Гиёҳвандлик ва наркожиноятларга қарши курашиш бўйича 2024 – 2028 йилларга мўлжалланган миллий стратегия тасдиқланди

    Президент фармонига шарҳ

    Гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддаларнинг назоратини амалга ошириш орқали уларнинг аҳоли саломатлиги ва генофондга салбий таъсирини бартараф этишга қаратилган Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармони имзоланди.

    Фармон билан Ўзбекистон Республикасида гиёҳвандлик ва наркожиноятларга қарши курашиш бўйича 2024-2028 йилларга мўлжалланган миллий стратегия тасдиқланди.

    Қуйидагилар Стратегиянинг устувор мақсадлари сифатида белгиланмоқда:

    – аҳоли, айниқса, хотин-қизлар ва ёшларда “гиёҳвандликка қарши иммунитет”ни, ўқувчи ва талабалар орасида психотроп моддаларни истеъмол қилишга муросасиз муносабатни шакллантириш (таълим муассасаларида янги таъсирчан тарғибот-ташвиқот ва тарбиявий-профилактик механизмларни жорий этиш);

    – аҳолига сифатли наркологик ёрдам кўрсатиш тизимини ривожлантириш, гиёҳвандликнинг барвақт профилактикаси, диагностикаси, даволаш ва тиббий-ижтимоий реабилитацияси тизимини тубдан такомиллаштириш;

    – гиёҳвандлик воситалари ноқонуний айланмасининг янгича, айниқса, интернетдаги усулларига барҳам бериш, бу борадаги тезкор-қидирув, тергов ва эксперт-криминалистик чоралар комплексини ривожлантириш (биринчи навбатда рақамлаштириш орқали);

    – тиббиёт муассасалари ва дорихоналарнинг гиёҳвандлик воситаларидан фойдаланиш амалиётини назорат қилиш, фармацевтика корхоналари, гиёҳвандлик воситаларининг улгуржи ва чакана савдоси билан шуғулланувчи субъектлар масъулиятини оширишнинг таъсирчан механизмларини яратиш;

    – гиёҳвандликни даволаш ва наркожиноятларга қарши курашиш соҳасида илмий-тадқиқот фаолиятини ривожлантириш (илмий изланишлар, хулосалар, ютуқлар ва янгиликларни амалиётга жорий этиш ҳамда оммага етказиш).

    Шу билан бирга, Бош вазир раислик қиладиган Гиёҳвандлик воситалари устидан назорат қилиш бўйича Давлат комиссияси тузилиб, унинг зиммасига қуйидаги вазифалар юкланди:

    – Стратегиянинг тўлиқ, ўз вақтида ва сифатли бажарилишини ташкил этиш, уни амалга ошириш бўйича йиллик миллий дастурларни тасдиқлаш ва ижросини назорат қилиш, давлат органлари фаолиятини мувофиқлаштириш;

    – ҳар уч ойда Стратегия ва йиллик давлат дастури ижросининг танқидий ўрганилишини, мақсадларга эришишга тўсқинлик қилаётган омилларни аниқлаш ва олдини олишга қаратилган аниқ чоралар кўрилишини таъминлаш;

    – гиёҳвандлик воситаларининг ноқонуний айланмасига қарши курашишни мувофиқлаштириш, аҳоли орасида гиёҳвандликнинг барвақт профилактикаси бўйича самарали чора-тадбирларни белгилаш.

    Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузурида Наркотикларни назорат қилиш миллий маркази ташкил этилмоқда.

    Миллий марказнинг асосий вазифалари этиб қуйидагилар белгиланмоқда:

    – нарковазиятни ҳудудлар кесимида илмий-амалий ва ахборот-таҳлилий жиҳатидан тизимли равишда чуқур ўрганиб бориш, асосий омиллар ҳамда тенденцияларни аниқлаш ва прогноз қилиш;

    – гиёҳвандлик воситаларини назорат қилиш соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий йўналишларини шакллантириш, қонунчилик ва ҳуқуқни қўллаш амалиётини такомиллаштириш юзасидан таклифлар ишлаб чиқиш;

    – мутасадди давлат органлари томонидан кўрилаётган чораларнинг самарадорлигини эксперт жиҳатидан баҳолаш, бу борада ягона ахборот алмашинуви ва идоралараро ҳамкорликни ташкил этиш, халқаро грантларни жалб қилиш орқали уларни замонавий техник ускуналар билан таъминлаш;

    – хорижий давлат тузилмалари ва халқаро ташкилотлар билан манзилли ҳамкорликни ўрнатиш, Ўзбекистон томонидан амалга оширилаётган ишлар юзасидан БМТга йиллик маърузалар тайёрлаш;

    – илғор миллий ва хорижий тажрибаларни доимий ўрганиш ҳамда унинг натижаларини жорий этиш ва оммалаштириш бўйича методика, таклиф ва тавсияларни ишлаб чиқиш, масъул давлат органлари ходимларининг малакасини ошириш бўйича ўқув семинарларини ташкил этиш.

    Миллий марказ Давлат комиссиясининг мувофиқлаштирувчи органи ҳисобланиб, унинг фаолиятини ахборот-таҳлил жиҳатидан таъминлаб боради ҳамда Президент Администрацияси олдида ҳисобдор бўлади.

    Қабул қилинган фармоннинг ижроси республикамизда гиёҳвандлик воситалари ноқонуний айланмасининг барвақт олдини олиш, аҳолида уларни истеъмол қилишга нисбатан “иммунитет”ни шакллантириш орқали генофондимизга салбий таъсир кўрсатувчи омилларни бартараф этиш, гиёҳвандликка чалинган беморларни тиббий даволашнинг замонавий тизимини ташкил этиш соҳасидаги истиқболли чора-тадбирларни белгилаш ва қатъий ижросини таъминлашга хизмат қилади.

    ЎзА

    No date selected
    ноябр, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates