Техник регламент муомалага чиқарилган тайёр маҳсулотлар бўлган металл, полимер, пластмасса, қоғоз, картон, шиша, резина, резинопластик ва композит материаллар, тўқимачилик материаллари, керамика асосидаги қадоқларга, шу жумладан, қадоқлар ва қадоқларни ёпиш воситалари хавфсизлигига нисбатан қўйиладиган ягона талабларни белгилайди.
Техник регламент талаблари тиббиёт техникаси, жиҳозлари ва ускуналари, дори-дармонлар, фармацевтика маҳсулотлари, тамаки маҳсулотлари ва хавфли юкларни, шунингдек, юк контейнерлари ва юкларни автомобиль, темир йўл, денгиз ва ҳаво транспортида ташиш учун тагликларни (поддон) қадоқлашга нисбатан татбиқ этилмайди.
Қадоқлар ва қадоқларни ёпиш воситалари Техник регламентда белгиланган тартибда маҳсулот мувофиқлиги баҳолангандан кейин тасдиқловчи ҳужжатлар асосида эркин муомалага чиқарилади.
Қадоқлар ва қадоқларни ёпиш воситаларини сақлаш, ташиш ва йўқ қилиш жараёнлари хавфсизлик талабларига жавоб бериши керак.
Қадоқлар хавфсизлиги қуйидаги талаблар билан таъминланиши керак:
— озиқ-овқат маҳсулотига тегиб турадиган материалларнинг санитария-гигиена кўрсаткичлари бўйича;
— физик-механик кўрсаткичлар;
— герметиклик.