Қўшработда йирик тўқимачилик корхонаси иш бошлади

    Янги корхона экспортни кўзлаяпти

    Қўшработ тумани Самарқанд вилоятининг олис ҳудудларидан ҳисобланади. Бугун туманнинг Чиммос маҳалласида “Шарқ саноат” концерни томонидан барпо этилган янги йирик трикотаж фабрикаси иш бошлади. 38,5 миллиард сўм маблағ сарфланган мазкур корхона “Зарафшон текстиль” тузилмасининг юртимиздаги 11 ишлаб чиқариш корхонаси сифатида қайд этилди.

    — Ўтган йил апрель орйида Европа Иттифоқининг барқарор ривожланиш ва самарали бошқарув бўйича махсус преференциялар тизими (GSP+) кучга кирган эди, бу эса маҳсулотларимизни Европа давлатларига тўсиқсиз сотиш имкониятини берди, — дейди “Шарқ саноат” концерни таъсисчиси Шавкат Шарипов. — Натижада дунёнинг катта компаниялари биз билан ҳамкорлик шартномалари тузишмоқда.

    Ўтган йили концернимиз 92 миллион долларлик маҳсулот экспорт қилди. Шундан 43 миллион долларини мевалар ва 49 миллион долларини енгил саноат маҳсулотлари ташкил этади. Жорий йилда эса экспорт ҳажмини 125 миллион долларга етказишни режалаштиряпмиз.

    Янги корхона йилига 3,5 миллион дона тайёр трикотаж маҳсулотлари тайёрлаш қувватига эга ва тўлиқ экспорт қилиш эвазига йилига 8 миллион доллар даромад олиш мўлжалланган. Бунинг учун эса хорижий харидорлар билан шартномалар имзоланган.

    Чиммос маҳалласида 2400 нафар аҳоли истиқомат қилади. Корхонанинг ишга туширилиши 500 нафар ишсиз аёлларни иш билан таъминлади. Лойиҳа доирасида янги бино қурилиб, ишлаб чиқариш жараёнига туркиялик ва маҳаллий мутахассислар жалб этилган ҳолда, хотин-қизларга тикувчилик кўникмалари ўргатилмоқда. Корхонада ишчилар учун бепул тушлик ва автобус хизмати ташкил этилган, меҳнатга ҳақ тўлаш эса ишбай шаклида олиб борилади.

    Ушбу корхона тумандаги биринчи йирик тўқимачилик корхонаси ҳисобланади.

    Ўктам ХУДОЙБЕРДИЕВ,

    журналист

    No date selected
    май, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates