Музокара давомида Ўзбекистон ва Венгрия ҳамкорлигининг муҳим йўналишлари кўриб чиқилди. Сиёсий мулоқотни фаоллаштириш, парламентлараро муносабатларни ривожлантириш, савдо-иқтисодий алоқаларни, ижтимоий соҳадаги алмашинувни янада кенгайтириш имкониятлари муҳокама этилди.
Томонлар иқтисодиётнинг турли йўналишлари, жумладан автомобилсозлик, фармацевтика, қурилиш, қишлоқ хўжалиги ва туризм соҳаларида қўшма лойиҳаларни амалга ошириш орқали иқтисодий дипломатияни ривожлантириш муҳимлигини қайд этдилар.
Шунингдек, таълим, илм-фан ва инновациялар соҳасидаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш, икки мамлакат етакчи олий ўқув юртлари иштирокида қўшма таълим дастурларини жорий этиш масалаларига эътибор қаратилди.
Суҳбат чоғида парламентлараро алоқаларни ривожлантириш, уларни янги мазмун билан бойитиш, қонун ижодкорлиги соҳасида тажриба алмашиш масалалари томонларнинг диққат марказида бўлди.
Муносабатларни мустаҳкамлашнинг амалий механизми сифатида парламентлараро дўстлик гуруҳлари ишини фаоллаштиришга келишиб олинди, деб хабар беради Олий Мажлис Сенати матбуот хизмати.