Ўзбекистон суғурта бозори қандай ривожланмоқда?

    Суғурта иқтисодиёт барқарорлиги ҳамда аҳоли ижтимоий ҳимоясининг муҳим шартидир. Иқтисодиётни диверсификация қилиш ва барқарорлигини таъминлашда унинг аҳамияти юқори. Ўзбекистонда ҳам суғурта соҳасига алоҳида эътибор қаратилмоқда.

    Бугунги кунга келиб, бу борада кўрсатилаётган хизматлар кўлами сезиларли даражада ривожланди. Соҳада ўзгаришлар, олдинга силжишлар кузатиляпти. Қабул қилинган ҳужжатларда белгиланган вазифалар ижроси соҳа равнақига хизмат қилмоқда.

    Мамлакатимиздаги йирик суғурта ташкилотларидан бири — “Ўзагросуғурта” акциядорлик жамияти бошқаруви раиси Шуҳрат РАСУЛОВ билан ушбу йўналишда амалга оширилаётган ишлар, тизимдаги янгилик ва ўзгаришлар хусусида суҳбатлашдик. Ўзимизни қизиқтирган саволларга жавоб олдик.

    — Шуҳрат Ғайратович, аввало, суғурта хизматларининг жамият тараққиётидаги аҳамияти, мамлакатимизда суғурта хизматлари нечоғлиқ ривожланаётгани ва бунинг омиллари ҳақида фикрингизни билмоқчи эдик.

    — Ўзбекистонда биз ҳозир фойдаланаётган суғурта кўриниши бошқа молия хизматларига нисбатан янги соҳа. Суғуртанинг жамиятдаги ўрни у таъсир қиладиган соҳалар билан белгиланади. Мазкур хизмат ривожланиш тарихи давомида кутилмаган молиявий йўқотишлардан ҳимоя воситаси сифатида шаклланди, ўзгарди ва ҳозирда суғурта инсон ҳаёти ва фаолиятининг барча жабҳаларига жадал кириб бормоқда.

    Суғурта шартномаси ёки суғурта компанияси бирор-бир хавф-хатар ёки таваккалчиликнинг олдини олмайди, балки муайян хавфлар юзага келган тақдирда кутиладиган зарар билан боғлиқ харажатларни камайтиришга ёрдам беради. Бу шахснинг ҳаёти, соғлиғи ва мол-мулкига ёки йирик корхоналарга етказилган зарар ҳам бўлиши мумкин.

    Суғуртанинг муҳим функцияларидан яна бири бу маблағларни қайта тақсимлашдир. Яъни суғурта хизмати кўрсатиш орқали маблағлар жамланади ва иқтисодиётнинг бошқа тармоқларига инвестиция орқали қайта тақсимланади.

    Умумий қилиб айтганда, суғурта давлат иқтисодиётида муҳим ўрин тутади. Бу ҳам аҳолини, ҳам бизнесни молиявий йўқотишлардан ҳимоя қилишга мўлжалланган молиявий институтлардан биридир. Бинобарин, суғурта орқали фуқаролар молиявий ва ижтимоий ҳимоя қилинади. Молиявий барқарорлик сақланади — суғурта тўловларини ўз вақтида амалга ошириш бизнесни эҳтимолий зарар ёки банкротликдан олиб чиқишга ёрдам беради. Суғурта ташкилотларининг бўш маблағлари эвазига корхоналарга сармоя киритилади — тадбиркорлик фаолияти рағбатлантирилади. Фуқароларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш ва бизнесга кўмаклашиш бюджет маблағларидан эмас, балки шакллантирилган суғурта захиралари ҳисобидан амалга оширилиши мумкин. Бу эса давлат (бюджет) харажатларининг бир қисмини камайтиришга ёрдам беради.

    Бугунги кунда мамлакатимизда суғурта хизматларининг ялпи ички маҳсулот (ЯИМ)даги улуши ривожланган давлатлардаги кўрсаткичга нисбатан камроқ. Буюк Британия, Франция, Нидерландия каби давлатларда бу кўрсаткич анча юқори, ҳатто 10 фоиздан ҳам ошади. Масалан, АҚШда 3000 га яқин суғурта турлари бўйича хизмат кўрсатилади. Ўзбекистонда эса ушбу кўрсаткич ўртача 150 тани ташкил этади. Қисқаси, ҳали Ўзбекистонда суғурта хизматлари билан қамраб олинмаган жуда кенг майдон мавжуд.

    Ўзбекистон суғурта бозори аниқ механизмларга асосланган изчил сиёсат натижасида қадам-бақадам ривожланмоқда. Сўнгги беш йил статистикасига эътибор берадиган бўлсак, суғурта мукофотлари ҳажми деярли 6 баробар ўсган, бу кўрсаткич бошқа молиявий соҳалар ривожланиш кўрсаткичидан анча юқори.

    Бироқ соҳа олдида ўз ечимини кутаётган бир қанча масалалар ҳам бор. Бошқа суғурта компаниялари билан ҳамжиҳатликдаги ҳаракат орқали суғурта бозорининг ривожланишига эришиш мумкин. Яъни бу ерда суғурта хизматлари қамрови ва сифатини, кадрлар малакасини ошириш, хизматларни рақамлаштириш устида ишлаш керак. Иккинчи томондан, мижозларнинг келажакда суғурта хизматларидан малакали фойдаланиши ва тўғри танловни амалга ошириши учун аҳоли ўртасида суғурта маданиятини янада кенг тарғиб қилишни фаоллаштириш лозим.

    Шу ўринда айтиш жоизки, жамиятимиз томонидан ходимларнинг малакасини ошириш масаласига доимий эътибор қаратиб келинмоқда. Олий таълим муассасалари билан имзоланган меморандумлар асосида тизимимизда фаолият юритаётган мутахассислар қисқа муддатли ўқув курсларида ўқитиляпти. Хусусан, Тошкент давлат иқтисодиёт университетида 14 нафар, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси ўқув курсларида икки босқичда жами 31 нафар ходим ўз соҳаси бўйича малака ошириш курсларида қатнашди.

    2023 йилда жаҳон суғурта бозоридаги янгиликлардан хабардор бўлиш, кўп йиллик тажрибага эга компаниялар иш тажрибасини ўргатиш мақсадида 30 нафардан ортиқ ходимимиз cуғурта маҳсулотларини сотишни бошқариш йўналишида Чехиянинг ­Прага шаҳрида, яна бир неча ходим эса қишлоқ хўжалигини суғурталаш йўналишида Озарбайжоннинг Боку шаҳрида малака ва касбий тажрибасини ошириб қайтди.

    — Кўпчилик “Ўзагросуғурта” АЖнинг номидан қишлоқ хўжалигига хизмат кўрсатишга ихтисослашганини англайди. Деҳқон ва фермерларнинг, умуман, аграр соҳа фаолиятини суғурталаш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида ҳам тўхталиб ўтсангиз.

    — Қишлоқ хўжалиги суғуртаси мажбурий суғурта тури эмас. Юртимиздаги умумий суғурта соҳасида лицензияга эга ҳар қандай суғурта ташкилоти ушбу суғурта турини амалга ошириши мумкин.

    Айни пайтда компаниямизда қишлоқ хўжалиги билан боғлиқ 30 га яқин суғурта хизматлари мавжуд ва ушбу йўналишда ўзига хос тажриба бор. Ўтган йиллар мобайнида компания томонидан бир неча юз миллиард сўмлик суғурта қопламалари тўлаб берилди. Ҳудудларда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирувчилар билан турли учрашув ва тадбирлар ўтказилаётгани, доимий равишда компания фаолияти шаффоф тарзда очиқлаб борилаётгани иш самарадорлигини оширмоқда.

    Аграр соҳани суғурталашга оид халқаро лойиҳаларнинг ҳаётга татбиқ этилишида ҳам компаниямиз ўз ташаббуслари билан фаол иштирок этмоқда. Хусусан, InsuResilience Solutions Fund (ISF) халқаро жамғармаси Ўзбекистонда боғдорчилик ва сабзавот маҳсулотлари етиштиришда иқлим билан боғлиқ хавф-хатарлардан ҳимоя қилиш бўйича суғурта маҳсулотларини яратиш ва жорий этишни молиялаштириши режалаштирилган. БМТ Тараққиёт дастурининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси ёрдамида Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳамда Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ушбу лойиҳанинг амалга оширилишида яқиндан ҳамкорлик қилади. Боғларни иқлим ўзгариши билан боғлиқ хавф-хатар ва табиий офат оқибатларидан ҳимоя қилиш мақсадида Суғуртани ривожлантириш форумининг (IDF) икки аъзоси ҳисобланган дунёдаги етакчи Europa Re ва Swiss Re қайта суғурта компаниялари мамлакатимиздаги иккита маҳаллий суғурта компанияларидан бири — “Ўзагросуғурта” AЖ билан фермер хўжаликлари учун қишлоқ хўжалиги суғуртаси маҳсулотини ишлаб чиқиш ҳаракатида. Ушбу лойиҳа дастлабки босқичда Фарғона водийси вилоятлари ҳамда Самарқанд вилояти ҳудудларида татбиқ этилиши режалаштирилмоқда.

    Муҳими, сўнгги вақтларда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирувчиларни давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг ҳуқуқий асослари мустаҳкамланяпти. Бунга мисол сифатида Президентимизнинг 2022 йил 6 октябрдаги “Қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштиришни молиявий қўллаб-қувватлашнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига кўра, давлат бюджетидан аграр соҳа вакиллари, яъни қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирувчиларга ҳосилни суғурта қилиш харажатларининг 50 фоизи субсидия тарзида қоплаб берилиши белгиланганини келтириш кифоя.

    — Мамлакатимизда ташкилот ва идоралар фаолиятини рақамлаштириш масаласига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу борада амалга оширилаётган ишлар ҳақида ҳам гапириб ўтсангиз. Зеро, бу давр талаб этаётган жараён.

    — Тўғри таъкидладингиз, рақамлаштириш — давр талаби. Бугун замонавий технологияларсиз, фаолиятни рақамлаштиришсиз ривожланишни тасаввур қилиб бўлмайди. Ўтган йил декабрь ойида Президентимиз раислигида IT инфратузилмасини яхшилаш, соҳа ва тармоқларни рақамлаштириш бўйича устувор вазифалар юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида ҳам шиддат билан ўзгариб бораётган бугунги шароитда ҳеч бир соҳани рақамли технологияларсиз тасаввур қилиб бўлмаслигини, бюджетдан катта маблағ олувчи идораларда рақамлаштириш ҳаёт-мамот масаласи бўлиши зарурлиги таъкидланди.

    Дарҳақиқат, мамлакатимизда ушбу йўналишни ривожлантириш борасида қатор дастурлар қабул қилиниб, уларнинг ижросини таъминлаш бўйича зарур чора-тадбирлар амалга ошириб келинмоқда. Бу жараён “Ўзагросуғурта” АЖни ҳам четлаб ўтмаяпти, албатта.

    Бугун компаниямизда мижозлар базасини шакллантириш, молиявий ҳисоботларни юритиш ва ҳужжатлар айланиши жараёни тўлиқ рақамлаштирилган. Яқинда энг сўнгги дастурий таъминот асосида янгиланган “Uzagros online” электрон тизими ишга туширилди. Натижада компаниянинг бир нечта дастурий таъминоти бир жойга жамланди. Мижозлар базасини таҳлил қилиш, маълумотларни узатиш, онлайн суғурта шартномалари тузиш имконияти кенгайтирилди.

    Мижозларга қулайлик яратиш учун, аввало, суғурта хизматларини харид қилиш ва суғурта даъволарини кўриб чиқиш жараёни ҳам рақамлаштирилмоқда. Бу аҳолининг компанияга бўлган ишончини мустаҳкамлашда энг асосий омил ҳисобланади.

    Албатта, тизимни рақамлаштириш хизматлар таннархининг камайишига, ортиқча қоғозбозликдан воз кечишга, даъволарни кўриб чиқиш жараёнини тезлаштириш ҳамда энг асосийси, мижозлар ишончи ортишига олиб келмоқда. Яна бир эътиборли жиҳат, республикамизда биринчилардан бўлиб онлайн суғурта хизматлари сонини кенгайтирган ҳам “Ўзагросуғурта” АЖ ҳисобланади. 2023 йилда компания расмий веб-сайти орқали онлайн шаклда харид қилиш мумкин бўлган суғурта хизматлари 26 тага етказилди. 2024 йилда онлайн шаклдаги суғурта хизматлари сонини қарийб 90 тага етказиш режалаштирилган.

    Умуман, жисмоний ва юридик шахсларга кўрсатиладиган барча оммавий суғурта хизматларини электрон шаклга ўтказиш мақсад қилинган. Маълумот ўрнида айтиш жоизки, жамиятимиз бугунги кунда республика бўйлаб 14 филиали ҳамда жами 187 суғурта маркази орқали аҳолига 140 дан ортиқ суғурта хизматлари таклиф этиб келмоқда. Бинобарин, компаниямиз юртимизда энг кўп ҳудудий тармоқлар ва мижозларга эга суғурта ташкилотларидан саналади.

    Бундан ташқари, компания томонидан кўрсатилаётган хизматлар кўлами ҳақида мижозларни хабардор қилиш мақсадида доимий равишда ҳудудларда тадбирлар ўтказилмоқда, таълим даргоҳлари билан ҳамкорликда лойиҳалар амалга оширилмоқда.

    Шу билан бирга, компаниянинг белгиланган стратегияси доирасида мижозлар ва респондентлар ўртасида сўровномалар ўтказилди, суғурта шартлари мижоз ҳамда замон талабига мослаштирилди. Ҳудудий бўлинмалардаги шароитлар яхшиланди. Инновация ва маркетинг ишлари янги даражага олиб чиқилди. Жамиятнинг ҳар бир мижозига алоҳида эътибор бериш учун “B2B” ва “B2P” тамойили асосида ишлар ташкил қилинди.

    Компаниямиз хизмат сифатини ошириш, мижозлар ишончини қозонишга алоҳида эътибор қаратмоқда. Шундай саъй-ҳаракатлармиз натижаси халқаро рейтинг агентликлари томонидан муносиб баҳолаб борилмоқда. 2019 йилдан эътиборан, компаниямиз фаолиятига дунёнинг етакчи рейтинг агентлиги ҳисобланадиган “Fitch Ratings Cis Ltd” халқаро рейтинг агентлиги томонидан “BB-” барқарор рейтинги бериб келинмоқда. Жумладан, 2023 йил июль ойида мазкур халқаро рейтинг яна бир бор қайта тасдиқланди. Бу натижа халқаро инвесторлар ва маҳаллий аҳолининг суғурта хизматига ишончини янада мустаҳкамлаш учун муҳим индикатор ҳисобланиб, жамиятнинг халқаро қайта суғурта бозорига чиқиш имкониятини жадаллаштирмоқда.

    Бундан ташқари, “United Registrar of Systems” халқаро сертификатлаштириш уюшмаси томонидан “Ўзагросуғурта” АЖ бошқаруви ҳамда Тошкент шаҳар филиалига сифат менежменти тизими сертификати топширилди. Бу билан жамият фаолияти ISO 9001:2015 халқаро стандарти талабларига мувофиқлиги тасдиқланди. Ушбу ҳужжат халқаро майдонда жамият ҳамда унинг филиали томонидан юридик ва жисмоний шахсларга юқори сифатли суғурта хизмати кўрсатиб келинаётгани тан олинганини белгилайди.

    Пировардида 2023 йил мобайнида таъминланган суғурта мукофотлари 391,4 миллиард сўмни ташкил этди. Расмийлаштирилган суғурта шартномалари бўйича олинган мажбурият ҳажми эса 174,2 триллион сўмга етди. Бу борада ҳам ўтган йилга нисбатан 146,3 фоизга юқорилаш кузатилмоқда. Шу давр мобайнида мижозлар билан жами 675 минг 74 дона суғурта шартномаси тузилиб, уларнинг қарийб 90,9 фоизи ёки 613 минг 419 таси одамларнинг соғлиғи ва мол-мулки учун кўрсатилган суғурта хизматларини ташкил этади.

    Олинган мажбуриятлар доирасида мижозларимиз манфаатини ҳимоя қилиш мақсадида 49,2 миллиард сўмлик суғурта товонлари тўлаб берилди. Бу ўтган йилнинг мос даврига нисбатан ўсиш 113,6 фоизни ёки қарийб 5,9 миллиард сўмни ташкил қилади, демакдир.

    — Суғурта хизматлари оммалашиши учун, яъни одамлар суғурта ташкилотларини яқин кўмакчи сифатида кўриши учун нималар қилиш керак, деб ўйлайсиз?

    — Жамият томонидан суғурта хизматларини оммалаштириш мақсадида талаб ва эҳтиёждан келиб чиқиб, суғурта турлари ишлаб чиқилмоқда, республика ва маҳаллий теле-радио каналларда, газета-журналларда, интернет ижтимоий тармоқларида компания хизматларига оид роликлар тақдим этиб келинмоқда.

    Бундан ташқари, мижозларнинг компания хизматларидан фойдаланишини рағбатлантириш, жумладан, онлайн суғуртани ривожлантириш мақсадида сўнгги икки йилдан буён оммавий ютуқли акциялар ташкил этилиб, қимматбаҳо совғалар ўйналмоқда.

    Биз мижозларга суғурта компаниясини танлашда адашмасликни, бунинг учун, аввало, компания тарихи билан қизиқиш, унинг очиқ манбалардаги молиявий ҳисоботлари билан танишиш, муқим хизмат жойига эга эканини билиш ва энг асосийси, суғурта шартларига диққат билан эътибор беришини сўраб қоламиз.

    Яна шуни қўшимча қилиб ўтмоқчиманки, сиз қайси суғурта компанияси мижози бўлишингиздан қатъи назар, “Ўзагросуғурта” АЖ ходимлари соҳага оид мутлақо бепул маслаҳатлар беради.

    “Янги Ўзбекистон” мухбири

    Дилшод УЛУҒМУРОДОВ

    суҳбатлашди.

    No date selected
    ноябр, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates