Бу ҳақда Сенатнинг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси раиси Қутбидин Бурханов ва ИИВ Жамоат хавфсизлиги департаменти Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати бошлиғи Шерзод Ибрагимов ҳамда соҳа масъуллари билан учрашда маълум қилинди.
Мулоқот давомида жорий йилнинг 6 ойи давомида республикадаги умумий йўл-транспорт ҳодисалари ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 7,6 фоизга, ўлим билан боғлиқ ҳодисалар 1,1 фоизга, тан жароҳати билан боғлиқ ҳолатлар 9,2 фоизга камайишига эришилгани, бироқ, йўл-транспорт ҳодисалари ва улар оқибатида ҳалок бўлаётганлар сони ҳанузгача юқорилигича қолаётгани афсус билан қайд этилди.
Сенатор 2024 йилнинг биринчи ярмида мамлакат бўйича қонуний равишда ўқиб, ҳайдовчилик гувоҳномасига эга бўлган шахслар томонидан 10 млн 200 мингдан ортиқ қоидабузарлик содир этилганини алоҳида таъкидлаб, хизматнинг янги тайинланган раҳбари олдида нечоғли долзарб ва қайғули масала турганини яна бир бор эслатиб ўтди.
Энг ачинарлиси, 2023 йилда транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум этилган шахслар, рухсатномаси бўлмай туриб яна қайтадан рулга ўтирган. Натижада улар томонидан 707 та йўл-транспорт ҳодисаси содир этилган ва бунинг оқибатда 212 нафар шахс бу дунёдан кўз юмган. 546 нафар шахс эса турли даражадаги тан жароҳатларини олган.
Ҳайдовчилик ҳуқуқидан маҳрум бўлганлар умумий ҳайдовчиларнинг 0,3 фоизини ташкил этади. Аммо улар томонидан содир этилган йўл-транспорт ҳодисалари жами юз берган аварияларнинг 11 фоизини ташкил этган.
Бу каби қонунбузарларнинг касрига юқорида айтиб ўтганимиздек қанчадан қанча оилаларнинг ҳаётига жудоликлар ва мусибатлар тушаётганини тасаввур қилишнинг ўзи оғриқлидир. Ана шундай номақбул кимсаларнинг ҳатти-ҳаракати халқимизнинг қаҳр-ғазабини, турли норозиликларни келтириб чиқармоқда.
Ўз навбатида, Қўмита раиси ЙҲХХ раҳбарига ушбу ҳолатларни олдини олиш алоҳида эътибор қаратиш зарур эканлигини қайд этиб, ўз таклифларини билдирди.
Бунда амалдаги қонунчиликка ўзгартириш киритиш орқали жазо чораларини кучайтириш лозимлиги мақсадга мувофиқлиги алоҳида таъкидланди.