Тараққиётнинг тамал тоши ҳам, мамлакатни қудратли, миллатни буюк қиладиган куч ҳам илм-фан, таълим ва тарбиядир, деган эди Шавкат Мирзиёев. Шунинг учун бу соҳанинг барча босқичлари тубдан ислоҳ қилиниб, комплекс ривожлантирилмоқда. Мамлакатимизнинг Тараққиёт стратегиясида тўртинчи устувор йўналиш айнан таълим соҳасини, инсон капиталини ривожлантиришга қаратилган. Бунга мутаносиб равишда 2023 йилга “Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили”, деб ном берилди.
Таълим сифатини ошириш, болаларни ўқишга қизиқтиришнинг муҳим омили, биринчи навбатда, яхши дарслик. Давлатимиз раҳбарининг 2019 йил 29 апрелдаги фармони билан тасдиқланган Халқ таълими тизимини 2030 йилгача ривожлантириш концепциясида ўқитиш методикасини такомиллаштириш вазифалари белгиланган эди. Шунга мувофиқ, ўтган уч йил давомида дарсликларни янгилаш бўйича иш олиб борилди. Махсус ишчи гуруҳ томонидан илғор хорижий методика асосида 1-4-синф китоблари янгидан тайёрланди.
Кўргазмада давлатимиз раҳбарига ушбу дарсликлар мазмуни ҳақида маълумот берилди. Улар XXI аср кишиси учун энг зарур бўлган “4К” кўникмаси бўйича ишлаб чиқилган (критик фикрлаш, креативлик, коллаборация, коммуникация). Яъни, бу ўқувчиларда танқидий фикрлаш, ижодий ёндашув, жамоада ишлаш ва мулоқот кўникмаларини шакллантиради.
Янги дарсликларни тайёрлашда PISA, PIRLS, TIMSS, EGMA, EGRA каби халқаро дастурлардаги намунавий вазифалар асос қилиб олинган. Дарслик билан бирга машғулот дафтарлари, ўқитувчилар учун методик қўлланмалар ҳам чоп этилган. Шунингдек, бу тизимга Estudy электрон таълим платформаси интеграция қилинган. Ундан дарс пайтида ҳам, бўш вақтда ҳам фойдаланиш мумкин.
Президент янги дарсликлар билан танишиб, уларнинг мазмуни юзасидан тавсиялар берди.
- Дунё педагоглари тажрибасидан фойдаланган яхши. Шу билан бирга, дарсликларда миллий ғоя, аждодларимиз мероси ҳам бўлиши керак. Масалан, жадид боболаримиз таълим бўйича қанча ишлар қилган. Яқинда Элбекни ўқидим. «Қиз болани ўқитган давлат бутун жамиятни ўқитган бўлади» деб ёзган экан. Бизнинг дарсликларимизда бундай гаплар йўқ-ку. Нима демоқчиман? Янги дарсликларни шундай мукаммал тайёрлаш керакки, кейинчалик бунга яна қайтмайлик. Бугунги таълим қирқ йилдан кейин биз ҳақимизда сўзлайди, - деди Шавкат Мирзиёев.
Дарсликларни амалда татбиқ қилиш масаласига ҳам тўхталиб ўтилди.
Мазкур янги дарсликлар халқаро экспертизадан ўтказилиб, пойтахтимиздаги 134-мактабда синаб кўрилди. Бирламчи натижаларга кўра, улар асосида ўқитилган ўқувчиларнинг ўзлаштириш даражаси 88 фоизни ташкил этди. Амалдаги дастур бўйича эса бу 67 фоиз, холос. Кўргазмада мазкур дарслик синовдан ўтказилган бошланғич синф дарси намойиш этилди. Бу мактабда инклюзив таълим тизими асосида алоҳида эҳтиёжи бор ўқувчилар ҳам барча болалар билан бирга сабоқ олмоқда.
Давлатимиз раҳбари ўқитувчи ва болалар билан суҳбатлашди.