Ўзбекистон технологик металлар комбинати (ЎзТМК) жаҳон миқёсида юксак эътирофга сазовор бўлиб, вольфрам саноатидаги энг нуфузли ташкилот – Халқаро Вольфрам Саноати Ассоциацияси (ITIA)нинг тўлақонли аъзосига айланди.
Ўзбекистоннинг ITIA аъзолигига қабул қилиниши – бу мамлакатнинг вольфрам саноатидаги салоҳияти халқаро миқёсда тан олинганининг исботидир. ЎзТМК ушбу ташкилотга аъзо бўлган ҳолда жаҳон вольфрам саноатининг барқарор иштирокчисига айланди. Халқаро вольфрам саноати ассоциациясининг аъзоси бўлиш ЎзТМК учун бозор маълумотлари ва таҳлилларидан фойдаланиш, статистик маълумотлар олиш, йиллик йирик хорижий тадбирларда иштирок этиш имкониятини беради.
Ассоциациянинг асосий мақсади – вольфрамнинг глобал ишлаб чиқарилиши, қайта ишланиши ва истеъмол бозорларини таҳлил қилиш, соҳани рақамли ва аналитик жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, илмий ёндашувлар ва барқарор ечимларни илгари суришдир. ITIA бугунги кунда Япония, Германия, Австрия каби технологик етакчи давлатларнинг йирик компания ва илмий марказларини ўз атрофига бирлаштирган.