Бу ҳақда Ўзбекистон Фанлар академияси Тарих институти хабар берди.
Тошкент вилояти ҳокимлиги ҳомийлигида амалга оширилаётган археологик қазишмаларнинг навбатдаги кунида институт археологлари томонидан ноёб топилма – милодий 10-11-юзйилликларга оид деворий суратлар аниқланди.
Суратлар қадимги Қанқа шаҳри шаҳристонида жойлашган катта карвонсарой ҳудудида топилди. Қадимги шаҳарнинг жанубий дарвозасидан тахминан 60 метр масофада жойлашган бу карвонсаройнинг умумий ўлчами тахминан 100×70 метрни ташкил этади. Бино ўзининг меъморий маҳобати билан ажралиб туради.
Карвонсарой хоналаридан бирида олиб борилаётган қазув жараёнида хоналар деворларидан қулаб тушган деворий сурат бўлаклари аниқланди. Улар 25×30, 15×20 ва 30×35 сантиметр ўлчамда бўлиб, бу карвонсарой хоналари деворий суратлар билан безатилганини тасдиқлайди.
Топилмалар араблар босқинидан кейин маълум вақт йўқолиб кетган деворий безак санъати Тошкент ҳудудида ҳам 10–11-юзйилликларда қайта тикланганини кўрсатади.
Археологик маълумотларга кўра, шунга ўхшаш деворий расмлар Самарқанд ва Ахсикент ёдгорликларида ҳам аниқланган. Маданий мерос агентлиги Самарқанд археология институти реставраторлари иштирокида ўрганилаётган ушбу суратлар Тошкентда ҳам деворий суратчилик мактаби мавжуд бўлганини кўрсатади.
Ёдгорликда 2023 йилда олиб борилган археологик изланишлар давомида 5–7-юзйилликларга оид деворий суратлари қайд этилган эди.
Қанқа шаҳридаги ушбу топилма нафақат ҳудуднинг маданий ҳаёти ва санъат ривожини ёритишда, балки Тошкент воҳаси ўрта асрлар тарихини янги қиррадан ўрганишда муҳим аҳамият касб этади.








