Ўзбекистонда Финляндия таълим тизимига асосланган халқаро университет очилди

    Кеча, 8 сентябрь куни Тошкент шаҳрида Финляндиянинг таълим соҳасидаги илғор ютуқларига асосланган Халқаро Нордик университети (“Nordic International University”) нодавлат таълим ташкилотининг расмий очилиш маросими бўлиб ўтди.

    Тадбирда Финляндия Республикаси делегацияси, олий таълим муассасалари ректорлари, таълим тизими ва кенг жамоатчилик вакиллари ва ОАВ ходимлари иштирок этди.

    Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбари ўринбосари – Президент матбуот котиби Шерзод Асадов, Финляндиянинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Илкка Ряйсянен, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси раҳбари Улуғбек Тошкенбоев, Финляндия Миллий таълим агентлиги директори Саму Сейтсало ва бошқалар мамлакатларимиз ўртасида таълим соҳасида ҳамкорлик алоқалари самарали йўлга қўйилганини таъкидлади.

    Университет Шимолий Европа мамлакатларининг нуфузли олий таълим муассасаларида йўлга қўйилган илғор тажрибалар, инновацион таълим моделлари, ўқув режа ва дастурлари асосида иқтисодиётнинг реал сектор эҳтиёжларини ҳисобга олган ҳолда юқори малакали мутахассисларни тайёрлашга катта ҳисса қўшишига ишонч билдирилди.

    Ўзбекистон Республикаси Президентининг мамлакатимизда таълим-тарбия тизимини ривожлантиришда Финляндия таълим тизимини ўрганиш ва жорий этиш бўйича белгилаб берган вазифалари ижросини таъминлаш мақсадида ушбу мамлакат таълим ташкилотлари билан ҳамкорликда бир қатор ишлар амалга оширилмоқда.

    Хусусан, Ўзбекистон делегацияси 2021 йил ноябрь ойида Финляндияга ташриф буюрган эди. Ташриф давомида мамлакатимиздаги давлат ва нодавлат олий таълим ташкилотлари билан Финляндиянинг етакчи университетлари ўртасида ўзаро академик мобилликни кучайтириш ва ҳамкорликни йўлга қўйиш бўйича келишиб олинди.

    2022 йил 27 май куни Тошкент шаҳрида Ўзбекистон – Финляндия ташқи ишлар вазирларининг сиёсий маслаҳатлар бўйича ўнинчи йиғилишида Шимолий Европа мамлакатларининг таълим соҳасидаги илғор ютуқларига асосланган ушбу замонавий хусусий олий таълим ташкилотини ташкил этиш бўйича келишувга эришилди.

    Ушбу олийгоҳ Тошкент шаҳрида Финляндиянинг Карелия амалий фанлар университети (УАС), Helsingin Suomalainen Yhteiskoulu (SYK) умумтаълим мактаби, "Nokia" трансмиллий корпорацияси, Finnish Water Forum ташкилоти ва ISKU компанияларининг бевосита қўллаб-қувватлашлари негизида Финляндиянинг таълим соҳасидаги илғор ютуқларига асосланган ҳолда Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш Давлат инспекциясининг лицензияси асосида фаолият бошлади.

    Университет республикада замонавий 8 та таълим йўналиши бўйича юқори малакали мутахассислар тайёрлаш, олий таълим – илм-фан – ишлаб чиқариш билан узвий интеграциясини жадаллаштиришни ўз олдига мақсад қилиб қўйган. Таълимнинг глобал тенденциялари, кадрларга бўлган талаблар ва ёшларнинг келажак умидларини таҳлил қилган ҳолда Иқтисодиёт, Молия, Бизнесни бошқариш, Саноатни бошқариш, Бошланғич таълим, Мактабгача таълим, Хорижий тил ва адабиёти: инглиз тили, Компьютер инжиниринги йўналишларида рақобатбардош кадрлар тайёрлайди. Яъни, бизнеснинг барча бўғинларида фаолият юритишни истаган, топ менежер, иқтисодчи-консултант, халқаро молиявий таҳлилчи, саноат тармоқларини бошқарувчи, IT бўйича комплекс масалаларни ечиш, хорижий тилларни ўрганиш ва таълим тизимида фаолият юритиш истагидаги ёшларга халқаро сифатли олий таълим олишларига кўмаклашади.

    Халқаро Нордик Университетининг асосий стратегик ҳамкорларидан бири – Финляндиянинг Карелия амалий фанлар университетидир. Таълим дастурлари ва методологияси, ноу-хау, таълимни бошқариш тизими, ўқитувчилар малакасини ошириш ва бошқа соҳаларда Kareliya UAS билан истиқболли ҳамкорлик режалаштирилган.

    Финляндиянинг трансмиллий технологик корпорацияси ҳисобланган Nokia Халқаро Нордик университетига ўз стратегик мақсадларини амалга оширишда асосий ҳамкорлардан биридир. Бизнесс-инкубатор, хорижда стажировка, мастер-класслар ташкил этишда яқиндан ёрдам беради.

    Шунингдек, келгусида янада кучлироқ ҳамжамиятни яратиш, ёш кадрларни ўқитиш ва салоҳиятини бирлаштириш орқали тизимларга инновациялар киритиш, булутли маҳаллий ечимлар тақдим этиш, жамиятнинг тараққиётига катта туртки бўладиган янги иловалар устида ишлаш имконини беради.

    Helsingin Suomalainen Yhteiskoulu (SYK) умумтаълим мактаби ўз ўқувчиларини миллий имтиҳонга ёки Халқаро бакалавр дипломига тайёрлайди. Ҳар иккаласи ҳам ўқувчиларга университетга кириш малакаси ва имкони беради. Айниқса, IB (Халқаро бакалавр) талабаларга дунёдаги деярли ҳар қандай университетга кириш учун ноёб имконият беради. Келгусида университетда ушбу мактаб билан ҳамкорликда Халқаро Нордик фин мактаби ташкил этилади.

    Шунингдек, университетнинг халқаро ҳамкорлари – Finnish Water Forum ва ISKU компаниялари талабаларнинг ўқув амалиётларини ўз базаларида ташкил этишга кўмаклашадилар. ISKU компанияси олийгоҳ ва унинг қошида ташкил этилиши режалаштирилган мактаб бинолари дизайни, ўқув ва бошқа жиҳозлари ҳамда аксессуарларини фин талаблари асосида ташкил этиш бўйича стратегик ҳамкордир. Университетга Финландиядаги энг яхши тажриба, дизайн ва технологиялар асосида замонавий кампусни лойиҳалаш ва барпо этишда ёрдам беради. Университет Талабалар шаҳарчаси Ўзбекистон ва бутун Марказий Осиё учун чинакам фин ўқув бинолари дизайни ва ўқув хоналари, лабораториялар ҳамда ўқув мебеллари ва аксессуарлари билан танишиш учун очиқ осмон остидаги кўргазма зали бўлиб хизмат қилади.

    Университет талабаларга қатор имкониятларни тақдим этади. 1–4-курсларда ўқиш давомида инглиз, рус тилларидан ташқари фин тили мукаммал ўргатилади. Барча курслар бўйича таълим йўналишидан қатъий назар ёзги таътилда танлов асосида Финляндия, Швеция, Норвегия ва Дания каби давлатларда иш ва саёҳат (work and travel) дастурларида қатнашиш имконияти берилади. 2+2, 3+1 қўшма дастурлари асосида 2-курсдан кейин ўқишни Финляндия университетларида давом эттириб, икки томонлама (double degree) диплом олиш мумкин. Бакалавр босқичидан сўнг ҳамкор хорижий давлатлардаги етакчи компанияларда ишлаш ёки ўз бизнес start-up лойиҳаларини амалга ошириш имкониятини ҳам тақдим этилади.

    Олийгоҳда маҳаллий ҳамда хорижий профессор-ўқитувчилар, чет эл бизнес амалиётчилари талабаларни натижаларга қадар олиб борадилар. Халқаро ҳамкорлар кўмагида хорижда стажировка, иш ўрганиш, мастер-класс, стартапларни ривожлантириш, келажакда хорижда ишга жойлаштиришга кўмаклашилади. Бакалавриат босқичини муваффақиятли (юқори GPA кўрсаткичи билан) тугатганлар учун магистратурани Финляндияда имтиёз асосида ўқиб келиш имкониятлари берилади.

    Университет, ҳақли равишда, фин ва ўзбек ҳамкорлигининг илк йирик натижаси, Финляндия олий таълим тизимининг Ўзбекистондаги ягона акси, Тошкентдаги биринчи таълим кластеридир.

    No date selected
    май, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates