Паралимпия спорт турлари географияси кенгаймоқда

    Мамалакатимизда имконияти чекланган инсонларни қўллаб-қувватлаш давлатимизнинг доимоий эътиборида бўлиб келмоқда. Айниқса, уларни оммавий спорт машғулотларига кенг жалб этиш орқали жамиятнинг фаол аъзосига айлантириш борасида катта ишлар амалга оширилмоқда.

    Жорий йилнинг 18 май куни давлатимиз раҳбари томонидан “Паралимпия ҳаракатини ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорнинг қабул қилиниши бу жабҳадаги ишларни янги босқичга олиб чиқишга замин яратди. Қарорда белгиланганидек, Ўзбекистон Миллий паралимпия ассоциацияси негизида Ўзбекистон миллий паралимпия қўмитасининг ташкил этилиши паралимпия ўйинлари дастурига киритилган спорт турлари географиясининг янада кенгайишига хизмат қилди.

    Куни кеча Жиззах шаҳрида паралимпия ўйинлари дастуридан жой олган 5х5 футбол бўйича кўзи ожиз спортчилар ўртасида якунланган Ўзбекистон чемпионати имконияти чекланган футболчиларнинг орзу-армонлари ушалишига хизмат қилди. Боиси, шу пайтгача мазкур футбол йўналишидаги мусобақаларни ўтказиш учун зарур бўлган махсус футбол тўплари, ўйинни ўтказиш кўникмаси, унинг қонун-қоидалари ҳамюртларимиз учун бегона эди. Мутахассисларнинг саъй-ҳаракати билан ушбу футбол йўналиши кенг ўрганилди. Чет элдан махсус футбол тўплари, жиҳозлар олиб келинди. 200 дан ошиқ кўзи ожиз ёшлар футбол машғулотларига жалб этилди.

    – Кўзи ожизлар ўртасидаги 5х5 футбол йўналишида ҳар йили жаҳон ва қитъа чемпионатлари, кубок баҳслари, ҳар тўрт йилда паралимпия ўйинлари ўтказилади. Мамлакатимизда ушбу футбол йўналишининг фаолияти йўлга қўйилгани ўз орзуларини рўёбга чиқазаман, деган имконияти чекланган футболчи ёшларимиз учун муносиб туҳфа бўлди. Жиззахда ўтказилган турнир юртимизда имконияти чекланган бўлса-да истеъдоди, шахду шижоати баланд ёшларимиз борлигини кўрсатди, Асосий мақсадимиз юртимизда жисмоний имконияти чекланган ва ногиронлиги бўлган шахслар ўртасида 5х5 футбол спорт турини янада ривожлантириш ҳамда терма жамоа сафига иқтидорли спортчиларни саралаб олиш, келажакда пара Осиё ва паралимпия ўйинлари, Жаҳон чемпионати каби нуфузли мусобақаларда Ватанимиз шарафини улуғлайдиган ғайратли спортчилар сафини кенгайтириш, – деди Ўзбекистон миллий паралимпия қўмитаси раиси ўринбосари Шарифжон Мўминжонов.

    Жиззахда 4 кун мобайнида ўтказилган мусобақа якунига кўра, 10 та жамоа орасида Қашқадарё, Самарқанд, Бухоро ва Навоий вилояти футболчилари совринли ўринларни эгаллади. Муҳими, ушбу спорт тадбири натижасида юзлаб имконияти чекланган ёшларнинг қалбида келажакка катта иштиёқ билан қараш туйғуси жонланди.

    Яна бир гап. Ўзбекистон спортчилари бу йил Токиода ўтказиладиган паралимпия ўйинларида илк бора 7 та спорт туридан иштирок этади. Ҳозирда юртимиз паралимпия спортчилари ҳисобида ёзги Паралимпия ўйинларига 29 та йўлланма мавжуд. Олдинда имконияти чекланган спортчиларимиз яна бир қатор лицензион мусобақаларда қатнашишини инобатга олсак, йўлланмалар сони янада ортиши эҳтимолдан йироқ эмас.

    Тўлқин РЎЗИЕВ

    No date selected
    май, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates