Пахта майдонларида тупроқ унумдорлигини ва ҳосилдорликни янада ошириш, суғоришнинг янги технологияларига ўтиш, ўсимликлар ҳимояси бўйича хизматларни йўлга қўйиш, замонавий лабораториялар барпо этиш, фермерларни ўқитиш каби тадбирларни рағбатлантиришнинг таъсирчан механизмини жорий этиш мақсадида:
1. Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги, Молия вазирлиги, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Давлат солиқ қўмитаси, “Ўзбекистон пахта-тўқимачилик кластерлари” уюшмаси, “Ўзтўқимачиликсаноат” уюшмаси, Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгашининг қишлоқ хўжалиги ерларидан фойдаланувчи (ижарачи)лар томонидан пахта майдонларида тупроқ унумдорлигини ошириш бўйича амалга ошириладиган тадбирлар учун Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан 2022-2023 йилларда синов тариқасида рағбатлантиришнинг қуйидаги механизмларини жорий этиш тўғрисидаги таклифи маъқуллансин:
тупроқ унумдорлигини ошириш ва эрозиядан муҳофаза қилиш тадбирларини амалга оширганлик учун солиқ имтиёзлари бериш;
тасдиқланган ер тузиш ҳужжатларига мувофиқ қишлоқ хўжалиги ерларини тиклаш, қайта фойдаланишга киритиш ва янгидан ўзлаштириш, қишлоқ хўжалиги ерларини рекультивациялаш ва мелиорациялаш тадбирларини бажариш учун субсидиялар ажратиш ва ер солиғидан қисман озод этиш.
2. Шундай тартиб жорий этилсинки, унга мувофиқ 2022-2023 йилларда синов тариқасида:
а) тупроқ унумдорлиги ва пахта ҳосилдорлигини ошириш, илмий асосланган алмашлаб экишни ва суғоришнинг янги технологияларини жорий этиш ҳамда ўсимликлар ҳимояси бўйича хизматларни йўлга қўйиш ва замонавий лабораторияларни барпо этиш, шунингдек, деҳқончилик соҳасидаги янгиликлар ва илғор тажрибалар бўйича фермерларни ўқитиш учун ердан фойдаланувчи (жумладан, кластер)ларга Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан ҳар бир гектар майдонга бир миллион сўмдан субсидия ажратилади. Бунда:
пахта майдонларида тупроқ унумдорлиги ва ҳосилдорликни ошириш бўйича тадбирларни бажариш учун дастлаб ҳисобланган субсидиянинг 70 фоизи ажратилади;
субсидиянинг қолган 30 фоиз қисми ҳосилдорлик олдинги мавсумга нисбатан ўртача 15 фоизга оширилиб, Давлат статистика қўмитасининг таҳлилий маълумотларида ўз аксини топганда, ўтказиб берилади;
б) пахта майдонларида тупроқ унумдорлиги ва ҳосилдорликни оширганлик учун солиқ имтиёзлари тупроқ бонитировкаси таҳлили натижалари бўйича тупроқ унумдорлиги ошган ердан фойдаланувчиларга татбиқ этилади. Бунда:
ердан фойдаланувчилар учун ер участкаси тупроғи бонитет бали амалдаги бонитет баллга нисбатан 3 баллгача ошган ҳолларда ер солиғи ставкаси 25 фоизга, 3 балл ва ундан ошган ҳолларда 50 фоизга камайтирилади;
ер солиғи бўйича имтиёзлар уч йил муддатга амал қилади.
3. Қуйидагилар:
2022-2023 йилларда пахта майдонларида тупроқ унумдорлигини ошириш ва экологик ҳолатини яхшилаш учун субсидия ажратиш тажрибаси синовдан ўтказиладиган туманлар рўйхати 1-иловага мувофиқ;
Пахта майдонларида тупроқ унумдорлиги ва ҳосилдорликни ошириш, суғоришнинг янги технологияларига ўтишда амалга ошириладиган илмий асосланган тадбирлар бўйича “Йўл харитаси” 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
4. Қишлоқ хўжалиги вазирлиги икки ой муддатда пахта майдонларида тупроқ унумдорлигини ва ҳосилдорликни ошириш бўйича тадбирларни бажариш учун субсидия ажратиш тартибини ишлаб чиқиб, белгиланган тартибда Вазирлар Маҳкамасига киритсин. Бунда:
қишлоқ хўжалигида ер муносабатларини тартибга солиш бўйича давлат сиёсатини амалга оширувчи ваколатли орган томонидан тупроқ унумдорлигини ошириш ва экологик ҳолатини яхшилаш бўйича тадбирларни рағбатлантириш тўғрисида мурожаатларни кўриб чиқиш учун асос бўладиган ҳужжатлар;
пахта майдонларида тупроқ унумдорлиги ва ҳосилдорликни ошириш бўйича тадбирларни бажариш учун субсидия ажратиладиган ердан фойдаланувчилар рўйхатини шакллантириш тартиби;
Давлат бюджетидан субсидия ажратиладиган ер участкаси майдонини аниқлаш ҳамда субсидия миқдорини ҳисоблаш ва тақдим этиш муддати;
пахта майдонларида тупроқ унумдорлиги ва ҳосилдорликни ошириш бўйича бажариладиган тадбирлар режасини ишлаб чиқиш ва уни тасдиқлаш тартиби назарда тутилсин.
5. Вазирлар Маҳкамаси бир ой муддатда мазкур қарорнинг 1-иловасига асосан субсидия ажратиладиган туманлар бўйича амалга ошириладиган чора-тадбирлар юзасидан масъуллар ва муддатларни аниқ белгилаган ҳолда ҳар бир туман учун алоҳида “Йўл харитаси”ни тасдиқласин.
6. Қишлоқ хўжалиги вазирлиги Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари билан биргаликда 2023 йил 15 декабрга қадар мазкур қарорнинг 1-иловасига мувофиқ синов тариқасида субсидия ажратилган туманларда пахта хомашёсини етиштириш натижаларини таҳлил қилиб, мазкур тажрибани республиканинг бошқа туманларида жорий этиш бўйича Вазирлар Маҳкамасига таклиф киритсин.
7. Ҳисоб палатаси (Б.Т.Турабов) Молия вазирлиги (Т.А.Ишметов) билан биргаликда мазкур қарор доирасида Давлат бюджети ҳисобидан маблағларнинг мақсадли ажратилиши ва сарфланиши устидан доимий назорат ўрнатсин ҳамда ҳар ярим йилда Вазирлар Маҳкамасига ахборот киритиб борсин.
8. Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги билан биргаликда мазкур қарорнинг мазмун-моҳияти ҳамда мақсад ва вазифаларининг оммавий ахборот воситаларида кенг ёритилишини таъминласин.
9. Қишлоқ хўжалиги вазирлиги манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда қонунчилик ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.
10. Мазкур қарорнинг ижросини самарали ташкил қилишга масъул ва шахсий жавобгар этиб қишлоқ хўжалиги вазири Ж.А.Ходжаев, молия вазири Т.А.Ишметов, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси ва вилоятлар ҳокимлари белгилансин.
Қарор ижросини муҳокама қилиб бориш, ижро учун масъул идоралар фаолиятини мувофиқлаштириш ва назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосарлари Ж.А.Қўчқоров ва Ш.М.Ғаниев зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси
Президенти
Тошкент шаҳри,
2022 йил 25 март