Фидойилик формуласи

    Чамаси 12 йил аввал бўлса керак, республика нашрларидан бирида ишлайман. Лавозим ҳам чакки эмас – бош муҳаррир ўринбосари. Иқтисодий аҳвол танглиги боис штат оз, таҳририятимизда мақола ёзиши мумкин бўлган мухбирларни бир қўлнинг бармоғида санасангиз, ярми ортиб қолади.

    Шунинг учун унда-бунда мақола, тадбирлардан хабарлар ёзиб, саҳифаларни тўлдиришга ҳисса қўшиб туришимга тўғри келадиган шароит. Боз устига? маоши озлиги учун фотограф ўрни ҳам бўш. Аммо яхши, ўша пайт учун илғор замонавий фотоаппарат бор.

    Бир куни Асака заводида ишлаб чиқариши йўлга қўйилаётган “Captiva” автомобили янгиланган моделининг тақдимот маросимига таклифнома ташлаб кетишди. Бу яхши янгилик, албатта ёритишимиз керак, деган қарорга келдим. Тадбир кечки пайтга белгиланган экан. Суратга ҳам тушириб келаман, деб фотоаппаратни шартта елкага илиб, манзил – Тошкент шаҳридаги Турин политехника университетига қараб йўл олдим.

    Таълим муассасасининг кўчадан киравериши дабдабали безатилган, эшикдан ичкарида оркестр мусиқа чаляпти. Тўрдаги саҳна ўнлаб чироқлар ёруғида жозиба касб этган. Бу ерга кеча “қаҳрамони”ни олиб чиқишса керак. Янгиликдан бехабар қолмай деб келган меҳмонлар анчагина, орасида ҳамкасбларимиз ҳам бор. Уларнинг даврасига қўшилдим. Соат белгиланган вақтдан ўтиб кетди ҳамки, тақдимот бошланай демасди. Ҳамроҳларим билан “Қоронғу тушишини кутишяпти”, “Йўқ, каттаконлар келса, кейин бошлашади”, деган тахминларни муҳокама қилишга киришиб кетдик.

    Бир пайт ғала-ғовур кучайди, бўйдор, расмий кийинган 3-4 ёш йигит одамлар орасини очиб (аниқроғи, бизни туртиб-суртиб), минбар томон йўл оча бошлади. 5-6 чоғли одам ўша йўлакдан ўтиб, саҳнага кўтарилди. Бошловчи виқор билан турган шахсларни таништирди – битта хорижлик меҳмон, 2 таси соҳа мутасаддиси ва биттаси уюшманинг энг каттаси экан. Бу каттанинг исм-фамилиясини эшитгандим, аммо ўзини энди кўришим эди. Дарҳол фотоаппаратни олиб, суратга тушира бошладим. Ахир қаршимда кимсан - Фалончи Фалончиев! Биров тирсагимдан ушлагандек бўлди.

    – Кечирасиз, сизни бир минутга мумкин...?

    Бузуқ талаффузда гапирган ёш ходим мени чеккага тортди.

    – Тинчликми? – сўрадим нима бўлаётганини англамай.

    – Сиз кимсиз, ҳужжатларингиз борми, қаердансиз? – йигитча саволимга саволларни қалаштириб ташлади. Гаплари таҳдидли, оҳангида расмий тус ҳукмрон. У терговчи, мен катта жиноят устида қўлга тушган ашаддий жиноятчи эдим гўё. Ўзимни таништирдим.

    – Журналист бўлсангиз, раҳбаримизни суратга тушириш мумкин эмаслигини нега билмайсиз? Нима мақсадда Фалончи Фалончиевични расмга олдингиз?

    Қарасам, вазият анча жиддий. Пачакилашиб, ҳамманинг эътиборини ўзимга тортгим келмади. Гапга аралашмаса-да, атрофда яна 2-3 таси пайдо бўлди. Хуллас, “ширин суҳбатимиз” фотоаппаратдан туширган суратларимни ўчириб ташланиши билан якун топди. Кейин сал нарида ҳолатни кузатиб турган таниш профессинаол фотомухбир акамиз ёнимга кулиб келиб, далда берган бўлди:

    – Бизда шунақа, арбобларни суратга олиш мумкин эмас, улар матбуотдан қўрқишади. Сиз фотограф эмассиз-да, кўникиб кетасиз ҳали...

    ***

    Юқоридагилар кечаги гап, ўтмиш, ортда қолган тарих. Энди бугун ҳақида.

    Дарвоқе, ҳамкасб акамиз айтган ҳолатга кўниб кетмадим, аниқроғи, кўникиб кетишга улгурмадим. Замон ўзгарди, қарашлар, ОАВга муносабат тубдан ижобий томонга юз тутди. Бугун ҳамма мухбир, блогер, журналист, фотограф. Ҳамманинг елкасида фотоаппарати бўлмаса ҳам қўлида телефони бор. Истаган журналист истаган вазир, қўмита раиси, давлат агентлиги директори, вилоят ё шаҳар ҳокими, банк бошқарувчиси, олий таълим муассасаси ректори, катта-кичик уюшмалар раҳбарлари билан эркин мулоқот қиляпти. Уларни суратга оляптигина эмас, бирга суратга ҳам тушяпти, йўл-йўлакай микрофон тутиб, интервью сўраяпти, хатолари, камчиликлари юзасидан саволлар беряпти. Бир дастурхон атрофида тушлик қиляпти, спорт мусобақаларида беллашяпти.

    Булар 10 йил аввал орзу эмасмиди? Реалликка айланган орзулар рўёбига мамлакатимизда яратилган ҳуқуқий асос омил бўлаётгани ҳам бор гап. Ўзбекистонда кечаётган ислоҳотлар бунга изн беряпти. Давлат бугун ҳар қандай жамият тараққиётини сўз эркинлигисиз тасаввур этиш мумкин эмаслигини англаяпти, шунга яраша шароитлар муҳайё этиляпти. Сўз ва ахборот эркинлиги миллий қонунлар, халқаро ва минтақавий ташкилотлар томонидан дунё миқёсда қабул қилинган халқаро ҳуқуқий ҳужжатлар ва тан олинган универсал шартномаларда аксини топмоқда.

    Бугун юртимизда матбуотга эътибор ҳар қачонгидан юқори. Бу борада қатор қонунчилик нормалари, жумладан, Президентимизнинг 2021 йил 16 июндаги “Давлат органлари ва ташкилотларининг фаолияти очиқлигини таъминлаш, шунингдек, жамоатчилик назоратини самарали амалга оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони ғоят муҳим аҳамиятга эга. Ҳужжат давлат органлари ва ташкилотлари фаолияти очиқлиги ва шаффофлигига эришишнинг янги босқичини бошлаб берди, ахборот олиш эркинлигини таъминлаш орқали жамоатчилик назоратини такомиллаштириш борасида дадил қадамлар қўйиш учун ҳуқуқий асос вазифасини ўтамоқда.

    Шунингдек, ўтган йили янгиланган Бош қонунимизда ушбу йўналишдаги конституциявий қоидалар янада мустаҳкамлаб қўйилгани юртимизда бу борадаги саъй-ҳаракатлар бардавом эканидан далолатдир. Айни сабаб ОАВ бугун халқ овози, тўртинчи ҳокимиятга айланиб бормоқда. Балки кимларнингдир наздида ҳали қадамларимиз салмоғи кутилганидек катта эмасдир, лекин силжишларни инкор қилиш мумкин эмас.

    Давлатимиз раҳбарининг 2022 йил 27 июндаги “Оммавий ахборот воситаларини қўллаб-қувватлаш ва журналистика соҳасини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори журналистикамизда тўпланиб қолган бир қанча муаммоларни қамраб олгани билан эътиборга молик бўлди.

    Қарорда журналистлар ўртасида ҳар йили анъанавий ўтказиб келинаётган ва айнан 3 май – Жаҳон матбуот эркинлиги кунида ғолиблар аниқланадиган “Олтин қалам” миллий мукофоти учун халқаро танловни демократик тамойиллар асосида янада очиқ ҳамда шаффофлик билан ўтказишга эътибор қаратилиши қайд этилган. 2023 йилдан бошлаб танловнинг бош мукофоти учун автомобиль, биринчи ўрин учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 200 баравари, иккинчи ўрин учун 175 баравари, учинчи ўрин учун 150 баравари, 12 та рағбатлантирувчи номинациянинг ҳар бири учун 100 баравари миқдорида бир марталик пул мукофоти берилиши белгиланган.

    ***

    БМТ Инсон ҳуқуқлари комиссияси эътирофига кўра, сўз эркинлиги – инсон ривожланишининг ажралмас омили. Инсоннинг ҳақ-ҳуқуқлари, манфаатларини демократиясиз, сўз ва матбуот эркинлигисиз тўла таъминлаб бўлмайди. Сўз эркинлиги, матбуот эркинлигини демократиянинг ҳаётбаш қон томири, сарчашмасига менгзаш мумкин. Таъкидлаганимиздек, юртимизда ҳам бу омил сиёсатнинг устувор йўналишига айланди. Давлатимиз раҳбари бир чиқишида: “Аччиқ ва танқидий материаллар жойлардаги кўплаб амалдорларга ёқмаслиги, уларнинг тинчини ва ҳаловатини бузаётгани ҳам бор гап. Лекин ошкоралик ва сўз эркинлиги бу – давр талаби, бу – Ўзбекистондаги ислоҳотларнинг талаби”, дея оммавий ахборот воситалари ходимларига қанот берган эди.

    Бугун ахборотни яшириб бўлмайди. Бир жойда яширилган ахборот, албатта, бошқа жойларда чиқади. Ахборот бугун эркин айланяпти ва бу сўз эркинлиги билан бевосита боғлиқ. Одамлар матбуот орқали ўз фикрини эркин билдирмоқда. Уларни давлат органлари эшитиши керак. Ўз фаолиятини танқидлар орқали таҳлил қилиб, мавжуд муаммоларни ҳал этиш чораларини кўриши, мулоқотга ўрганиши лозим.

    Сўнгги йиллар юртимизда сўз эркинлигини таъминлаш, эркин фикр юритиш учун ҳуқуқий ҳимояни, давлат идораларининг очиқлигини кучайтириш, блогерлик мавқеини кўтариш, барча тоифадаги оммавий ахборот воситалари ходимларини ҳимоя қилиш борасида бир қанча амалий ишлар қилинди. Натижада фаол матбуот халқ орасида тобора ҳурмат-эътибор қозониб, “тўртинчи ҳокимият” даражасига кўтарилиб бормоқда. Оммавий ахборот воситаларида, ижтимоий тармоқларда қандай янгилик пайдо бўлмасин, турли мунозарали баҳслар, фикрлар, тортишувлар кўринишида ушбу ахборотга муносабатлар билдирилмоқда. Бу ҳам юртимиз оммавий ахборот воситалари ва фуқароларимизнинг фаоллашиб бораётганини кўрсатади.

    ***

    “Матбуот фикрлар тилмочи, миллат ва эл-юрт ривожи йўлида хизматчи, одамлар онгу шуурининг қуёши, ҳар кимнинг виждонига тутилган кўзгу бўлмоғи лозим”. Миллий матбуотимизнинг тамал тошини қўйган жадид боболаримизнинг ушбу фикрлари ҳозирги кунимиз учун ҳам ғоят муҳим аҳамиятга эга.

    Замона зайли билан медиамаконда турли қарашлар, мулоҳазалар, муносабатлар айланади. Шулардан бири босма нашрлар ҳақидаги турли гап-сўзлардир. Газета ва журналлар электрон матбуот соясида қолиб кетади, дея иддао қилувчилар ҳам, буни инкор этувчилар ҳам бир нарсада собитдирлар. Яъни матбуот эркинлиги – сўз, шахс, виждон эркинлиги сингари сиёсий ҳуқуқ. У матбуотнинг эркин фаолият кўрсатишини, кишиларнинг матбуотда фикр ва туйғуларини тўсиқларсиз ифода эта олишини ифодалайди.

    Инсоният дунёқараши кенгайишида оммавий ахборот воситалари, хусусан, матбуотнинг ўрни беқиёс. У орқали инсонлар дунё янгиликларидан хабардор. Газета ва журналлар, сўнг ОАВнинг радио, телевидение каби турлари, айниқса, интернет пайдо бўлгач, инсоният онги ва дунёқараши тубдан ўзгарди. Улардан тўғри фойдаланиш ва ахборотни таҳлил қилиш эса кишидан мустақил фикр, билим ва тафаккурни талаб этади.

    Юқорида эслаганимиз иддолар урчиган, журналисту блогерлар орасида даҳанаки жанг авжига чиққан ўша кезларда ёзувчи, филология фанлари доктори, профессор Хуршид Дўстмуҳаммаднинг “Янги Ўзбекистон” газетасида жуда чиройли ва самимий мақоласини эълон қилдик. Унда, жумладан, бундай битиклар бор:

    “Айрим зиёлиларимизнинг “Газета ўз вазифасини ўтаб бўлди, унга эҳтиёж қолмади”, деган ақидасини очиқ-ошкор айтишлари ҳам жамиятимизда қарор топаётган сўз ҳурлиги “меваси”, ўзига хос янгилик. Аввало, фикр ва сўз эркинлигига дахл кўрсатишдан йироқмиз. Лекин ўз маънавий дунёсининг ғариблиги, интеллектуал заифлик ифодаси ўлароқ қилинаётган ҳасрат ўрнида талқин этиш мумкин бўлган бу сингари изҳорларни эътиборсиз қолдириш гуманистик ғояларга зид деб ўйлаймиз. Бот-бот эслатишга бурчлимиз: газета ўз умрини ўтаб бўлди, деган сўз китоб ўз умрини ўтаб бўлди, деганидир! Нон емай ҳам яшаш мумкин деганидир! Юз йиллар мобайнида таълим-тарбия берган устоз муаллимдан юз ўгириш демакдир!

    Газета ҳам зар, зарнинг қадрини эса заргар билади. Бир ўлмас ҳақиқатни такрорлашдан толмаймиз: электрон нашрларнинг мўъжизаларга бой имкониятлари нечоғли эътироф этилмасин, уларнинг ҳеч бири босма нашрлар салмоғи ўрнини босмайди, босолмайди. Ахборот турли манбалардан олиниши мумкин, фикр-тафаккур эса газетадан – бевосита мутолаа орқали олинади. Ижтимоий фикр газета орқали чархланади, бойитилади, камолга етади. Газета тарихий солнома сифатида юз йилдан кейин ҳам кўзга суртиб ўқилади”.

    Мақола ҳамкасбларимиз орасида кенг муҳокамаларга сабаб бўлди, гўё қоронғуликка нур инди. Ҳатто айрим интернет сайтларда ҳам берилди. Шундан сўнг баҳс-мунозаралар шиддати бироз пасайгандек бўлди.

    ***

    Янги Ўзбекистонда шаклланаётган, тобланаётган янги журналистика, янги матбуот ва янги журналистлар авлоди ҳаёт ва замон кўндаланг қўяётган ҳар қандай муаммонинг оқилона ечимини топишга қодир. Зеро, матбуот ва журналистика – матонатлилар, топқирлар, зукколар майдони!

    Журналист кадрлар етиштириб берадиган олий таълим даргоҳларида талаба ёшларимиз босма оммавий ахборот воситалари ва ноширлик иши, аудиовизуал журналистика, интернет журналистикаси ва менежменти, медиа назарияси ва амалиёти, ҳарбий ва спорт журналистикаси, рақамли медиа, халқаро муносабатлар сингари йигирмадан зиёд таълим йўналиши бўйича юқори малакали профессор-ўқитувчилардан маҳорат сирларини ўрганмоқда.

    Бугуннинг журналисти сўзи ўткирлиги баробарида профессионаллик малакасини, тажрибасини ошириб бориши шарт. Зеро, энди фақат матн билан ўқувчи қалбини забт этиб бўлмайди. Фото, видео, аудио имкониятларидан фойдаланиш, қисқа айтганда, медиаконвергенцияни қўллаш талаб этилади. Ҳозир ўқувчининг, томошабиннинг вақти зиқ. Айни пайтда соҳа вакиллари шунга тайёрланиши керак, бунинг учун эса ўз устида тинимсиз ишлаши, мунтазам изланишига тўғри келади.

    Давлатимиз раҳбари ўтган йили Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари кунидаги табригида “Биз янги Ўзбекистоннинг янги журналистикасини яратиш вазифасини ўз олдимизга қўйган эканмиз, бу борадаги миллий анъаналаримиз билан бирга ривожланган давлатлар тажрибасини ҳам ҳар томонлама ўрганишимиз, оммавий ахборот воситалари бўйича дунёдаги етакчи олийгоҳлар, нуфузли халқаро ташкилотлар ва медиа компаниялар билан ҳамкорлик алоқаларини янада кучайтиришимизни ҳаётнинг ўзи талаб этмоқда”, деб алоҳида таъкидлаган эди.

    Бизда миллий матбуотимизнинг ўз байрами бор. 27 июнь Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни сифатида юртимизда кенг нишонланади. Шу билан бирга, дунё ҳамжамиятида ўз ўрнига эга мамлакат сифатида 3 май санаси муносабати билан ҳам фаолиятимизни сарҳисоб, эришган натижа ва келгуси режаларимизни таҳлил қиламиз.

    Юртимизда 2100 дан зиёд оммавий ахборот воситаси фаолият юритмоқда. Тараққиёт стратегиясида ҳам матбуотнинг роли ва журналистнинг касбий фаолияти ҳимоясини янада кучайтириш, одамларни қийнаётган муаммолар ҳамда ислоҳотларнинг ижроси аҳволини ўрганишда ижод аҳли меҳнатидан самарали фойдаланиш кўзда тутилган.

    Ҳозир дунёда ахборотлашув жараёнларининг таҳдидли жиҳатлари ҳам мавжуд ва улар тобора кучайиб бормоқда. Айрим минтақа ва ҳудудларда матбуот муайян сиёсий кучлар қўлида ахборий урушни авж олдиришга, жамоатчилик фикрини чалғитишга хизмат қилаётгани ачинарлидир. Бугунги мураккаб вазиятда ахборот маконидаги устунлик кўп нарсани ҳал этади.

    Журналистика – заҳматли меҳнат, фаолият. Бу заҳмат бир умр давом этади. Замонлар ўзгаргани сари матбуот олдида янги-янги вазифалар пайдо бўлади. Ҳар бир чиқишида янги сўз айтиш, муштарий онг-шуурига таъсир кўрсатиш, янги фикр ва ғояларга шакллантириш эса осон иш эмас.

    Нодир МАҲМУДОВ,

    “Янги Ўзбекистон” мухбири

    No date selected
    декабр, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates