Конференцияда Фанлар Академияси, БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти, АгроЭкоБиотехнология маркази, ЎзМУ профессор-ўқитувчилари, талаба-ёшлар, илмий-тадқиқот институт олимлари ҳамда қатор вазирлик ва идоралар иштирок этди.
Таъкидланганидек, ер қишлоқ хўжалик маҳсулотларини етиштириш ва ишлаб чиқаришнинг асосини ташкил этиб, халқнинг энг асосий ва бебаҳо бойлиги ҳисобланади.
Республикамиз иқтисодий барқарорлигини таъминлашда, шунингдек, аҳолини озиқ-овқат маҳсулотларига бўлган эҳтиёжини тўлароқ қондиришда қишлоқ хўжалигининг тараққиёти тупроқдан унумли ва оқилона фойдаланишга боғлиқ бўлиб, давлат аҳамиятига эгадир.
Конференцияда ҳозирги вақтда бутун сайёрада қишлоқ хўжалик экинлари экилаётган 1,5 миллиард гектар ердан ҳар йили 7-8 миллион гектар унумдор ерлар деградацияга учраётгани, шунингдек, дунё бўйича суғориладиган ерларнинг деярли 25 фоизи турли даражада шўрланаётганлиги маълум қилинди.
ФАО экспертларининг фикрича, шўрланиш инсониятнинг глобал муаммоларидан бири ҳисобланади. Чўл ва ярим чўлларда, қурғоқчил иқлим шароитларида тарқалган тупроқлар юқори даражада шўрланганлиги билан ажралиб туради.
Тадбир иштирокчилари томонидан республикада ер ресурсларидан фойдаланиш самарадорлигини ва қишлоқ хўжалиги ерлари унумдорлигини ошириш, қишлоқ хўжалиги ерларидан, айниқса, суғориладиган ерлардан бошқа мақсадларда фойдаланишнинг олдини олиш юзасидан назоратни янада кучайтириш, ер фонди ҳисобини юритишни тизимлаштириш соҳага замонавий юқори технологияли техник воситалар ва ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш бўйича тавсиялар ишлаб чиқилди.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Ахборот хизмати.