Пўлатдан мустаҳкам, ўргимчак тўридан ҳам нозик

    Бу – ипак толасига берилган таъриф. Таъбир жоиз бўлса, соҳанинг ўзи ҳақида ҳам худди шундай десак бўлади.

    Зеро, сўнгги тўрт йил мобайнида ушбу тармоқда амалга оширилаётган ишлар давлат кўмагидек мустаҳкам асосда, пиллачиликнинг барча нозик жиҳатларини ҳисобга олган ҳолда амалга оширилмоқда. Бу йўналишдаги асосий қадам эса Президентимизнинг 2017 йил 29 мартдаги “Ўзбекипаксаноат” уюшмаси фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори асосида бошланган эди. Шундан сўнг ўтган тўрт йил мобайнида соҳа ривожига қаратилган бир қатор фармон ва қарорлар қабул қилинди. Энг асосийси уларнинг ижроси қатъий назоратга олинди. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 2 сентябрдаги “Ўзбекистон Республикасида пиллачилик ва қоракўлчиликни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони ва “Ўзбекистон Республикаси Пиллачилик ва қоракўлчиликни ривожлантириш қўмитаси фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги қарори билан соҳадаги давлат бошқаруви органи – Пиллачилик ва қоракўлчиликни ривожлантириш қўмитасининг ташкил этилиши тармоқ тараққиётининг сифат жиҳатдан янги босқичини белгилаб берди.

    Натижа ҳам шунга яраша. Жумладан, 2020 йил якунлари бўйича пиллачиликда йилда 4 мавсумда 403,5 минг қути ипак қурти парваришланиб, 21,4 минг тонна пилла хомашёси етиштирилди. “Ўзбекипаксаноат” уюшмаси таркибидаги корхоналар сони 91 тага етказилди, шундан 11 таси хорижий инвестициялар иштирокидаги қўшма корхоналардир. Олиб борилган ишлар натижасида 2020 йилда 76,5 миллион долларлик ипак маҳсулотлари экспорт қилинди. Яъни, пиллачилик саноати мамлакатимизга айнан шунча фойда келтирди, деган сўздир. Жорий йилда эса соҳада экспорт ҳажми йил якунида 86,7 миллион АҚШ долларига етиши кутилмоқда.

    Соҳадаги бандлик – алоҳида масала. Жумладан, ўтган йили тизимда республика бўйича жами иш билан банд бўлганлар сони 761 минг нафарни ташкил қилди. Жорий йилда янги иш ўринлари яратилиши ҳисобига жами 862,5 минг нафар аҳоли соҳага қамраб олинади. Бу стратегик аҳамиятга эга соҳага берилаётган эътибор самарасининг муайян жиҳати, халос. Агар унинг ижтимоий-иқтисодий ва инновацион йўналишдаги қўшимча натижаларини ҳам ҳисобга оладиган бўлсак, сўнгги йилларда пиллачиликни ривожлантириш бўйича олиб борилаётган ислоҳотлар нақадар муваффақиятли бўлганини исботи билан кўрамиз. Ваҳоланки, бор-йўғи тўрт йил аввал вазият мутлақо бошқача эди.

    2016 йилга келиб йиллар давомида эътиборсизлик туфайли мамлакатимизнинг пиллачилик соҳасидаги салоҳиятининг анча қисми йўқотилган эди. Вилоятларда мавжуд заводлар хомашё камлиги боис бор-йўғи 2-3 ой ишлар, ипак толаси ва бошқа материаллардан юқори қўшилган қийматли тайёр маҳсулот ишлаб чиқариш тўғрисида умуман сўз юритилмас эди. Бандлик ҳам шунга яраша паст, фақат мавсумий бўлганди. Рақамлар ҳар қандай вазиятнинг энг холис гувоҳи. Жумладан, 2016 йилда қайта ишлаш корхоналарининг мавжуд ишлаб чиқариш қувватларидан фойдаланиш даражаси 17,9 фоизни ташкил этган, экспорт ҳажми 21 миллион долларга тенг бўлган. Экспорт географияси эса бор-йўғи 4 та давлатдан иборат эди. Бугун бу рақамлар бизга эриш туюлиши табиий. Чунки ислоҳотлар бошлангандан бери, яъни кейинги тўрт йил мобайнида бу кўрсаткичлар бир неча баробарга ортибгина қолмай, соҳада кўплаб янгиликлар ҳам жорий этилди. Улардан энг биринчиси – ипак қуртининг аввалгидек бир эмас, балки тўрт мавсумда боқилиши бўлди. Ушбу маррага эришиш учун ислоҳотлар аввало пиллачилик озуқа базасини мустаҳкамлашдан бошланди.

    Бунда 4 йил аввал мамлакатда мавжуд тутзорлар хатловдан ўтказилиб, янги плантациялар барпо этишга киришилди. Натижада, 2017-2019 йилларда 2 248,5 минг гектар ер майдонида янги тутзорлар ташкил этилиб, улар майдони 48,5 минг гектарга, якка қатор тутлар сони эса 79,7 миллион тупга етказилди. 2020 йилда мавжуд тутзорлар 50 272,8 гектарга, якка қатор тут дарахтлар сони 85 493,7 минг тупга етказилди. 2017-2020 йилларда жами 181 014,1 минг туп тут кўчатлари экилди. 2021 йилда ҳам озуқа базасини мустаҳкамлаш ишлари давом эттирилмоқда. Жумладан, жорий йилда тутзорлар майдони 56 минг гектарни ташкил этиши режалаштирилган.

    Озуқа базаси мустаҳкам бўлгандан сўнг пилла ҳосили ҳам ортади. Қайта ишлаш корхоналарини пилла хом ашёси билан мутаносиб равишда таъминлаш натижасида уларнинг мавжуд ишлаб чиқариш қувватларидан фойдаланиш даражаси 2018 йилда 84 фоизга, (2017 йилда 54,0 фоизни ташкил этган), 2019 йилда 95-96 фоизга, 2020 йилда 100 фоиздан ортиққа кўтарилди. Ҳозирда янги пиллани қайта ишлаш заводларига бўлган эҳтиёжни ҳисобга олган ҳолда 2021 йилда қатор янги корхона ишга туширилиши белгиланган ва режадаги ишлар изчил амага оширилмоқда.

    Шуниси эътиборлики, пиллачиликда озуқа базасини мустаҳкамлаш учун аввало аҳоли манфаатдорлигини ошириш тамойили қўлланилди. Жумладан, пилла боқувчи оилалар аъзоларига тут экиш ва парваришлаш шарти билан 30 сотих ва ундан ортиқроқ ер майдонлари пилла қатор ораларидан сабзавот етиштириш учун узоқ муддатли фойдаланишга ажратилиши аҳоли манфаатдорлигини тубдан оширди. Шу билан бир қаторда, ўтган йилдан худди шу фаолият учун коллеж ва мактабларни битирган ёшларга ҳам ер ажратила бошланди. Натижада жойлардаги тут плантациялари сони бир неча баробарга ошди, қолаверса, тут дарахтларининг пайҳон қилиниши ва кесиб кетилишининг олди олинди. Жумладан, 2020 йилда 34,2 минг гектар тутзорлар оралиғига қишлоқ хўжалиги экинлари экилган. Қишлоқ жойлардаги оилалар эса каттагина даромад манбаига эга бўлди. Чунки, каттагина ер майдонларида етиштирилган сабзавотлар тўлиғича оилаларнинг ўзига қолади. Бу ҳам бўлса пиллачиликнинг ижтимоий фойдали жиҳатларидан бири.

    Умуман, пиллачилик тармоғи бугунги замон талабига мос равишда равнақ топмоқда. Унинг яна бир ижтимоий-иқтисодий жиҳати бевосита туризм ривожи билан боғлиқ. Жумладан, аксарият ҳолларда хунармандларнинг қўл меҳнати билан тўқилган бир биридан гўзал матолар, ипак каштачилик санъати намуналари, шойи гиламлар ҳар қандай сайёҳнинг қалбини ром этади, сахий қуёш нурлари остида товланган гўзалликни ўзи билан олиб кетишга иштиёқ уйғотади. Мамлакатимиз эса бундан яхшигина фойда кўради, ҳунармандлар меҳнати ҳам муносиб рағбат топади. Бунинг самарасида асрлар оша бизгача етиб келган анъаналар сақланади, ёшларнинг миллий ҳунармандчилик анъаналарига қизиқиши ортади. Қолаверса, пиллачилик корхоналари қошида ташкил этилаётган ҳунармандлар марказлари, меҳмонхоналар, миллий буюмлар дўконлари ва бошқа объектлар мамлакатимизда ички ва ташқи туризмни ривожлантиришга хизмат қилади.

    Ресурс тежамкор технологияларни жорий этиш, пиллачиликда чиқитсиз ишлаб чиқаришни ривожлантириш – бу соҳа ривожининг яна бир муҳим йўналиши. Шуниси эътиборлики, ҳозирда мамлакатимиз бўйлаб ишлаб турган 74 та корхонанинг ҳар бирида пилладан тола ажратиб олиш жараёнида камида 15 тонна сув ишлатилади. Пилла сувда юмшаб таркибидаги 18 хил аминокислота ва фибрин, серицин моддалари эриб унинг таркибини бойитади.

    Шу пайтгача ушбу бойитилган сув тўлиқ канализация тармоғига оқизилган. Илк бор мени ўйлантирган нарса ҳам шу бўлди. 2017 йилда ўзим раҳбар бўлган корхонада бир тажрибани синаб кўрмоқчи бўлдим. Ишлаб чиқаришдан чиққан сувни оқова тармоққа эмас, тутзорга чиқиб кетадиган қилиб қўйдик. Натижада тутлар мисли кўрилмаган даражада барқ уриб, ривожланди. Айниқса тут баргининг намлиги юқори бўлди. Тут баргининг тезда қуриб қолмаслиги озуқанинг исроф бўлмаслигини таъминлайди. Чунки барг қуримаса, ипак қурти уни охиригача ейди, чиқит қолдирмайди. Бу тажрибани бошқа корхоналарда ҳам қўлладик. Ҳозирда ипак саноати корхоналарининг ҳар бири қошида иссиқхоналар ва тутзорларда ишлаб чиқаришдан чиққан сувлардан тўлиқ фойдаланиш йўлга қўйилди. Шуниси эътиборлики, бойитилган сувдан экин етиштиришда фойдаланиш ўғитга эҳтиёж қолдирмайди.

    Бундан ташқари, пиллани қайта ишлаш корхоналари буғ билан ишлайди. Авваллари иссиқ буғ шунчаки ҳавога чиқариларди. Ҳозирда эса пиллани қайта ишлаш цехларидан чиққан бу ресурс махсус қувурлар ёрдамида иссиқхоналарни иситишда фойдаланиляпти. Натижада ёқилғига сарфланадиган харажатлар бўлмайди, фойда устига фойда бўлади.

    Юқорида келтирилганлар – бу пиллачилик ривожи билан боғлиқ фойдали, даромадли жиҳатларнинг айримлари, холос. Тармоқ давлатнинг ишончли елкасига суянган ҳолда тобора мустаҳкамланиб, ўсиб бораётгани аҳоли турмуш фаровонлиги умумий даражасига ижобий таъсир қилиб, ушбу соҳа равнақига қаратилган сиёсат ижтимоий-иқтисодий ривожланишнинг энг муҳим вазифаларини ҳал қилишини ортиқча тушунтиришнинг ҳожати йўқ. Пиллачилик кластерларининг ўтган йилги даромади ҳам бунинг ёрқин далили бўлди. Ваҳоланки, бу айнан тўрт йил аввал бошланган ва бугунги кунда авж паллага кирган ислоҳотларнинг натижаси ва маҳсулидир.

    Баҳром ШАРИПОВ,

    Ўзбекистон Республикаси Пиллачилик ва

    қоракўлчиликни ривожлантириш қўмитаси раиси

    No date selected
    май, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates