Россиядаги ота-онаси қарамоғидан маҳрум бўлган, қаровсиз ва ёрдамга муҳтож 19 нафар бола Ўзбекистонга қайтарилди

    Ижтимоий ҳаёт 26 июл 2022 1096

    Бугун Россиядан ота-онаси қарамоғидан маҳрум бўлган, қаровсиз, назоратсиз қолиб кетган ва ёрдамга муҳтож бўлган 19 нафар болалар тегишли мутасадди идоралар ҳамкорлигида Ўзбекистонга олиб келинди.

    Бу ҳақда Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Ахборот хизмати хабар берди.

    Таъкидланишича, Вазирлар Маҳкамасининг (6-сон, 07.01.2020 й.) «Хорижда ота-онаси қарамоғидан маҳрум бўлган Ўзбекистон фуқароларининг болаларини Ўзбекистонга қайтариш тартибини такомиллаштириш тўғрисида»ги қарори ва ИИВнинг тегишли фармойишига асосан ишчи гуруҳ тузилиб, Ички ишлар органлари, ССВ, Ўзбекистоннинг Россиядаги элчихонаси ходимлари ҳамкорлигида ўзга юртда қаровсиз, назоратсиз қолиб, ёрдамга муҳтож Вояга етмаган болаларни ватанга олиб келиш чоралари кўрилди.

    Ишчи гуруҳ аъзолари Россиянинг турли шаҳарларида болалар қаерда сақланаётгани, уларнинг саломатлиги қай аҳволда эканини аниқлаб, керакли ҳужжатларни тўплаган. Сафар давомида қабул қилиб олинган болаларнинг ҳар бири ССВ ходимлари томонидан тиббий кўрикдан ўтказилди ва улар ватанга олиб келинди.