Қонун лойиҳаси: Сохта табибларга нисбатан жавобгарлик белгиланади

    Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида бир гуруҳ депутатлар томонидан қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи асосида ишлаб чиқилган — «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси биринчи ўқишда концептуал жиҳатдан кўриб чиқилди.

    Таъкидланганидек, «Фуқаролар соғлиғини сақлаш тўғрисида»ги Қонунда соғлиқни сақлаш амалиётида ташхис қўйиш ва даволашнинг фақат қўллашга рухсат этилган усулларидан фойдаланилиши белгиланган.

    Аммо ташхис қўйиш ва даволашнинг рухсат этилмаган усулларини қўллаган ҳолда тиббий ёрдам кўрсатганлик учун жавобгарлик чоралари назарда тутилмаган.

    Мазкур қонун билан фуқароларга тиббий ташхис қўйиш ва уларни даволаш хизматларини халқ табобати соҳасидаги фаолият билан шуғулланиш ҳуқуқига эга бўлмаган шахс томонидан кўрсатганлик, шунингдек хизматларни халқ табобати йўналишида рухсат этилмаган усулларни қўллаган ҳолда моддий қимматликлар олиш ёки мулкий наф олиш эвазига кўрсатганлик учун маъмурий жавобгарлик белгиланяпти.

    Шу билан бирга, мазкур хизматларни омма олдида тарғиб қилганлик учун маъмурий жавобгарлик ўрнатилади. Бундан ташқари, «Реклама тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни халқ табобати йўналишида рухсат этилмаган усулларни қўллаган ҳолда фуқароларга тиббий ташхис қўйиш ва уларни даволаш хизматларини реклама қилишни тақиқловчи норма билан тўлдириляпти.

    Қонун лойиҳаси депутатлар томонидан учинчи ўқишда қабул қилинди, деб хабар беради Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати.

    No date selected
    декабр, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates