиб турган Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги Давлат раҳбарлари кенгашининг навбатдаги мажлисида иштирок этди.

    Қирғиз Республикаси Президенти Садир Жапаров раислигида ўтган саммит ишида Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиев, Беларусь Республикаси Президенти Александр Лукашенко, Қозоғистон Республикаси Президенти Қасим-Жомарт Тоқаев, Россия Федерацияси Президенти Владимир Путин, Тожикистон Республикаси Президенти Эмомали Раҳмон, Туркманистон Президенти Сердар Бердимуҳамедов ва МДҲ бош котиби Сергей Лебедев ҳам қатнашди.

    Кун тартибига мувофиқ, МДҲ доирасидаги кўп қиррали муносабатларнинг ҳолати ва истиқболлари юзасидан фикр алмашилди, амалий ҳамкорликнинг долзарб масалалари муҳокама қилинди.

    Давлатимиз раҳбари ўз нутқида Ҳамдўстлик доирасидаги ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада кенгайтириш бўйича қатор ташаббусларни илгари сурди.

    Ўзбекистон Президенти мавжуд имккониятларни биргаликда баҳолаш ва ўзаро мувофиқлаштирилган чоралар кўриш учун МДҲдек ноёб платформани ишга солиш муҳимлигини алоҳида қайд этди. Шу маънода, кўп томонлама ҳамкорликнинг янги узоқ муддатли кун тартибини ишлаб чиқиш мақсадида МДҲ мамлакатларининг етакчи таҳлил марказлари ва экспертларининг конференциясини ташкил этиш таклиф қилинди.

    Мамлакатимиз етакчиси Ҳамдўстлик мамлакатларида барқарор иқтисодий ўсишни таъминлаш зарурлигини таъкидлади.

    Ташкилот маконида истисно ва чекловларсиз тўлақонли эркин савдо ҳудудини шакллантириш муҳимлигига эътибор қаратилди. Шу муносабат билан тегишли шартнома қоидаларини қайта кўриб чиқиш таклиф этилди.

    Ўзбекистон Президенти мамлакатлар ўртасидаги товар айирбошлашда мавжуд механизмларни самарали ишга солишга чақирди ва уни рағбатлантиришнинг янги воситаларини таклиф қилди.

    Давлатимиз раҳбари ўзаро инвестицияларни рағбатлантириш ва лойиҳаларни илгари суриш бўйича қўшимча чора-тадбирлар мажмуини ишлаб чиқиш ҳамда МДҲ мамлакатларининг Саноат кооперацияси ва инновацион ишланмалари форумини ўтказиш ташаббусини илгари сурди.

    Энергетика ва озиқ-овқат соҳаларида ҳамкорлик қилиш, иқтисодиётнинг тегишли тармоқларида илғор технологияларни жорий этиш ва кооперацияни кучайтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

    Озиқ-овқат хавфсизлиги соҳасидаги ҳамкорлик бўйича янгиланган дастурни ҳамда Агросаноат мажмуидаги кооперациянинг асосий йўналишлари тўғрисидаги битимни тайёрлаш таклиф қилинди.

    Ўзбекистон етакчиси ҳудудлараро ҳамкорликни фаоллаштириш бўйича “йўл харитаси”ни тайёрлаш ташаббуси билан чиқди, транспорт жиҳатидан ўзаро боғлиқликни кучайтириш, йўловчи ва юк ташишни кўпайтириш юзасидан аниқ чора-тадбирларни кўрсатиб ўтди.

    Глобал иқлим исиши оқибатларига қарши курашишда саъй-ҳаракатларни бирлаштириш муҳимлиги қайд этилди. Келгуси йилда Самарқандда ўтказилиши режалаштирилган БМТ шафелигидаги Халқаро иқлим форуми доирасида МДҲ маконидаги экологик хавф-хатарларга бағишланган махсус ялпи сессияни ташкил этишга тайёрлик билдирилди.

    Гуманитар соҳа ҳақида сўз юритилар экан, 2024 йилда Ҳамдўстликнинг маданий пойтахти деб эълон қилинган Самарқанд шаҳрида МДҲ маданият, санъат ва кино ҳафталигини ўтказиш таклиф қилинди.

    Шунингдек, келгуси йилда МДҲнинг ёшлар пойтахти мақомини олган Тошкент шаҳрида бир қатор ёшларга оид тадбирлар, шу жумладан футбол мусобақаси бўлиб ўтади.

    Мамлакатимиз етакчиси ўз сўзида таълим соҳасида ва сайёҳлик алмашинувини ривожлантириш борасида ҳам муҳим ташаббусларни илгари сурди.

    Нутқининг сўнгида Ўзбекистон Президенти Россия Федерацияси Президентини 2024 йилда Ташкилотга раисликни қабул қилиб олгани билан табриклади.

    Саммит якунида МДҲ доирасидаги ҳамкорликнинг устувор йўналишлари бўйича қатор битим ва қарорлар қабул қилинди.

    No date selected
    декабр, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates