Азим Бухоро асрлар давомида жаҳон цивилизацияси тараққиётига улкан ҳисса қўшиб келаётган ва ҳақли равишда шарифлик мақомига сазовор бўлган кўҳна ҳудуд ҳисобланади. Бугун вилоятнинг қайси гўшасига борманг, бунёдкорлик, яратувчанликка гувоҳ бўласиз. Шаҳар ва қишлоқлар узра янгиланишлар, ўзгаришлар эпкини эсмоқда. Эл-юрт бунёдкорлик оғушида яшамоқда.
Бунга биргина Бухоро тумани мисолида қарайдиган бўлсак, мазкур туман ҳозирда тамомила янгича қиёфага эга. Ҳудуд бўйлаб сайр қилсангиз, наҳотки озгина фурсатда, кўзни қувнатиб, дилни яйратадиган шунча ўзгариш ва янгиланишлар рўй берган бўлса дея ўйлаб қоласиз. Кечаги туманни бугунгиси билан таққослаб бўлмайди.
2023 йилнинг 17 февраль куни Президентимиз Бухоро вилоятига ташрифи чоғида мазкур туманнинг Работиқалмоқ маҳалласида бўлиб, у ердаги ўзгаришларни кўриб, аҳоли ҳаёти билан танишар экан:
«Маҳалладаги ўзгаришларни, сизнинг ишли бўлганингизни кўриб, хурсанд бўлдим. Булар – халқ ичига кириб, халқ билан бирга қилаётган саъй-ҳаракатларимизнинг кичик бир натижаси. Агар ҳокимлик ва ташкилотлар шароит яратиб беролса, ҳар бир оила ўзини эплаб кетолса, мақсадимга эришган бўламан. Шунда катта оиламиз – давлатимиз ҳам мустаҳкам бўлади» деган сўзларни бежизга айтмаган эди.
Чиндан ҳам, Бухоро туманининг Работиқалмоқ маҳалласида одамларнинг фаворон яшаши, тайинли ишли, даромадли бўлиши, учун барча шарт-шароитлар ва қулайликлар мавжуд.
Сўнгги йиллардаги ислоҳотлар боис, маҳаллада ўндан ортиқ савдо-сервис шохобчаларининг ташкил этилиши, тадбиркорларга хизмат кўрсатиш марказининг иш бошлаши, маҳалла фуқаролар йиғини биносининг мукаммал таъмири, «Отахонлар чойхонаси», маҳалла кутубхонаси, спорт майдончаси ва хиёбонларнинг барпо қилиниши ҳам бугунги ислоҳотларнинг бўйчан бир кўриниши ҳисобланади аслида.
Работиқалмоқ маҳалласида илгари фойдаланилмай ётган, эски, қаровсиз майдонда катта бир тикувчилик корхонаси иш бошлаб, маҳалланинг 30 дан зиёд хотин-қизи ишли бўлди. Очилганига унчалик кўп вақт бўлмаган корхонанинг 100 минг донадан ортиқ трикотаж маҳсулотлари учун буюртма қабул қилиб, қизғин фаолият олиб бораётгани ҳам замон талаби.
Айниқса, маҳалладаги «Шейхон этно-маркази» фаолияти, ундаги миллий анъаналарнинг, қадимги урф-одатларнинг асл кўриниши кўпчиликни бефарқ қолдирмайди.
— Туманимиз вилоятнинг сайёҳлик салоҳияти бой ҳудудларидан бири ҳисобланиб, Бухоро шаҳрига яқин масофада, халқаро магистраль йўл бўйида жойлашган. Одамларнинг яшаш шароитларини яхшилаш, тайинли ишли, доимий даромад манбаига эга бўлиши, оиласи билан тинч-хотиржам яшаши учун салмоқли ишларни олиб бормоқдамиз, — дейди туман ҳокими Анваржон Очилов. — 8 мингдан зиёд аҳоли яшайдиган Работиқалмоқ маҳалласи эса сўнгги йиллардаги янгиланишлар натижасида бутунлай ўзгача қиёфага эга бўлди. «Шейхан этно-маркази» ва «Нақшбанд» ҳунармандчилик марказларининг ташкил этилиши, нафақат маҳаллий, балки хорижий сайёҳлар оқимининг кўпайишига ҳам сабаб бўлмоқда. «Шейхан этно-маркази» ёзги ва қишки ҳовлидан иборат. Лойиҳа қиймати 400 минг АҚШ доллари бўлган бу маскан 15 сотих ерда барпо этилган. Маҳаллий туристик компаниялар билан ҳамкорликда этномарказни янги туристик йўналишга киритиш мақсад қилинганмиз. Энг асосийси ва қизиғи, бу ерга келадиган хоҳ маҳаллий, хоҳ хорижий сайёҳ бўлсин, ушбу марказ фаолиятида бевосита ўзи ҳам иштирок этиши мумкин. Марказда миллий-этник таомлар тайёрлаш бўйича мастер-класслар ҳам ўтказилади. Ҳали бу ерда қилинадиган ишлар, мақсадли режаларимиз, янги лойиҳаларимиз жуда кўп...
Бухоронинг қадим гўшаларини зиёрат қила туриб, мазкур ҳудудга бориб қолсангиз, биринчи ўринда, бу масканнинг табиати, бугунги кунда кам учрайдиган мажнунтол ва қора тол дарахтлари сизни мафтун этиши бор гап. Маҳаллада ташкил этилган «Шейхан этно-маркази»нинг таърифи эса ҳеч бир мақтовга сиғмайди. Хорижлик ва маҳаллий сайёҳларнинг севимли масканига айланаётган бу ерда барча шароитлар яратилган. Мўъжаз маскан яқин келажакда нафақат вилоятнинг, балки республикамизнинг кўзга кўринган янгича туристик салоҳиятини намоён этувчи кўзгу бўлишига шубҳа йўқ.
Келинг, шу ерда узоқ йиллик тарихга эга аҳоли турмуш-тарзи ҳақида қисқача маълумот бериб ўтамиз. Бу ҳудудда истиқомат қилувчи аҳоли азалдан деҳқончилик, ҳунармандчилик ва савдо-сотиқ билан шуғулланиб келган. Эътиборли жиҳати, бу ернинг ўзига хос тарихи, қадимий иншоотлари, миллий урф-одатлари бугунги кунга қадар аслича сақланиб қолган. Этник ҳудудда туризм кластерини ташкил этишда шўрданак, қуруқ мевалар, миллий ширинликлар, полиз экинлари ва ҳунармандчилик маҳсулотларини тайёрлаш жараёнининг авлоддан-авлодга ўтиб келиши каби қадриятлар муҳим аҳамият касб этади.
Ушбу маҳсулотларни тайёрлашда қишлоқ аёллари ҳар бир кўчадан битта хонадонда йиғилишиб, қадимги урф-одатлар, миллий куй-қўшиқларни ижро этиб, лапархонлик қилишади. Қадимги ривоятлар ва гўзал қадриятларни ёшлар онгу-шуурига сингдириш жараёнида меҳнат қилишни ҳам одат тусига айлантиришган. Сайёҳлар учун қишлоқ турмуш тарзини намойиш этиш бўйича, этнотуризм маркази, қўшимча туристик хизматларни ташкил этиш бўйича бир қанча ишларни олиб боришга киришган.
Бу ерга келганлар халқ амалий санъатининг маҳаллий ҳунармандчилик маҳсулотлари кўргазмаси, фольклор намуналари билан танишиши, қолаверса, миллийлигимизни акс эттирувчи жуда кўплаб қизиқарли лойиҳаларда ўзлари ҳам иштирок этиш имконига эга бўладилар.
Қолаверса, марказ ҳудудида «жонли бурчак», яъни турли уй ҳайвонларини парваришлаш ва кўпайтириш ҳам кўзда тутилган. Маскан ёнида катта яшил боғ, сўлим гўша ҳар бир экотуристик манзил сари ошиқувчиларга бирдай манзур бўлмоқда.
Бундан ташқари, одамларга маънавий-маданий ором бағишловчи янги-янги лойиҳаларнинг амалга оширилиши ҳам кўзда тутилмоқда. Шунинг баробарида, ҳудудда супермаркет, дорихона, гўзаллик салони, ахборот маркази, тикув цехи, туроператорлик офиси, почта хизмати, авиа ва темир йўл чипталари кассаси, сувенир дўкони каби жуда кўплаб хизмат кўрсатиш тармоқлари мавжуд.
Қисқа ва лўндагина қилиб айтадиган бўлсак, «Шейхан этно-маркази» кўҳна ва азим Бухоронинг кичик бир ҳудудида жойлашган янги туристик маскан. Барчани бирдай ўзига чорловчи, қадриятларимиз жамулжам бўлган гўша. Йўлингиз тушса, албатта, боринг, кетган вақтингизга, юрган йўлингизга сира ачинмайсиз.
Гуличеҳра ДУРДИЕВА,
«Янги Ўзбекистон» мухбири