Президентга мактуб: "Умид ва ишонч бебаҳо қувват экан"

    Ассалому алайкум, менинг азиз Президентим!

    Москвадан самолётда жонажон юртимизга қайтар эканман, Сизга мактуб ёзиш истаги билан ҳаяжонда эдим.

    Ҳозир Чустда — уйдаман. Аҳволим анча яхши. Сиз билан ўша суҳбатимизда айтолмаган гапларимни шу мактубимда ёзишга журъат қилаяпман.

    ...Тенгдошларим билан айни ўйнаб-кулиб юрган чоғимда тўсатдан тўшакка михланиб қолдим. Унгача эса дастлаб ўнг оёғимда ўқтинўқтин, кейин сурункали оғриқлар бошланди. Ота-о нам мени кўтариб ҳали у шифокорга, ҳали бунисига чопди. Оғриқ эса кучайгандан кучайиб борди. Ўнг оёғимдаги шишни жарроҳлик йўли билан олиб ташлашди. Бироқ бир муддат ўтгач, у яна пайдо бўлди. Аҳволим ўнгланавермагач, бизни Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий марказига юборишди. Шифокорлар ўнг сон орқа юзаси нейроген саркомаси ташхисини қўйди. Уч марта жарроҳлик амалиётини бошдан ўтказдим.

    Муҳтарам Президентим!

    Пойтахтда даволанаётганимга салкам икки йил бўлган кунлар эди. Рамазон ҳайити арафасида марказга Сиз ташриф буюрдингиз. Биз билан алоҳида-алоҳида суҳбатлашиб, орзуларимиз, режаларимиз ҳақида сўрадингиз.

    Сиз билан учрашувимиздан кейин ҳаётим тубдан ўзгарди, дардимга дармон топилди. Бизнинг соғайиб кетишимиз учун бор будини сотиб дори-дармонга сарфлаётган, дард чексак биздан баттар азобланаётган ота-оналаримизнинг кўнглига таскин берди бу учрашув.

    Сиз барча беморлар — биз, албатта, тузалиб чиқишимизга ишонч билдириб, дуо қилдингиз.

    Бемор бўлсангиз-у, боз устига, тушкунликка тушиб қолсангиз, бундан ёмони йўқ экан. Касаллик билан олишарканман, орзу қилишга ҳам чўчирдим. Саволларимга жавоб топа олмай тонг оттирардим. Ички ишлар тизимида ўқиб, Ватанимиз корига ярайман, деб қилган ниятларим амалга ошадими, йўқми — қоронғу эди.

    Ўша куни барча беморларга совға сифатида бадиий китоблар, планшет ва ширинликлар улашдингиз. Мени энг қувонтиргани, дунёнинг қайси четида бўлмасин, худди ўз оёғимдек таянч бўладиган протез келтириб беришингизни айтганингиз бўлди. Яна келажакда ким бўлишимни сўрадингиз. Орзуимни айтдим. Бироқ оёғим йўқлиги учун бу орзу армонга айланиши турган гап эди. Сиз биз билан хайрлашган куннинг эртасигаёқ шу орзуим ҳам амалга ошди. Ички ишлар вазирлиги масъуллари йўл ҳаракати хавфсизлиги ходимининг махсус либоси, ИИВ ЙҲХББ фахрий аъзолик гувоҳномаси ҳамда эсдалик совғалар билан хонамга ташриф буюриб, уларни менга топширди.

    Ҳаммаси кутилмаганда содир бўлди. Бу эса яшашга бўлган ишончимни оширарди. Орадан кўп ўтмай, 3 июнь куни жарроҳлиқ амалиётини ўтказиш учун Россияга юборишди. Отам билан бегона юртда қийналмаслигимиз учун бизга таржимон ҳамроҳлик қилди. Н.Блохин номидаги онкология марказида бир оёғимни операция қилишди. Омон-эсон юртимизга қайтдик.

    Умид ва ишонч бебаҳо қувват экан. Сизнинг ўша кунги менга билдирган ишончингиз туфайли операцияга қўрқмай кирдим. Тажрибали шифокорлар жарроҳликдан сўнг бир ой давомида аҳволимни қатъий назорат қилиб турди. Ҳадемай, икки ойдан сўнг оёғимга Сиз ваъда берган энг яхши протез ўрнатишмоқчи.

    Ота-онамнинг қувончини бир кўрсангиз эди. Эртаю кеч Сизни дуо қилади. Мен эса дилимдагини тилимга кўчиришга ожизман. Чунки мени тушкунликдан Сиз олиб чиқдингиз, шифтга термулиб умидсиз ётган чоғларимда саробга айланаётган орзуларимнинг ушалишига имкон яратдингиз. Нафақат жисмонан, балки руҳан азобланаётган бир пайтимда дардимга дармон бўлдингиз. Бунинг учун Сиздан чексиз миннатдорман.

    Худо хоҳласа, тузалиб, ички ишлар соҳасида ўқиб, менга билдирилган ишончу эътиборингизга муносиб яшашга ҳаракат қиламан.

    Сизга мактуб ёзаяпман-у, кўзимдан ёш қуюлади. Бу — қувонч ёшлари, бу — Сиздек меҳрибон Президенти бор юрт бахтли қизининг меҳр ёшлари...

    Ҳаммаси учун Сизга минг раҳмат айтиб, чексиз миннатдорлик билан қизингиз

    Сабрина ИНСОФАЛИЕВА.

    Наманган вилояти Чуст тумани

    No date selected
    май, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates