Рақамлаштирилаётган кадастр ҳар бир қарич ерни ҳисобга олишда муҳим аҳамиятга эга

    Рақамлаштириш 9 июн 2023 2368

    Айвонда ёнбошлаб ётган Козимжон ака ошхона шифтига қалдирғочлар ин солаётганини синчиклаб кузатди. Ҳадемай полапонлар “чуғур-чуғури” эшитилади. Шулар ҳақида хаёл сураркан, ўзининг болалари ҳам улғайиб қолганини эслади. Уйларни кенгайтириш, қўшимча хоналар қуриш лозимлигини тушунди.

    Аммо ҳатто яшаётган иншоотининг ҳужжати йўқлиги, янгисига лойиҳа тузиши ва тасдиқлатиши кераклиги ёдига тушди. Бу масалаларни анчадан буён кечиктирар, негадир ҳадикда эди. Яқинда маҳаллада кадастр бўлими масъуллари айланиб юрганини билгач, дарров дарвозани ичидан қулфлаб қўйганди. Энди бемалол иш бошлаши учун барчаси қонуний бўлиши шартлигини англади. Токчадаги зарур ҳужжатларни қўлтиқлаб, туман марказидаги ўша ташкилотга йўл олди...

    Мамлакатимиздаги изчил ислоҳотлар замирида инсонга бўлган эътибор ва халқ фаровонлигини таъминлаш устувор вазифа этиб белгиланган. Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан миллат бойлиги саналган ер майдонларини асраб-авайлаш борасида ҳамда фуқароларнинг мулк ҳуқуқи ва дахлсизлиги, уни ишончли ҳимоялашга қаратилган қатор қонунлар ва фармонлар қабул қилинди.

    Хусусан, юртимизда тадбиркорлик ва шаҳарсозлик учун ер участкаларини мулк ва ижара ҳуқуқи асосида очиқ аукцион орқали реализация қилиш, қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерларни эса деҳқон хўжалигини юритиш учун ижара ҳуқуқи асосида очиқ электрон танлов орқали бериш, жисмоний ва юридик шахсларга тегишли бўлган ер участкаларини хусусийлаштириш орқали ерни бозор активига айлантириш каби саъй-ҳаракатлар шиддатли суръатларда кечмоқда. Шу ўринда, ер участкаларидан оқилона фойдаланиш тизимини йўлга қўйиш, ерлар, айниқса, қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерларни талон-тарож қилинишининг олдини олиш, жараёнларга ахборот технологияларини кенг қўллаган ҳолда давлат назорати самарадорлигини ошириш чора-тадбирларига алоҳида аҳамият берилди.

    Ўзбекистон Президентининг 2022 йил 8 июндаги “Ер муносабатларида тенглик ва шаффофликни таъминлаш, ерга бўлган ҳуқуқларни ишончли ҳимоя қилиш ва уларни бозор активига айлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 6243-сонли Фармони талаблари ва топшириқлар ижросини ўз вақтида ва сифатли таъминлаш масаласи Наманган вилоятида қай даражада?

    - Ушбу вазифалар ижросини таъминлашда бошқармамиз ҳамда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, ҳамкор ташкилотлар, ҳоким ёрдамчилари билан биргаликда иш ташкил этилиб, ерга оид ҳуқуқбузарликлар мониторинги юритилмоқда, - дейди Кадастр агентлигининг Наманган вилояти бошқармаси бошлиғи Баҳромжон Фозилов. - Хусусан, бошқарма ва унинг туман, шаҳар бўлимлари 2022 йилда ер ва кадастр назорати тадбирлари чоғида жами 1 минг 162 та ҳолатда 530 гектар саккиз тоифадаги ер майдонларини хўжасизларча эгаллаб олиш ҳолатларини аниқлади. Шундан қатъий тартибда профилактик тушунтиришлар ҳамда кўрсатма асосида 976 та ҳолатда 490 гектар ёки 84 фоиз ер қонунбузилишини фуқаролар ихтиёрий равишда бартараф этишди. Ўз хоҳиши билан бартараф қилинмаган 40,7 гектар ер майдонида ҳуқуқбузарлик содир этган 186 нафар шахсга ноқонуний қурилмаларини мажбурий буздириш юзасидан судларга даъво аризалари киритилди. 70 та даъво ариза эса судларда қаноатлантирилиб, мажбурий ижрога йўналтирилди.

    Хўжасизларча фойдаланиш ва ер хусусидаги низолар бартараф этилади

    Сен менга тегма, мен эса сенга, дейдиган пайтлар ўтди. Қўшма назорат тадбирларига мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси билан Кадастр агентлиги ўртасида тасдиқланган “Ерлардан мақсадли фойдаланиш ҳамда давлат кадастрларини юритиш соҳасида қонунийликни таъминлаш бўйича ҳамкорлик тўғрисида”ги тартибга биноан, 27 та ҳолатда жиноят аломатлари бўлган иш ҳужжатлари Ўзбекистон Республикаси ЖПКнинг 329-330-моддалари талаблари асосида ҳуқуқий баҳо бериш учун прокуратура органларига юборилди.

    Кадастр агентлиги Наманган вилояти бошқармаси ер ва кадастр назорати бўлими бошлиғи Дилшод Сотиболдиевнинг айтишича, Чортоқ туманида ўтказилган назорат тадбирида фуқаро Орифжон Султонов “Ойқирон миришкорлари” ҳудудида, хўжалик харитасининг 544 контуридаги, тупроқ унумдорлиги жиҳатидан 45 балл бонитет (унумдорлик кўрсаткичи, баҳоси)га тенг бўлган боғнинг 2,4 сотох ер майдонида молхонани, фуқаро Ҳасанбой Султонов эса хусусий мулки – “Ҳазратишоҳ миришкорлари” агрофирмаси, хўжалик харитасининг 395 қисм контуридаги, тупроқ унумдорлиги жиҳатидан 81 балл бонитетга тенг бўлган боғ 2 сотох ер майдонида уй-жойни ҳеч қандай ҳуқуқий ҳужжатларсиз, ўзбошимчалик билан қуриб олишган экан.

    Фуқаролар О.Султонов ва Ҳ.Султоновлар Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 60-моддаси, 3-қисмида кўрсатилган ҳуқуқбузарликни содир этишгани сабабли маъмурий баённома расмийлаштирилиб, уларнинг ҳар бири 40,5 млн. сўм миқдорида маъмурий жавобгарликка тортилди. Уйчи туманида яшовчи фуқаро Зокиржон Жўраевнинг тумандаги “Мирзо Улуғбек” массивида, “Туман Агропилла” МЧЖ тасарруфидаги хўжалик харитасининг 142 қисм-контурида тупроқ унумдорлиги жиҳатидан 64 балл бонитетга тенг тутзорнинг 7 сотихида ер майдонига рухсат берувчи ҳужжатларсиз қуртхона ва уй-жой қуриб олганлиги, ноқонуний қурилмани ихтиёрий бартараф этишга доир маъмурий баённома тузилди. Фуқаро З.Жўраев қонунга бўйсунмаганидан кейин унинг қилмишига ЖПКнинг 329-330-моддалари талаблари билан ҳуқуқий баҳо бериш учун прокуратура органларига жўнатилди.

    Ҳисобот йилида 131 та ҳолатда ерлардан мақсадсиз фойдаланиш ҳолатлари аниқланиб, 119 та ҳолатда туман ҳокимликларига тақдимномалар киритилди. Шундан 57 тасида 818 гектар ер майдонини туман ҳокимликлари захирасига қайтарилиши таъминланди. Кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш учун ўз вақтида ваколатли органларга мурожаат этмасликка оид жами 2 минг 335 та ҳолатга чоралар кўрилди.

    Аҳоли мурожаатлари билан ишлаш таҳлили

    Ҳар бир мурожаат ортида инсон тақдири ётади. Президентнинг Халқ қабулхоналари ва виртуал қабулхонаси халқ билан мулоқот қилиш, аҳоли мурожаатлари билан ишлашнинг замонавий тизимига айланди. Вилоят кадастр соҳасида ҳам мурожаатларни дарҳол кўриб чиқиш, такрорий мурожаатларга йўл қўймаслик учун мутасаддилар туманларнинг олис ва чегара манзилларида мунтазам сайёр қабуллар уюштиришмоқда. Муаммоли масалаларни ҳудудларга чиқиб, жойида ўрганилмоқда.

    Кадастр агентлиги Наманган вилоят бошқармасига 2022 йилда юридик ва жисмоний шахсларнинг 1 минг 79 та мурожаат тушган бўлиб, улар 2021 йилга нисбатан 204 тага ошган. Бу аҳоли ва тадбиркорларнинг ер муносабатларида ер майдонларига бўлган талаблар ортганлигини кўрсатмоқда. Улардан 842 таси, яъни 78 фоизи ижобий ҳал қилинди ва 237 та мурожаатга ҳуқуқий тушунча берилди. Юқори ташкилотлардан келган жами 2 минг 461 та мурожаатни малакали мутахассис ўрганиб, белгиланган тартибда жавоб берилди. Улардан 1 минг 172 та мурожаатда кўтарилган масалалар (72 фоиз) ижобий ҳал этилди, 1 минг 289 тасига (28 фоиз) эса ҳуқуқий тушунтирилди.

    Шунингдек, кадастр соҳасидаги янгиликлардан аҳоли ва тадбиркорларни хабардор этиш учун ер майдонлари турлари, тоифалари, ер майдони ажратиш тартиби, бунда аукцион ва электрон танлов асосида ер майдонлари ажратиш тартиблари, кадастр ҳужжати тайёрлаш ва давлат рўйхатидан ўтказиш учун зарур бўладиган ҳуқуқий ҳужжатлар, уй-жой мероси ва бошқа кўпчиликни қизиқтирган масалаларда оммавий ахборот воситалари орқали тарғибот ишлари кучайтирилди.

    Очиқ ва шаффоф тизим

    Замон ривожланиб, ҳар қадамдаги қулайликлар боис ишингиз тез битади. Рақамлаштириш, ахборот-коммуникация технологияларини жорий қилиш – замон талаби. Кадастр маълумотлар базасини юритиш ҳамда вилоятда ер ва мол-мулк солиғини ҳисоблаш сиёсатини тизимлаштириш ва актуаллигини таъминлаш, маҳаллий бюджетни барқарорлаштириш мақсадида Давлат кадастрлари палатаси Наманган вилояти бошқармасининг туман (шаҳар) филиаллари жисмоний ва юридик шахсларга тегишли турар ва нотурар-жойларни атрибутив маълумотлар базасини Кадастр агентлигининг “Кўчмас мулк-3” интеграциялашган ахборот тизими кўмагида юритмоқда. Ҳозирда кадастр маълумотлар базасида вилоят бўйича қарийб 612 мингта кўчмас мулкнинг атрибутив маълумотлари ҳамда 623 мингдан ортиқ мулкдорлар тўғрисидаги маълумотлар шакллантирилди. Натижада юридик ва жисмоний шахсларга тез, сифатли кадастр хизмати кўрсатиш имконияти яратилди.

    - Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 2 сентябрдаги “Кадастр соҳасида айрим давлат хизматлари кўрсатишнинг маъмурий регламентларини тасдиқлаш тўғрисида” 535-сонли қарорига асосан илгари узоқ фурсатда бажарилган кадастр хизматлари эндиликда хизмат турига қараб 2-7 кунда бажарилмоқда, - дейди Кадастр агентлигининг Давлат кадастрлари палатаси Наманган вилояти бошқармаси бошлиғи Қодир Ғаффоров. - Кадастр тизими ходимлари “хонадонбай” иш ташкил қилишлари самараси ўлароқ, 2022 йил мобайнида кадастр маълумотлар базасига аввал ҳисобда бўлмаган 19 мингдан ортиқ кўчмас мулк ҳақидаги маълумотлар ҳисобга олиниб, давлат рўйхатидан ўтказилди. Мазкур кадастр йиғма жилдларининг мулк қиймати 1 трлн. 492 млрд. сўмга етди. Натижада фуқароларга қулайлик яратилиб, банк кредити ва субсидия олиш, ипотека расмийлаштиришлари учун имкониятлар кенгайди.

    Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 10 сентябрдаги “Деҳқон хўжаликлари ташкил этишни қўллаб-қувватлаш орқали аҳоли даромадларини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги 373-сонли қарори ижроси юзасидан 2022 йилда фермер хўжаликлари ва кластерлардан захирага олинган 8 минг 541 гектар ер майдони вилоят ҳокимининг тегишли қарорларига ҳамда туман ҳокимликларининг буюртма хатларига асосан, туман ҳокимликлари номига давлат мулки сифатида давлат рўйхатидан ўтказилди. Бу ер майдонлари аҳоли тарафидан деҳқон хўжаликлари юритишга 61 минг 555 та лотга бўлиниб, очиқ электрон савдога чиқарилди. Танлов ғолиблари бўлган 58 минг 628 нафар фуқарога 30 йилгача ердан фойдаланиш учун ижара шартномалари имзоланиб, давлат рўйхатидан ўтказилди. Улар ўз оила аъзолари билан ўша ерда меҳнат қилиб, даромадларини оширишга ва 150 мингдан зиёд иш ўрни яратиш учун зўр имкон туғилди. Бу шунча оилада моддий аҳвол яхшиланади, шунча қалбга қувонч, шодлик киради, деганидир.

    Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 14 февралдаги “Қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкаларини хусусийлаштириш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни амалга ошириш чора-тадбирлари ҳақида”ги 71-сонли қарори ижроси билан Наманган вилоятида Давлат хизматлари марказлари ҳамда ягона интерактив давлат хизматлари орқали ер участкаларини хусусийлаштириш учун жами 2 минг 936 та буюртма 170,4 гектар ер майдони ҳақидаги маълумотлар “Yerxususiylashtirish” автоматлаштирилган ахборот тизимига киритилди.

    Ушбу қарор ижроси билан жами 7 минг 624 та (172 гектар) ер участкаси “Yerelektron” автоматлаштирилган ахборот тизимига киритилиб, ваколатли ташкилотлар томонидан 3 минг 84 та (53 гектар) ер участкасига ижобий хулосалар олингач, “E-Ijro auksion” электрон савдо майдончасига чиқарилган ва 15 миллиардан зиёд сўмга тадбиркорларга сотилди. Бугунги кун ҳолатида 2 минг 465 та (65,3 гектар) ер участкалари 41,687 млрд. сўм бошланғич нарх билан “E-Ijro auksion” электрон савдо майдончасида турибди. Натижада тадбиркорлик фаолиятини юритиш учун ер майдонлари ажратилишида очиқ ва шаффоф тизим шакллантирилди.

    Кадастр паспорти “онлайн” тарзда расмийлаштириляптими?

    Ҳужжатларинг шай турса ва камчилиги бўлмаса, хотиржам юрасан киши. Аҳолининг турар ва нотурар жойларига кадастр ҳужжатларини расмийлаштиришда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 2 сентябрдаги “Кадастр соҳасида айрим давлат хизматлари кўрсатишнинг маъмурий регламентларини тасдиқлаш тўғрисида”ги 535-сонли қарорига асосан бугунга қадар мурожаат этган юридик ва жисмоний шахсларнинг кадастр паспортларини тайёрлашга буюртмалар ҳамда ижроси жараёнлари “Davreestr Pro2” дастури орқали электрон тарзда зудликда ва сифатли хизмат кўрсатилишига эришилмоқда.

    2022 йилда электрон тарзда кадастр ҳужжатларини расмийлаштириш учун жами 60 минг 323 та мурожаат келиб тушган. Шундан 41 минг 180 таси ижобий ҳал қилинди, 1 минг 313 таси ижро этилиб тўлови кутилмоқда, қолган 17 минг 96 та мурожаатчи билан ҳужжатларни расмийлаштириш учун иш ташкиллаштирилди. Мурожаатларнинг 7 минг 882 таси кўп қаватли уйдаги хонадонлар, 10 минг 626 таси нотурар-жой объектлари, 35 минг 504 таси якка тартибдаги турар-жой объектлари, 5 минг 994 таси ер участкаларига кадастр паспорти ўрнатилган тартибда, ўз вақтида расмийлаштириб берилди.

    Давлат рўйхатидан ўтмаган турар жой объектлари хатловга олинади

    Баъзилар “Хатга тушдинг, ўтга тушдинг” қабилида хато фикрлайди. Аксинча, таркибга қўшилсанг, турли имтиёзларга эга бўлишинг мумкин.

    Ўзбекистон Президенти раҳбарлигида 2022 йил 18 июль куни “Аҳолига бўлиб берилган экин ерлари ва томорқа участкаларидан самарали фойдаланиш бўйича устувор вазифалар тўғрисида” ўтказилган видеоселектор йиғилишида кадастр тизимига аҳоли хонадонларини “маҳаллабай” таҳлил қилиб, уй-жойга эгалик ҳуқуқини тасдиқловчи кадастр ҳужжатига эга бўлмаган хонадонларнинг электрон рўйхатини шакллантириш ва уй-жойга эгалик ҳуқуқини эътироф этишга асос бўлувчи ҳужжатларни тўплаб, электрон базага киритиш вазифаси юклатилганди.

    Давлат кадастрлари палатаси Наманган вилояти бошқармаси бошлиғи ўринбосари Аҳадхон Насриддиновнинг билдиришича, айни топшириқ ижроси учун палата тасдиқлаган режа-жадвал билан вилоятдаги 308 минг 77 та давлат рўйхатидан ўтмаган якка тартибдаги уй-жойлар рўйхати тасдиқланди. Ишни жадаллаштириш ва сифатли бажариш учун туман-шаҳар филиалларига вакиллар бириктирилди. Хатловга жалб этилган мутахассислар иштирокида ўқув-семинар ташкилланиб, “UzKad” дастурида ишлаш ўргатилди. 2022 йилда 308 минг 77 та кўчмас мулк объекти, уй-жойлар юз фоиз хатловдан ўтказилди. Хатлов таҳлилларига кўра, 4 минг 757 та ҳолатда давлат рўйхатидан ўтганлиги, 133 минг 525 та ҳолатда ҳуқуқий ҳужжати мавжуд, бироқ давлат рўйхатидан ўтмаганлиги, 169 минг 233 та ҳолатда ҳақиқатда ҳуқуқий ҳужжати йўқлиги аниқланиб, электрон базаси шакллантирилди.

    Ҳуқуқий ҳужжати бор 133 минг 525 та уй-жой эгаларига мулкларини давлат рўйхатидан ўтказишни якунлаш масаласида давлатимиз раҳбари қўйган вазифа Наманган кадастр тизимида ўз муддатида ва республикада биринчилардан бўлиб бажарилди.

    Қишлоқ хўжалигида ерларнинг электрон хариталари яратилмоқда

    Қўлингдаги телефонинг интернетга уланган бўлса, дунё кафтингда намоён. Шу маънода, электрон давлат хизматлари фуқароларга жуда маъқул тушмоқда. Ахир нақди ва вақти тежаляпти.

    Республикада озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, ҳар қарич ер ҳисобини тўғри юритишни қамраган юмушлар Наманган вилоятида муваффақиятли амалга оширилмоқда. Хусусан, кадастр тизимида қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерларнинг электрон хариталарини яратиш, кадастр паспортини шакллантириш ва ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказишда “Кадастр ва кўчмас мулкларни рўйхатдан ўтказиш интеграцион ахборот тизими” (UZKAD) дастурида вилоятдаги мавжуд 743,3 минг гектар ер майдонидан 608,6 минг гектарининг (83 фоиз) электрон харитаси яратилди, шундан 451 минг гектар майдон (76 фоиз) давлат рўйхатидан ўтказилди. Пировардида ер майдонлари ҳақиқий ҳолатини “онлайн” режимда назорат қилиш ва Ҳукумат томонидан экинларни жойлаштириш агротехник тадбирларини бажариш учун тезкор бошқарув қарорлари қабул қилишга катта имкониятдир.

    Наманган вилоятида 3 минг 387 километр ёки 2 минг 946 гектарда жойлашган автомобиль йўллари UZKAD тизимида кадастр паспорти расмийлаштирилиб, давлат рўйхатидан ўтказилди ва ушбу йўналишдаги ишлар ҳам республикада илғорлар сафида тўлиқ тамомланди. Ҳозирда вилоят бўйлаб ўтган темир йўл тармоқлари ҳамда ирригация ва мелиорация объектларини ягона интеграцион ахборот тизими UZKADга киритиш ишлари кетмоқда.

    Малакали кадрлар соҳа келажагини белгилайди

    Бошқармада бунёдкорлик ишлари ва халқ билан ҳамнафаслик намунали йўлга қўйилган. Ходимларнинг ишлаш шароитини яхшилаш ниятида Тўрақўрғон ва Чортоқ туманларида кадастр филиали учун ҳар бири салкам 2 млрд. сўмлик бўлган янги замонавий икки қаватли маъмурий бино фойдаланишга топширилди. Сиёсий ўқувлар, маънавий-маърифий ва спорт-маданий (соғломлаштириш) тадбирлари ўрнакка арзигулик. Вилоят кадастрчилари диёрни обод қилишга ўз ҳиссаларини қўшиш учун “Яшил макон” умуммиллий лойиҳасида фаол қатнашишяпти.

    Вилоятимиз аҳолиси ва тадбиркорларини кадастр янгиликларидан хабардор этишда бошқарма ахборот хизмати туну кун фаолият кўрсатмоқда. Вилоят кадастр тизимида ҳозирда 520 нафардан зиёд ходим меҳнат қилмоқда. Қувонарлиси, жамоанинг асосий қисми ёш мутахассислар. Бошқарма ва қуйи тизимида ишлаётганларнинг 175 нафари 30 ёшгача бўлган йигит-қизлардир. 2022 йилда вилоят бошқармаси туман-шаҳар филиалларига мутахассислиги бўйича 43 нафар ходим ишга қабул қилинди, 54 нафар раҳбар ва мутахассис ходимлар ўз йўналишларида билим-малакаларини оширдилар.

    Юртимизда иқтисодий соҳадаги кўламдор ислоҳотлар, ўзгаришлар ер ва унга боғлиқ ресурсларнинг аниқ ҳисобини юритиш, улардан оқилона фойдаланишни янада такомиллаштиришни талаб этмоқда. Ўтган йиллар давомида вилоятимиз кадастр тизимидаги шаҳар ва 11 та туман филиаллари ўз мукаммал биноларига эга бўлди. Улар шинам мебеллар, компьютерлар, оргтехника воситалари ва бошқа жиҳозлар ҳамда автомашиналар билан таъминланди. Тажрибали, фидойи мутахассислардан иборат жамоа – соҳа ривожи, истиқболли тараққиёти йўлида, қолаверса, ёш ва малакали мутахассислар тайёрлаш, уларни соҳа билимдони бўлиб етишишларида устоз-шогирд анъанасига содиқ ҳолда ўз куч ва билимларини аямаяптилар.

    Ҳукуматимизнинг юксак ғамхўрлиги туфайли юқори босқичга кўтарилаётганига жавобан кадастрчилар ўзларининг ҳалол меҳнатлари билан одамларнинг узоғини яқин, оғирини енгил қилиш учун бор ресурсини ишга солиб, ватанимиз равнақи учун астойдил хизмат қилишади.

    Ҳа, ер тақдирини белгилашда уни шахсий манфаатдаги кўчмас мулк деб эмас, келажак авлодга ҳам безавол қолдириладиган бойлик эканини ўйлаш ва унутмаслик даркор. Деҳқон хўжалиги ва тадбиркорлик учун ер майдонларини мулк ва ижара ҳуқуқи асосида олинг ва эгалик қилинг. Қисқа 1097 (0369) 223-27-64 рақамли “Ишонч телефони”га мурожаатларни йўллаш мумкин. Саволлар, таклифу тавсиялар учун Телеграм тармоғида махсус @kadastr_maslahatchi_bot очилган.

    Орифжон ЖЎРАЕВ,

    “Янги Ўзбекистон” мухбири

    Мазкур таҳлилий мақола “Янги Ўзбекистон” газетасининг

    2023 йил 8 июнь, 112-сонида “Ислоҳот одимлари” рукнида чоп этилди.

    No date selected
    декабр, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates