Рамазон — эзгулик ва шукроналик тимсоли

    Янги Ўзбекистонни барпо этишдек улуғвор вазифани амалга оширишда биз энг аввало қадимий тарихимиз ва бой маданиятимизга, юксак инсонпарварлик тамойилларини ўзида мужассам этган миллий ва диний қадриятларимизга таянамиз.

    Жамиятимизда тинчлик, дўстлик, меҳр-оқибат ва бағрикенглик муҳитини мустаҳкамлашга хизмат қиладиган муқаддас Рамазон ойининг бу борада алоҳида ўрни ва аҳамияти бор.

    Бутун дунё мусулмонлари қатори халқимиз учун эзгулик, меҳр-мурувват, саховат, олижаноблик ва шукроналик тимсоли бўлган муборак Рамазон ойини муносиб кутиб олиш ва юқори савияда ўтказиш, диний-маърифий, маданий қадриятларимизни асраб-авайлаш ва улуғлаш мақсадида 2024 йил 7 мартда Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори қабул қилинди.

    Қарорда давлат идоралари жамоат ташкилотлари билан биргаликда Рамазон ойини миллий анъана ва қадриятларга мос ва муносиб тарзда ўтказиш вазифаси белгиланди.

    Ўзбекистонда Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг Халқ дипломатияси маркази устувор вазифалари ҳам Ташкилотга аъзо мамлакатлар ўртасида ўзаро ишонч ва яхши қўшничиликни, миллатлараро ва динлараро тотувликни мустаҳкамлашга қаратилган.

    Айнан шу мақсадда жорий йилнинг 8 апрель санасида Марказ томонидан пойтахтимиздаги City Palace Hotel меҳмонхонасида ифторлик маросими ўтказилди.

    Унга вазирлик ва идоралар мутасаддилари, парламент аъзолари, Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо, кузатувчи ва мулоқот бўйича шерик давлатларнинг Тошкентдаги элчилари, юртимизда фаолият юритаётган турли конфессия вакиллари ва миллий маданий марказлар раҳбарлари таклиф этилди.

    Аҳиллик ва ҳамжиҳатлик муҳитида ўтган ушбу тадбир юртимиздаги турли миллат ва дин вакиллари ўртасидаги тотувликни, ўзаро ишонч, яхши қўшничилик ва ҳурмат муҳитини мустаҳкамлашга хизмат қилди.

    Муқаддас Рамазон ойи якунланиб, Ийдул Фитр айёмига ҳам саноқли дамлар қолмоқда. Шу фурсатдан фойдаланиб, Халқ дипломатияси маркази барча юртдошларимизни ушбу муборак айём билан самимий муборакбод этади.

    Барчага тинчлик-хотиржамлик, осойишталик ва қут-барака тилаймиз.

    Рамазон ҳайити муборак бўлсин!

    No date selected
    май, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates