Рақамли иқтисодиёт: тараққиёт сари қисқа йўл

    Рақамлаштириш 17 сентябр 2020 31088

    Башарият иқтисодиёт тармоқлари ўзгариши, бу жараённинг рақамлашуви, мобиллашуви, соҳага сунъий интеллектнинг жорий этилиши билан боғлиқ муҳим даврни бошдан кечирмоқда. 2022 йилга келиб дунё ЯИМнинг қарийб чорак қисми рақамли секторга тўғри келиши прогноз қилинаётган бир шароитда янги иқтисодиётни ривожлантириш зарурати янада ойдинлашади.

    Ривожланган давлатларда рақамли иқтисодиётни жорий этишга аллақачон киришилган. Жаҳон иқтисодиётининг глобаллашуви ва технологияларнинг ривожланиши шароитида Ўзбекистоннинг иқтисодий тараққиётига рақамли иқтисодиётни ривожлантирмасдан эришиб бўлмайди.

    Янги иқтисодиёт нима?

    Бугун жадаллик билан кечаётган рақамлашув жараёни “янги иқтисодиёт”ни вужудга келтирди. Кам ўрганилган ва кун сайин чуқур томир отиб бораётган бу бозор сегменти ишлаб чиқарувчиларга бизнесда самарали маркетинг кампаниялари уюштириш, минимал харажат қилиб, максимал фойда олиш, товар ва хизматларни муваффақиятли сотишнинг оптимал усулларини тақдим этади. Истеъмолчи, харидор ва мижозларга сифатли хизмат, қулайлик яратилади. Бу вақтингиз тиғиз пайтида Интернет орқали тушликка буюртма бериш, мобил илова орқали такси чақириш, узоқдаги яқинингизга пул жўнатишдан кўра кенгроқ имкониятлар бўлиб, трансчегаравий бизнес ҳамкорлик, электрон тижорий майдон, масофавий офис кабиларни ҳам қамраб олади.

    Рақамли иқтисодиёт рақамли технологияларга асосланган, электрон бизнес, электрон тижорат билан боғланган, рақамли товар ва хизматлар ишлаб чиқараётган ва тақдим этаётган иқтисодий фаолиятдир. Бунда иқтисодий хизмат ва товарлар учун ҳисоб-китоблар электрон пул орқали амалга оширилади. Рақамли иқтисодиёт концепцияси атомдан битга, яъни кимёвий энг кичик заррадан электрон бирликка ўтишга асосланади.

    Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирининг биринчи ўринбосари Олимжон Умаров таъкидлашича, рақамли иқтисодиёт алоҳида фаолият турини эмас, балки ишбилармонлик, саноат объектлари, хизматларда ахборот технологияларидан фаол фойдаланишни англатади. Агар оддий иқтисодиётда моддий буюмлар асосий ресурс ҳисобланса, рақамли иқтисодиётда бу қайта ишланадиган ҳамда узатиладиган ахборот, маълумотлар бўлади.

    Рақамли иқтисодиёт йирик саноат объектлари иш самарадорлигини ошириш, ишлаб чиқаришда ўсиш, фаолият шаффофлигини таъминлаш, маҳсулот таннархини камайтириш имконини беради.

    ЯИМ 30 фоизга ошади

    — Нуфузли халқаро ташкилотлар олиб борган таҳлиллар натижаларига кўра, рақамли иқтисодиёт ялпи ички маҳсулотни камида 30 фоизга оширади, шунинг баробарида, хуфёна иқтисодиётга барҳам беради, — дейди “Тараққиёт стратегияси” маркази ижрочи директори Элдор ТУЛЯКОВ. Халқаро амалиётга юзланадиган бўлсак, ҳозирги кунда рақамли иқтисодиёт электрон тижорат ва хизматлар соҳаси билан чекланиб қолмай, балки ҳаётнинг ҳар бир жабҳасига, хусусан, соғлиқни сақлаш, фан-таълим, қурилиш, энергетика, қишлоқ ва сув хўжалиги, транспорт, геология, кадастр, архив, интернет-банкинг ва бошқа соҳаларга жадал кириб бормоқда ва уларнинг ҳар бирида ўзининг юқори самараларини бермоқда. Давлат ўз фуқаролари учун электрон хизматлар кўрсатиши ва электрон маҳсулотларни таклиф этиши — бу рақамли иқтисодиётнинг асосий қисми ҳисобланади. Мамлакатимизда ушбу соҳани кенг ривожлантириш коррупция иллатига барҳам беради.

    Ўзбекистонда “Рақамли Ўзбекистон-2030” дастурини ишлаб чиқилиши ва ҳаётга татбиқ этилиши, энг аввало, пухта ва мукаммал ташкилий-ҳуқуқий механизмларни шакллантириш, қолаверса, инновацион ғоялар, технологиялар ва ишланмаларни жорий этиш бўйича давлат органлари ва тадбиркорлик субъектларининг узвий ҳамкорлигини таъминлаш, барча соҳа ва тармоқларда ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатишни рақамли технологиялар билан қамраб олиш, бу борада замонавий билимларни чуқур эгаллаган, интеллектуал салоҳиятли кадрларни етиштириш, шу орқали, мамлакатда “ахборотлашган жамият” муҳитини яратишга хизмат қилади.

    Тўртинчи саноат инқилоби двигатели

    — Ҳозирги даврда мамлакатнинг ривожланиши фақат мавжуд табиий бойликлар ёки аҳоли сонига боғлиқ бўлмай қолди, — дейди Ўзбекистон фанлар академиясининг академиги, иқтисод фанлари доктори Қаландар АБДУРАҲМОНОВ. — Жаҳон банкининг маълумотларига кўра, курраи заминимиз умумий бойлигининг 66 фоизи — 365 триллион АҚШ доллари инсон капиталига, яъни асосан шахснинг илм даражасига тўғри келмоқда. АҚШда ушбу кўрсаткич миллий бойликнинг 77 фоизи — 95 триллион долларга етган. Шунинг учун давлатимиз раҳбари жорий йил Мурожаатномада “Энг катта бойлик – бу ақл-заковат ва илм, энг катта мерос бу яхши тарбия, энг катта қашшоқлик бу билимсизликдир!”деган фикрни алоҳида келтириб ўтди.

    Ақл-заковат ва илм — тараққиёт қанотидир. Замонавий илм-фаннинг чўққиси юқори технологияларда, рақамли оламда кўзга ташланади. Тўртинчи саноат инқилоби тараққиётнинг янги кўриниши — “рақамли иқтисодиёт” бошлангани англатади. Бугунги кунга келиб жаҳонда рақамли иқтисодиёт тараққий этган 20 мамлакатда 2 триллион АҚШ долларини ташкил этаётгани ҳисоблаб чиқилган. Рақамли иқтисодиётни ривожлантиришда дунёда пешқадам Буюк Британияда эса у ҳозирнинг ўзида миллий ялпи ички маҳсулотнинг 12 фоизига етди. Рақамли иқтисодиёт технологик ва бизнес жараёнлари, ишлаб чиқариш, логистика ва тайёр маҳсулотларнинг савдосини рақамлаштиришни назарда тутади. Мамлакатимизда 2020 йилнинг ўзида транспорт, геология, таълим, архив каби соҳаларни тўлиқ рақамлаштириш белгиланган ва бу борадаги ишлар жадал олиб борилмоқда. Замонавий инфратузилмага эга бўлган “IT-парк”лар ҳам фикримиз далилидир.

    Аҳоли ва тадбиркорлик субъектларининг давлат органлари билан контактсиз алоқа шаклларини янада ривожлантириш мақсадида Ягона интерактив давлат хизматлари порталининг янги версияси, Бош вазирнинг тадбиркорлар мурожаатларини кўриб чиқиш виртуал қабулхонаси “business.gov.uz” портали ишга туширилгани рақамли иқтисодиёт ривожи йўлдаги муҳим қадамлардир.

    Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини барча манфаатдор вазирликлар, идоралар, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларига кўриб чиқиш, электрон рақамли имзодан фойдаланган ҳолда келишиш (виза қўйиш) учун, шу жумладан бир вақтнинг ўзида кенг жамоатчилик ва мутахассислар муҳокамасини ўтказиш ва тезкор жўнатиш учун вақтни ва меҳнат ресурсларини сезиларли даражада тежаш мақсадида ягона электрон тизими “project.gov.uz” жорий этилгани ҳам қувонарли.

    2020 йилгача АКТни иқтисодиёт соҳаларига кенг жорий этишга нима тўсқинлик қилган?

    “ERGO Research & Advisory” консалтинг хизмати таҳлилчиларининг изланишларига кўра, бундаги асосий муаммо телекоммуникация инфраструктураси ва алоқанинг яхши эмаслигидир. АКТ соҳасига инвестиция кам киритилиши натижасида таянч алоқа станциялари зичлиги паст ҳолатда бўлган. Бу интернет, мобил хизматларнинг яхши ишламаслигини келтириб чиқаради, натижада рақамли иқтисодий ўсишни камайтиради, рақамли узилишларни келтириб чиқаради. Қувонарлиси, жорий йилда бу борадаги кўрсаткич сезиларли даражада ошди.

    Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ахборот хизмати берган маълумотларга кўра, телекоммуникация инфратузилмасини ривожлантириш йўналишида ҳам бир қатор ишлар амалга оширилмоқда. Интернет тармоғига уланишнинг умумий ўтказувчанлик қобилияти 1 200 Гбит/с.ни ташкил этиб, коммутация маркази орқали 750 Гбит/с тезликда Интернет тармоғига чиқиш имконияти яратилди ва тармоқнинг юкланиш даражаси 76,6 фоизни ташкил этмоқда. 2020 йилнинг 1 январидан оператор ва провайдерларга Интернет хизматлари учун тариф ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 34 фоизга арзонлаштирилиб, 1 Мбит/с учун 56,0 минг сўмни ташкил этди. Интернет хизматидан фойдаланувчилар сони 22 млн.дан ортди, шундан мобил Интернет фойдаланувчилари сони 19 млн.ни ташкил этди. Республика бўйича 237 та объектда магистрал телекоммуникация тармоқлари кенгайтирилиб, телекоммуникация ускуналари модернизация қилиниб, магистрал телекоммуникация тармоқлари ўтказувчанлик қобилияти вилоятлараро даражада 200 Гбит/с.га, туманлараро даражада эса 40 Гбит/с.га етказилди. Ижобий натижалар бор, бироқ бу етарли дегани эмас.

    Зеро, рақамли иқтисодиёт ақл бовар қилмас катта ҳажмда рақамли маълумотларни тўплашда давом этмоқда. 2022 йилда глобал IP трафик ҳажми 150 700 Гбит/с(солиштириш учун 2017 йил 45 000 Гбит/с) чиқиши кутилаётгани даврдан ортда қолмасликка чақиради.

    Аҳолининг барча қисмида ҳам рақамли малаканинг етарли эмаслиги рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йўлдаги яна бир тўсиқ бўлиб келган. Шунингдек, рақамли товар айланмаси ҳам паст ҳисобланди. Бу борада технология оламида кўпчиликка маълум бўлган «Microsoft» корпорацияси асосчиси Билл Гейтснинг бир фикрини эслаш ўринли: “Тез орада Ер шарида фақат икки тур компаниялар мавжуд бўлади. Биринчиси, интернет орқали бизнес қилувчи ва иккинчиси, бизнесдан чиққан компаниялар”. Тадбиркорлар мана шу жиҳатни инобатга олган ҳолда, дунёга машҳур бизнес истеъмолчи учун, бизнес бизнес учун, истеъмолчи истеъмолчи учун тамойиллари асосида ўз фаолиятини ташкил этиши мақсадга мувофиқ.

    Click, Payme, M-bank, Upay, Oson ва бошқа онлайн тўловларга имкон берувчи тўлов тизимлари мавжуд бўлишига қарамай мобил тўловлар, интернет, коммунал тўловлар учун онлайн тўловларни амалга ошириш кўрсаткичи юқори эмас. 2017 йилда 34 фоиз ҳисоб эгалари рақамли тўловни амалга оширган. Солиштириш учун бу кўрсаткич Буюк Британияда 96 фоизга тенг. Эътиборлиси, терминал орқали тўловлар сон ошиб бормоқда. Масалан, 2018 йилда терминал орқали тўловлар 53 триллион сўмни ташкил этган.

    Шунингдек, узоқ вақт давомида бюджет ташкилотларида техник ходим ҳисобланган ахборот технологиялари мутахассисларига юқори маош берилмагани ҳам рақамли иқтисодиётни жорий этишдаги муаммо бўлган. Сабаби малакали дастурчилар бу лавозимда узоқ қолмаган. Улар халқаро ташкилотлар, қўшма корхоналар, чет эллик буюртмачилар учун ишлашни маъқул кўрган. Эндиликда уларга устама бериш механизми жорий этилган.

    Ютуқлар билан бирга муаммолар мавжуд, қилинадиган ишлар кўп, Президент Ш.Мирзиёв таъкидлаганидек, Албатта, рақамли иқтисодиётни шакллантириш керакли инфратузилма, кўп маблағ ва меҳнат ресурсларини талаб этишини жуда яхши биламиз. Бироқ, қанчалик қийин бўлмасин, бу ишга бугун киришмасак, қачон киришамиз?! Эртага жуда кеч бўлади. Шу боис, рақамли иқтисодиётга фаол ўтиш – келгуси 5 йилдаги энг устувор вазифаларимиздан бири бўлади”.

    Киберхавфсизлик — рақамли иқтисодиётнинг муҳим шарти

    Ўзбекистонда барча тизимлар рақамлашмоқда. Айниқса, коронавирус туфайли жорий этилган карантин режимида онлайн товар ва хизматларга бўлган талаб янада ортди, барча соҳаларда рақамли функцияларнинг сафи кенгайди. Бугун уйдан чиқмасдан тўловларни амалга ошириш, ҳеч бир муаммосиз масофавий таълим олиш, дунёнинг йирик кутубхоналаридан фойдаланиш ва ҳатто ишлаш мумкин. Рақамли хизматлар анъанавий турга қараганда қоғозбозлик, расмиятчиликнинг йўқлиги, вақтни тежаш каби бир қатор афзалликларга эга. Масалан, давлат хизматларини рақамли кўринишда олсангиз, сизга белгиланган тўловнинг 10 фоизи миқдорида чегирма тақдим этилади.

    Буларнинг барчаси мамлакатимизда рақамли иқтисодиётга фаол ўтилаётганининг белгиси. Рақамли иқтисодиётни ривожлантиришнинг яна бир омили — киберхавфсизликни таъминлашдир. Карантин шароитида глобал тармоқда коронавирусдан сақланиш бўйича кўрсатмалар ёрлиғи остида дастурий тизимларни ишдан чиқарувчи вируслар тарқатиш ҳолатлари учради. Хорижда дори-дармонни онлайн сотиш ва етказиб беришни ваъда қилиб, олдиндан пулларни ҳисоб рақамига ўтказишни сўраб, содда одамларни алдаб кетаётган молиявий фирибгарлар сохта онлайн-дўконлар, веб-сайтлар, ижтимоий тармоқлардаги аккаунтлар ва электрон почта манзилларидан фойдаланишди. Бу ҳам ахборот хавфсизлигини таъминлаш заруратини яна бир бор тасдиқлайди.

    Рақамлашув ва киберхавфсизлик тушунчалари доимо ёнма-ён келади. Чунки барча тизим ва жараёнларни рақамлаштириш билан бирга, уларнинг техник жиҳатдан мукаммал ва бехато ишлашини, хавфсизлигини таъминлаш муҳим ҳисобланади. Юртимизда рақамли иқтисодиётни ривожлантиришга қанчалик эътибор қаратилаётган бўлса, киберхавфсизликни таъминлаш ҳам шунча долзарблик касб этмоқда. Ўзбекистон киберхавфсизлик глобал индексида ўзи позициясини мустаҳкамлаб бормоқда. 2017 йилда мамлакатимиз бу рейтингда 93-ўринни эгаллаган бўлса, 2018 йилда 52-ўринга кўтарилди.

    Киберхавфсизлик ахборот хавфсизлигининг бир кўриниши бўлиш билан ахборотларни саралаб олишга хизмат қилувчи юксак маънавиятдан ўзгачароқ тушунча. У кўпроқ техник жараёнларга оид бўлиб оддий фойдаланувчи учун почта, ижтимоий тармоқлар, тўлов тизимларида ишончли ва мустаҳкам паролларни ўрнатиш, ўз шахсий компьютери ва смарфонини вируслардан ҳимоялашни англатади. Кенгроқ маънода эса киберхавфсизлик тармоқлар, мобил иловалар ва қурилмаларнинг ҳимоясига қаратилган чора-тадбирлар мажмуидир. Бу маълумотлар конфиденциаллигини сақлаш, уларнинг бутунлигини ҳимоялаш, у ёки бу сайт, илова, дастурнинг тўлақонли ишлашини англатади.

    “Киберхавфсизлик маркази” ДУК таҳлилларига кўра, 2019 йилда интернетнинг миллий сегменти веб-сайтларида 268 та киберхавфсизлик инциденти аниқланган. Бу рақамли оламдаги ҳуқуқбузарликлар сони олдинги йилга қараганда 44 фоизга камайган деганидир. Шулардан 222 таси контентни руxсатсиз юклаш, 45 таси дефейс (веб-сайт саҳифаси бошқа, масалан, реклама жойлаштирилган саҳифага алмаштирилишини англатувчи хакерлик ҳужуми) ва биттаси яширин майнинг (криптовалюта платформасидаги яширин фаолият) улушига тўғри келади.

    Инцидентларнинг 69 фоизи Ўзбекистондаги xостинг-провайдерларида жойлашган веб-сайтларда аниқланган, қолган 31 фоизи xорижий давлатлардаги хостинг-провайдерларидаги сайтларга тегишли. 80 та ҳолатга нисбатан текшириш ишлари олиб борилиб, аниқланган заифликларни бартараф этиш бўйича амалий тавсиялар берилган, қолган 188 та ҳолат веб-сайт эгалари томонидан мустақил равишда бартараф этилган. Кибермаконда хавфсизлик билан боғлиқ муаммоларнинг юзага келишига кодда хавфсизлик хатолари мавжуд бўлган контентни бошқариш, эскирган версиялар билан ишлаш, кириш паролларининг осонлиги, хавфсиз бўлмаган манбалардан юклаб олинган шаблонлар, вируслар билан зарарланган компьютерларда веб-сайтларни бошқариш кабилар сабаб бўлади.

    Интернетнинг миллий сегментини мониторинг қилиш натижасида 130 мингдан зиёд киберхавфсизликка таҳдидлар аниқланган. Шундан 106 508 та ҳолат ботнет тармоқлари иштирокчиларига айланган xостларга тегишли. 13 882 та ҳолат спам-электрон почта ёки паролни бузиши сабабли турли xизматлар томонидан қора рўйxатга олинган IP-манзилларни блокировка қилиш билан боғлиқ. 8 457 та ҳолат TFTP (Trivial File Transfer Protocol – файл узатишнинг оддий шакли) протоколи ва тегишли портлардан фойдаланиш билан боғлиқ бўлиб, улар утентификация меxанизмлари йўқлиги сабабли бегона контентни юклаб олишга олиб келиши мумкин. 2 114 та ҳолат RDP (Remote Desktop Protocol-масофавий иш столи протоколи) заиф протоколи ишлатилиши билан боғлиқ. 1 042 та ҳолат дастурий таъминот ва маълумотлар базасини бошқариш тизимларида аутентификация механизмига эга бўлмагани, шунингдек муддати тугаган ёки яроқсиз имзога эга SSL-сертификатлар билан боғлиқ.

    Бу таҳлиллар киберхавфсизлик масаласининг долзарблигини яна бир бор тасдиқлайди, боиси дастурий заифликлар бузғунчига ахборот тизими ёки веб-сайт, шунингдек, файл ва маълумотларга масофадан кириш, фуқароларининг шахсий маълумотлари чиқиб кетишига сабаб бўлиши мумкин. Киберхавфсизлик чоралари бу каби ҳолатларнинг олдини олади.

    2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини “Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили”да амалга оширишга оид давлат дастурига кўра, 2020–2023 йилларга мўлжалланган киберхавфсизликка доир миллий стратегия ва “Киберхавфсизлик тўғрисида”ги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилади.

    Киберхавфсизликка доир меъёрларнинг ҳуқуқий жиҳатдан мустаҳкамланиши ниҳоятда зарур ва ўз ўрнидаги тадбирдир. Рақамли олам ҳали-ҳамон ҳуқуқий жиҳатдан ўз мақомини аниқ белгилай олгани йўқ. Бу борада янги кун сайин таҳдидларнинг янги тур ва шакллари пайдо бўлмоқда, уларни қонунчиликда акс эттириш зарур. Киберхавфсизликка доир миллий стратегияни ишлаб чиқиш миллий кибермаконда жиноятчиликка қарши қурашиш соҳасидаги фаолиятни тартибга солади. Зеро, виртуал оламдаги жиноятчиликнинг зарар ва хавфи реал оламдагидан кам эмас.

    Шунингдек, 2020–2023 йилларга мўлжалланган киберхавфсизликка доир миллий стратегия кўра киберхавфсизликнинг ягона тизими ва муҳим ҳисобланган инфратузилмани киберҳужумлардан ҳимоя қилиш соҳасидаги ҳуқуқий база шакллантирилади.

    “Киберхавфсизлик тўғрисида”ги қонунда эса ахборот коммуникация ва технологиялари тизимини замонавий кибертаҳдидлардан ҳимоя қилиш, турли даражадаги тизимлар учун киберхавфсизлик бўйича замонавий механизмларни жорий этиш, мазкур соҳада давлат органлари, корхоналар ва ташкилотларнинг ҳуқуқлари ва мажбуриятларини белгилаш, уларнинг фаолиятини мувофиқлаштириш кабилар акс этиши кутилмоқда. Чиндан ҳам бу соҳадаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни унификациялаш зарурат сезилаётган эди.

    Юртимизда олиб борилаётган барча ислоҳотлар замирида халқимизга қулайликлар яратиш мақсади ётибди. Киберхавфсизликни таъминлашга алоҳида эътибор қаратилиши рақамли имкониятлардан ишончли ва хавфсиз тарзда фойдаланишга замин бўлиб келмоқда.

    “Бир миллион дастурчи”

    Мамлакатимизда замонавий дастурлаш технологияларини ўзлаштирган кадрларни тайёрлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Жумладан, шу мақсадда “Бир миллион дастурчи” лойиҳаси амалга оширилмоқда.

    Мазкур лойиҳанинг аҳамияти рақамлаштириш иқтисодий тараққиётнинг мезони, жаҳон ҳамжамиятига интеграциялашув, барча соҳаларни комплекс ривожлантиришнинг асосий шарти экани билан изоҳланади. Бугун дунёда рақамлашув, мобиллашув, сунъий интеллектни жорий эта оладиган кадрлар — дастурчиларга талаб юқори. Боиси рақамли иқтисодиётни таъминловчи инфраструктура, АКТ соҳасига киритилган катта миқдордаги инвестиция ҳам электрон имкониятлардан самарали фойдалана олувчи дастурчиларсиз ўзини оқламайди.

    Рақамли иқтисодиётни йўлга қўйиш ва унинг самарали фаолиятини таъминловчи бир миллион дастурчини тайёрлашга қаратилган лойиҳа доирасидаги машғулотлар айни кунда uzbekcoders.uz ўқув портали орқали олиб борилмоқда. Видеодарслар ўзбек тилидаги субтитрлар билан тақдим этилади. Истаган инсон рўйхатдан ўтиб, онлайн сабоқларда қатнашиши мумкин. Машғулотлар масофавий тарзда бепул олиб борилади.

    Лойиҳани ишга туширишнинг биринчи босқичида аҳолига лойиҳани танитиш ва рақамли кўникмаларни эгаллашга ёрдам берувчи дарсларни тарғиб қилиш мақсадида реклама кампанияси иш олиб борди. “Бир миллион дастурчи” лойиҳасининг дастлабки босқичида 62 мингдан зиёд ўқувчи қамраб олиниб, уларнинг 5 минг 400 нафарига малака сертификати берилди. Лойиҳа ZIYONET таълим портали, UZMOBILE мобиль алоқа оператори ва UZONLINE интернет-провайдерларининг бепул хизматларига киритилди. Рақамли технологиялар ўқув марказларида ушбу лойиҳа доирасида дастурлаш кўникмаларига ўқитиш жорий этилмоқда.

    — Лойиҳа доирасида тўртта йўналишда дастурчилар тайёрланади, —дейди “Бир миллион дастурчи” лойиҳасининг жамоатчилик билан алоқалар бўйича менежери Дилшода Магрупова. — Булар Android (Google билан ҳамкорликда), Frontend ва Full-stack дастурлаш ҳамда маълумотларни таҳлил қилишдир. Уларнинг ҳар бири бошланғич 120 соатлик, яъни 12 ҳафталик курсдан иборат. Дарсларни бошлаш учун махсус билим талаб этилмайди. Машғулотларда Udacity ахборот технологиялари ихтисосликларига йўналтирилган етакчи онлайн платформа ўқув материалларидан фойдаланилади. Мазкур платформа ўқув дастурлари ва курслар мазмуни Google, Facebook, Amazon, Autodesk ва бошқа шу каби етакчи компаниялар билан биргаликда ишлаб чиқилган. Барча курслар ҳаққоний маълумотлар тўплами асосидаги лойиҳалар билан ишлаш орқали амалий кўникмаларни шакллантиришга қаратилган.

    Ёшларнинг замонавий касбларни эгаллашга қизиқиши ҳам юқори. Уларга бир вақтнинг ўзида бир нечта курсда иштирок этиш имкони берилган. Машғулотлар жадвали мослашувчан. Биринчи босқични ўзлаштиришга атиги икки ҳафта керак. Аммо дарсларни тайёрлаш учун вақт оз бўлса-да, уни 3 ой ичида тамомлаш мумкин. Иккинчи босқич биринчи босқич тугагандан сўнг, яъни амалий билимларни баҳоловчи тестлар топширилганидан кейин бошланади. Агар иштирокчи уни ҳам 10-12 ҳафта ичида тугатолмаса, 3 ой ичида ўзлаштириши мумкин. Шундай қилиб, курснинг тўлиқ контентини тамомлаш учун сайтда рўйхатдан ўтган биринчи кундан бошлаб умумий 6 ой муддат берилади. Иштирокчиларга икки турдаги иштирокчи ва битирувчи сертификати берилади.

    — Android дастурлаш йўналишидан рўйхатдан ўтиб, бепул онлайн видеодарслар орқали билимимни оширдим, — дейди 21 ёшли дастурчи Aсаджон Ҳусанжонов. — Ўқув материаллари содда ва аниқ қилиб тузилган, топшириқлари қизиқарли. Дарс юзасидан пайдо бўлган саволларимизга “Телеграм” мобиль иловасидаги гуруҳ орқали жавоблар олдик. Мен курсларда муваффақиятли иштирок этиб, битирувчи сертификатини қўлга киритдим. Галдаги мақсадим Frontend дастурлашни ўрганишдир.

    Хулоса ўрнида

    “Рақамли тенгсизлик тенгсизликларнинг дояси” бўлиб турган бир пайтда иқтисодиётнинг барча соҳаларини рақамлаштириш жаҳон ҳамжамиятига интеграциялашув, дунё бозорида ўз ўрнига эга бўлиш, иқтисодий равнақ топиш, аҳолига қулайликлар яратишнинг асосий шартидир.

    Қувонарлиси, бу мамлакатимизда асосий кун тартибидаги масала. Рақамлаштириш борасида Ўзбекистон дадил одимлар билан илдамламоқда.

    Санобар ЖУМАНОВА,

    “Янги Ўзбекистон” мухбири

    No date selected
    октябр, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates