Ўзбекистон Республикаси қурилиш тармоғини модернизация қилиш, жадал ва инновацион ривожлантиришнинг 2021–2025 йилларга мўлжалланган стратегиясини тасдиқлаш тўғрисида

    Ҳужжатлар 27 ноябр 2020 12058

    Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармони

    Қурилиш тармоғини янада такомиллаштириш, архитектура ҳамда қурилиш органлари ва муассасаларини изчил ривожлантириш механизмларини шакллантириш, давлат бошқаруви тизимининг самарадорлигини таъминлаш, соҳага рақамли технологияларни илғор жорий этиш мақсадида:

    1. Қуйидагилар Ўзбекистон Республикаси қурилиш тармоғини модернизация қилиш, жадал ва инновацион ривожлантиришнинг асосий йўналишлари этиб белгилансин:

    ҳудудларни шаҳарсозлик жиҳатидан ривожлантириш ва ушбу жараёнда жамоатчиликнинг самарали иштирокини таъминлаш;

    шаҳарсозлик фаолиятининг сифати ва хавфсизлигини ошириш;

    шаҳарсозлик фаолияти соҳасидаги маъмурий тартиб-таомилларнинг самарадорлиги, рационаллиги ва шаффофлигини таъминлаш, шунингдек, қурилиш тармоғи ташкилотлари фаолиятининг самарадорлигини ошириш;

    шаҳарсозлик фаолиятини рақамлаштириш, тармоққа замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш;

    шаҳарсозлик фаолияти соҳасида кадрларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш тизимини такомиллаштириш, илмий салоҳиятни ривожлантириш.

    2. Қуйидагилар:

    Ўзбекистон Республикаси қурилиш тармоғини модернизация қилиш, жадал ва инновацион ривожлантиришнинг 2021–2025 йилларга мўлжалланган стратегияси (кейинги ўринларда – Стратегия) 1-иловага мувофиқ;

    Ўзбекистон Республикаси қурилиш тармоғини модернизация қилиш, жадал ва инновацион ривожлантириш стратегиясини 2021–2025 йилларда амалга ошириш бўйича “Йўл харитаси” 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

    3. Қуйидагиларни назарда тутувчи Ўзбекистон Республикаси қурилиш тармоғини модернизация қилиш, жадал ва инновацион ривожлантиришнинг 2021–2025 йилларга мўлжалланган стратегиясини амалга ошириш бўйича мақсадли кўрсаткичлар 3-иловага мувофиқ белгилансин:

    2025 йил охирига бориб “Бизнес юритиш” халқаро индексида (Doing Business Index) “қурилишга рухсатномалар олиш” (Dealing with Construction Permits) йўналиши бўйича Ўзбекистон Республикасининг позициясини жорий 61,7 баллдан 78,2 баллгача яхшилаш;

    Ўзбекистон Республикасининг геологик, табиий-иқлим, сейсмологик ва бошқа хусусиятларини инобатга олган ҳолда 2025 йилга бориб миллий шаҳарсозлик нормалари ва қоидаларини камида 50 фоиз даражасида халқаро норматив ва стандартлар билан уйғунлаштиришга эришиш;

    2025 йилга бориб шаҳарларнинг барчасини ва шаҳар посёлкаларининг 25 фоизини бош режалар билан қамраб олишга эришиш;

    2025 йилга бориб “Шаффоф қурилиш” миллий ахборот тизими доирасида қўшимча тўртта электрон платформа яратилишини, шунингдек, уларнинг идоралараро ахборот тизимлари ва маълумотлар базалари билан интеграция қилинишини таъминлаш;

    лойиҳа-смета ҳужжатларини ишлаб чиқишнинг “ҳажм” услубини жорий этиш улушини 2025 йилга бориб республикадаги қурилиш объектлари умумий сонининг 50 фоизигача етказиш;

    2025 йилга бориб архитектура ва қурилиш соҳасидаги олий таълим муассасаларидан бирининг халқаро тан олинган ташкилотлар рейтингларидаги Осиё мамлакатларининг энг яхши олий таълим муассасалари рўйхатига (ТОП–1000) кириши.

    4. Шундай тартиб ўрнатилсинки, унга мувофиқ 2021 йил 1 январдан бошлаб қурилиш устидан жамоат назоратини таъминлаш мақсадида:

    а) аҳоли пунктларининг бош режалари жамоат муҳокамаси натижаларини ҳисобга олган ҳолда тасдиқланади. Бунда аҳоли пунктлари бош режаларининг жамоат муҳокамаси қуйидаги тартибда амалга оширилади:

    I босқич – фуқароларни жамоат муҳокамасини ўтказиш муддатлари, жойи ва тартиби билан таништириш;

    II босқич – аҳоли пункти бош режасининг лойиҳаси бўйича жамоат муҳокамаларини (яшовчилар, ердан фойдаланувчилар ва кўчмас мулк объектлари мулкдорларининг муҳокамалари, ижтимоий сўровлари, фикрларини тўплаш ва бошқа усуллар) ўтказиш;

    III босқич – жамоат муҳокамасининг қайд этилган натижалари асосида жамоат фикрини таҳлил қилиш;

    IV босқич – жамоат муҳокамаси натижалари ҳақида оммавий ахборот воситалари, шу жумладан, интернет тармоғи орқали аҳолини хабардор қилиш;

    б) аҳоли пунктлари бош режаларининг юридик ва жисмоний шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари, жамият ва давлат манфаатларига мувофиқлиги юзасидан жамоат экспертизасини амалга ошириш имконияти жорий этилади;

    в) аҳоли пунктининг таклиф этилган бош режасидан норози бўлган жамоат назорати субъектларининг ташаббусига кўра аҳоли пунктининг муқобил бош режасини ишлаб чиқиш ёки унга ўзгартириш (тузатиш) киритиш механизми жорий этилади;

    г) аҳоли пунктлари бош режаларининг жамоат муҳокамасини ташкил этиш маҳаллий давлат ҳокимияти органлари зиммасига юкланади.

    5. Белгилансинки, 2021 йил 1 мартдан бошлаб:

    а) икки қаватдан юқори (цоколни ҳисобга олмаган ҳолда), баландлиги ер юзасидан 12 метрдан ва (ёки) умумий майдони 500 квадрат метрдан ортиқ бўлган бино ва иншоотларни, шу жумладан, якка тартибдаги уй-жойларни қуриш ҳамда реконструкция қилиш объектнинг лойиҳа ҳужжатлари мажбурий экспертизадан ўтказилган ҳамда объектнинг Қурилиш вазирлиги қошидаги қурилиш соҳасида ҳудудий назорат инспекциялари томонидан давлат қурилиш назорати ўрнатилган ҳолда амалга оширилади;

    б) қуйидагилар:

    уй қурувчилар – жисмоний ва юридик шахсларга, асосий фаолият тури сифатида қурилиш-монтаж ишларини амалга оширувчи ташкилотлар бундан мустасно, мустақил равишда (хўжалик усулида), қурилиш ташкилоти билан қурилиш пудрати шартномасини тузмасдан икки қаватдан юқори (цоколни ҳисобга олмаган ҳолда), баландлиги ер юзасидан 12 метрдан ва (ёки) умумий майдони 500 квадрат метрдан ортиқ бўлган бино ва иншоотларни қуриш ҳамда реконструкция қилиш;

    аҳоли пунктлари ҳудудларининг функционал зоналарида жойлашган, бундай турдаги қурилиш учун мўлжалланмаган ер участкаларида кўп қаватли кўп квартирали уйларни қуриш;

    лойиҳа ҳужжатларини экспертизадан ўтказмасдан мавжуд бино ва иншоотларнинг, шу жумладан, якка тартибдаги уй-жойларнинг қаватлари сонини кўпайтириш (устки қават қуриш);

    ўзгартирилган лойиҳа ҳужжатларини экспертизадан ўтказмасдан қурилаётган бино ва иншоотларнинг қаватлари сонини (лойиҳа ҳужжатларини ўзгартириш йўли билан) кўпайтириш тақиқланади;

    в) лойиҳа ҳужжатлари бўйича ижобий эксперт хулосаси эксперт ташкилоти томонидан “Шаффоф қурилиш” миллий ахборот тизимидаги “Эксперт хулосаларининг ягона реестри”га киритилган тақдирда ҳақиқий деб тан олинади, давлат сирини ташкил этувчи маълумотларни ўз ичига олган лойиҳа ҳужжатлари бўйича эксперт хулосалари бундан мустасно.

    6. Қурилиш вазирлигига техник тартибга солиш соҳасидаги миллий норматив ҳужжатлар, давлат стандартларини ишлаб чиқиш ва қайта ишлаш, шунингдек, шаҳарсозлик фаолияти соҳасидаги хорижий норматив ҳужжатларни мослаштириш бўйича ишлар (товарлар, хизматлар)нинг давлат харидларини, кейинчалик улар тўғрисидаги ахборотни шартнома тузилган санадан эътиборан уч кундан кечиктирмай давлат харидлари махсус ахборот порталида жойлаштирган ҳолда, тўғридан-тўғри шартномалар бўйича амалга оширишга рухсат берилсин.

    7. Қурилиш вазирлиги (Б.И.Закиров) манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда:

    икки ой муддатда якка тартибдаги уй-жой қурилиши соҳасидаги сейсмик ва ёнғин хавфсизлигини таъминлашга алоҳида эътиборни қаратган ҳолда, ушбу соҳада ҳуқуқий тартибга солиш механизмларини такомиллаштиришни назарда тутувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси Вазирлар Маҳкамасига киритилишини;

    2020 йил 1 декабргача Қурилиш соҳасида электрон давлат харидларини ўтказиш тартиби тўғрисидаги вақтинча низом лойиҳаси Вазирлар Маҳкамасига тасдиқлаш учун киритилишини;

    2021 йил 1 июнгача бирламчи рухсат бериш ҳужжатлари, лойиҳа-смета ҳужжатларини ишлаб чиқиш, уларни экспертизадан ўтказишдан тортиб объектларни фойдаланишга топширишгача бўлган барча қурилиш жараёнларини назарда тутувчи Ягона маъмурий қурилиш регламенти ишлаб чиқилишини;

    2021 йил 1 июнгача илғор халқаро тажрибани ўрганиш асосида лойиҳа-қидирув ва қурилиш фаолиятига суғурталаш тамойилларини босқичма-босқич жорий этиш бўйича таклифлар Вазирлар Маҳкамасига киритилишини;

    2021 йил 1 августгача Қурилиш вазирлигининг коррупцияга қарши курашиш комплаенс тизимининг жорий этилишини, 2022 йил 1 январгача эса ISO 37001 халқаро стандартига (Коррупцияга қарши курашиш менежменти тизими) мувофиқлик сертификати олинишини;

    2021 йил 1 сентябргача фуқароларга қурилаётган объектлар тўғрисида мустақил равишда ахборот олиш, ноқонуний қурилишларни аниқлаш, қурилиш объектларида аниқланган қоидабузарликларни қайд этиш (фото ва видеоматериаллар кўринишида) ва уларни қурилиш соҳасидаги назорат бўйича ваколатли органларга юбориш имконини берувчи “Огоҳ фуқаро” электрон тизимининг яратилишини;

    2022 йил 1 мартгача Халқаро ижтимоий таъминот ассоциациясининг (ISSA) концепциясини жорий этишга асосланган “Қурилиш майдончаларида жароҳатланишга барҳам бериш” дастурининг ишлаб чиқилишини;

    2022 йил 1 июлгача шаҳар муҳити элементларининг мақсади, анъанавий архитектура ва маданияти, шунингдек, жойнинг табиий-иқлим шароитларини ҳисобга олган ҳолда ҳудудий “дизайн-код”нинг ишлаб чиқилиши ва жорий этилишини;

    2022 йилдан бошлаб, ҳар йили 1 декабргача жорий йил вазифаларининг ижро этилишини чуқур таҳлил қилган ҳолда келгуси йилда ушбу Стратегияни амалга ошириш бўйича чора-тадбирлар дастурини тасдиқлаш тўғрисидаги норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасининг ишлаб чиқилиши ҳамда Вазирлар Маҳкамасига киритилишини таъминласин.

    8. Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги (Н.Б.Хусанов) ҳамда Ташқи ишлар вазирлиги (А.Х.Камилов) манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда 2021 йил 1 июнгача муддатда Халқаро меҳнат ташкилотининг Қурилишда меҳнат хавфсизлиги ва гигиенаси тўғрисидаги 167-сон Конвенциясига Ўзбекистон Республикасининг қўшилиши мақсадга мувофиқлигини ўрганиб чиқсин ва ўрганиш натижаларига кўра Вазирлар Маҳкамасига асосланган таклифлар киритсин.

    9. Молия вазирлиги (Т.А.Ишметов), Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги (И.И.Норқулов) ҳар йили Давлат бюджети параметрларини шакллантиришда Стратегияни амалга оширишга доир “Йўл харитаси”да кўрсатилган чора-тадбирларни амалга оширишда йўналишлар бўйича зарур маблағлар ажратилишини назарда тутсин.

    10. Тошкент шаҳри Қурилиш бош бошқармаси ва Тошкент шаҳри туманлари қурилиш бўлимлари Қурилиш вазирлиги бўйсунувига берилсин.

    Қурилиш вазирлиги (Б.И.Закиров) икки ой муддатда Тошкент шаҳри Қурилиш бош бошқармаси ва Тошкент шаҳри туманлари қурилиш бўлимларининг вазифалари, функциялари ва ташкилий тузилмаларини қайта кўриб чиқсин ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясига таклифлар киритсин.

    11. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарига:

    Стратегия ўз вақтида ва самарали ижро этилиши устидан парламент назоратини ўрнатиш;

    вазирлик ва идоралар, шунингдек, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимларининг Стратегияни амалга ошириш доирасида қилинган ишлар тўғрисидаги ҳисоботларини ҳар чоракда Сенат ва Қонунчилик палатаси мажлисларида эшитиб бориш тавсия этилсин.

    12. Ўзбекистон Республикаси Президентининг айрим ҳужжатларига 4-иловага мувофиқ ўзгартиришлар киритилсин.

    13. Қурилиш вазирлиги (Б.И.Закиров) бошқа манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда ушбу Фармондан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.

    14. Мазкур Фармоннинг ижросини самарали ташкил этиш мақсадида Бош вазир ўринбосарлари (А.Ж.Раматов, Ж.А.Қўчқоров, С.У.Умурзаков):

    мутасадди вазирлик ва идораларнинг ушбу Фармонда назарда тутилган кўрсаткичларга тўлиқ ва ўз вақтида эришилишини таъминлаш бўйича биринчи навбатдаги вазифаларини белгиласин ҳамда уларнинг фаолиятини мувофиқлаштирсин;

    зарур маблағларнинг ўз вақтида ажратилиши, манзилли сарфланиши ва тўлиқ ўзлаштирилишини таъминласин;

    ҳар ойда масъул шахсларнинг қилинган ишлар тўғрисидаги ҳисоботларини эшитиб борсин;

    зиммасига юкланган вазифаларнинг тўлиқ ва ўз вақтида бажарилишини таъминламаган мансабдор шахсларга нисбатан эгаллаб турган лавозимидан озод қилишгача бўлган таъсир чораларини қўллаш тўғрисида таклифлар киритиб борсин;

    Қурилиш вазири Б.И.Закиров:

    икки ҳафта муддатда қурилиш тармоғини ривожлантиришнинг белгилаб қўйилган устувор йўналишлари бўйича идоралараро ишчи гуруҳларини тузсин;

    ушбу Фармонда назарда тутилган кўрсаткичларга эришиш жараёнида вужудга келадиган жорий муаммоларни жойида тезкор ҳал этиш чораларини кўрсин.

    15. Мазкур Фармоннинг ижросини ҳар чоракда муҳокама қилиш, ижро учун масъул органлар фаолиятини мувофиқлаштириш ва назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари А.Ж.Раматов ва қурилиш вазири Б.И.Закиров зиммасига юклансин.

    Ўзбекистон Республикаси Президентига ҳар чорак якуни бўйича амалга оширилаётган чора-тадбирларнинг натижадорлиги тўғрисида ахборот тақдим этилсин.

    Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.МИРЗИЁЕВ

    Тошкент шаҳри,
    2020 йил 27 ноябрь

    No date selected
    декабр, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates