Ўзбекистонда пахта қуллиги тугади, терим энди “жазо” эмас — Corriere della Sera

    ОАВ Ўзбекистон ҳақида 18 сентябр 2023 3375

    Италиянинг Corriere della Sera нашри Ўзбекистонда пахта терими бошланаётгани ҳақида ёзиб, далада мажбурий меҳнатга барҳам берилганини эътироф этди.

    Бир неча кундан сўнг Ўзбекистонда пахта терими бошланади, бу амалиёт ўнлаб йиллар давомида мажбурий меҳнат бўлиб келган, ўғит ва пестицидлар эса тупроққа зарар етказган, дейилади мақола бошида. Пахта плантацияларини суғориш мақсадида Амударё оқимининг ўзгариши сув сатҳининг камайишига олиб келди — Орол денгизи аста-секин қуриди.

    Унинг ўрнини Оролқум чўли эгаллади, илгари пахта далаларида гербицидлар интенсив ишлатилгани сабаб ҳозир чўл қумларида ифлослантирувчи моддалар мавжуд. Ғарб ва шарққа эсадиган шамоллар қумларни олис масофаларга олиб кетади. Қумдаги пестицидлар Россияда, Норвегия ўрмонларида, Гренландия музликларида ва ҳатто Антарктидадаги пингвинларнинг қонида топилган.

    Совет даврида, яъни 1991 йилгача пахта плантациялари икки миллион гектардан ортиқ майдонни — Ўзбекистондаги экин майдонларининг 98 фоизини эгаллаган. Йиллик ишлаб чиқариш тахминан 4,5 миллион тонна пахта хом ашёсини ташкил этган, яъни СССРдаги умумий ишлаб чиқаришнинг 60 фоизидан ортиқ. Пахта Ўзбекистон аҳолиси учун жазо ҳам эди, чунки ярим миллион катта ёшли аҳоли, икки миллион болалар ҳосилни териб олишга мажбур бўларди. “Ҳамма пахта теримига тайёр” шиори остида далага чиқиш асосий вазифа бўлган, бундан қочишга имкон йўқ эди. Бошқа барча ишлар ортга ташланган. Университетлар, мактаблар ва касалхоналар ёпилган. Шифокорлар, ҳамширалар, ўқитувчилар ва талабалар енг шимариб, пахтага чиқишга мажбур бўлган. Вилоятлар ўртасидаги мусобақада бутун ўзбек жамияти иштирок этар, бу мусобақа маҳаллий телевидение орқали ҳам намойиш этиларди. Оқ олтинни энг кўп терган вилоят ғолиб деб топиларди.

    Яқин ҳафталарда Ўзбекистоннинг пахта далаларида на шифокорлар, на ўқитувчилар ва университет профессорлар, на болалар бўлади. Халқаро меҳнат ташкилоти (Женевада жойлашган ХМТ) Жаҳон банки билан ҳамкорликда ўтказган текширувга мувофиқ, 2021 йилги ишлаб чиқариш циклида Тошкент ниҳоят мажбурий меҳнатга барҳам беришга муваффақ бўлди. ХМТ маълумотлари эълон қилиниши билан бир вақтда жаҳоннинг энг йирик тўқимачилик компаниялари ўзбек пахтасига бойкотни олиб ташлади ва Марказий Осиёда Ўзбекистон учун янги имкониятлар эшиги очилди.

    Сентябрь ойининг ўрталаридан декабрь ойининг охиригача пахта терими энди мажбурият бўлмас экан, бу Президент Шавкат Мирзиёевнинг бу борадаги ишларга садоқатини ифодалайди, дейди Италия газета. 2016 йилдан бери ҳокимиятда бўлган Мирзиёев ХМТнинг мажбурий ва болалар меҳнатига қарши конвенция сини дарҳол ратификация қилди, сўнг асосий эътиборни иқтисодиётни либераллаштириш ва қўшни давлатлар билан дипломатик муносабатларни яхшилашга қаратди.

    Бугун Ўзбекистон деҳқонлари ўзлари хоҳлаган маҳсулот етиштириши, ҳаттоки маҳсулотини экспорт қилиши мумкин. Ерга ишлов бермоқчи бўлганлар, пахта теришни истаганлар буларни ҳақ эвазига бажаради. Кейинги йилларнинг яна бир янгилиги – кластерлар, яъни вертикал ишлаб чиқариш бўлинмалари пахта етиштиришдан бошлаб, пахта толаси, газлама, сўнгра экспорт учун маҳсулот ишлаб чиқаришмоқда. Ўзбекистон энди пахтани эмас, кўпинча Ғарбнинг йирик компаниялари бренди туширилган тайёр маҳсулотларни экспорт қилмоқда.

    No date selected
    декабр, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates