11 декабрь куни Ўзбекистон Миллий кутубхонаси “Маърифат маркази”нинг анжуманлар залида покистонлик ёзувчи ва журналист Муҳаммад Аббос Хоннинг “Ўзбекистон: Учинчи Ренессанс — тараққиёт концепти” номли китоби тақдимоти бўлиб ўтди.
Тадбирда Покистон Президентининг Ахборот масалалари бўйича маслаҳатчиси, матбуот котиби М.Соланги, Бош вазирининг савдо масалалари бўйича координатори Р.Иҳсан, Покистон телерадиокомпаниясининг Янгиликлар бўлими катта муҳаррири, сиёсий таҳлилчиси Х.Фархана ва бошқа юқори мартабали шахслар, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси, вазирликлар, идоралар, мамлакатимизда фаолият кўрсатиб келаётган дипломатик корпус ҳамда нодавлат нотижорат ташкилотлари, оммавий ахборот воситалари ходимлари, ижодкорлар иштирок этди.
Сўзга чиққанлар асарнинг амалдаги ислоҳотларга уйғунлиги, мамлакатда кечаётган ижобий эврилишлар, Ўзбекистон ва Покистон ўртасидаги муштарак ғоя ҳамда бирдамлик руҳини алоҳида таъкидлади.
Урду тилида ёзилган ушбу асар Президентимиз Шавкат Мирзиёев илгари сурган Учинчи Ренессанс ғоясининг мазмун-моҳиятини бадиий-публицистик руҳда очиб беради.
Муаллиф концепциянинг маърифат, тинчлик, мулоқот ва инсониятни ҳамкорликка чорловчи юксак қадриятларга таянган ҳолда қандай глобал ўзгаришлар фалсафасини ифодалашини чуқур ёритади. Китоб бадиий-публицистика жанрида ёзилган.
Ҳозирда “Ўзбекистон: Учинчи Ренессанс — тараққиёт концепти” китоби ўзбек тилида ҳам нашр этилди.
Китоб “Янги давр тасодифан шаклланмайди. У, аввало, шууримизда уйғониб, ҳаётимизда намоён бўлади”, деган фикрлар билан бошланади.
Китобга Покистон Бош вазири Муҳаммад Шаҳбоз Шариф ҳам сўзбоши ёзиб, унда асарнинг башарият тамаддуни истиқболини англашдаги илмий-мушоҳадавий аҳамиятини алоҳида таъкидлаган.
Қайд этиш лозимки, Президент Шавкат Мирзиёевнинг “Хайрли иш яхши ниятдан бошланади”, деган сўзлари муаллиф томонидан “Чин маънодаги ўзгаришлар инсоннинг эзгулик ва адолатга хизмат қилиш истагидан бошланади”, деб талқин этилган ҳамда китобнинг фалсафий асосини ташкил этган.
Покистонлик сиёсатчи ва илмий экспертларнинг фикрича, ёзувчи Муҳаммад Аббос Хоннинг ушбу асари ва унда кўтарилган фикр ҳамда талқинлар нафақат Покистонда, балки Европа ва бошқа мамлакатларда ҳам юқори баҳоланмоқда.
Ҳаким Тоҳир олган суратлар















