Республика олий таълим муассасаларида таҳсил олаётган, илмий-тадқиқот фаолияти билан шуғулланаётган иқтидорли ёшларни янада қўллаб-қувватлаш тўғрисида

    Ҳужжатлар 9 сентябр 2021 6743

    Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармони

    Талаба ёшларни ўз устида мунтазам ишлаш ва илмий-тадқиқот фаолияти билан шуғулланишга ундаш, уларнинг истеъдодларини намоён этиш ва ижодий қобилиятларини ривожлантириш, билимли ва иқтидорли ёшларни янада қўллаб-қувватлаш, шунингдек, 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили”да амалга оширишга оид давлат дастурида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида:

    1.2021/2022 ўқув йилидан бошлаб:

    а) Ўзбекистон Республикаси Президенти давлат стипендияси квотаси:

    таянч докторантурада таҳсил олаётган докторантлар ва магистратура босқичи талабалари учун икки баробарга оширилиб, тегишлича 10 та ва 22 та этиб;

    бакалавриат босқичи талабалари учун эса ҳар бир олий таълим муассасасига 1 тадан этиб белгилансин;

    б) Қорақалпоғистон Республикасидаги олий таълим муассасаларида таҳсил олаётган иқтидорли талабаларни рағбатлантириш мақсадида Ўзбекистон Қаҳрамони, Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон халқ ёзувчиси Тўлепберген Қаипбергенов ҳамда Ўзбекистон Қаҳрамони, Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон халқ шоири Ибройим Юсупов номли давлат стипендиялари жорий этилсин;

    в) Ўзбекистон Республикаси Президенти ва номли давлат стипендиялари давлат олий таълим муассасаларининг қўшма таълим дастурлари асосида таҳсил олаётган ҳамда республикада фаолият юритувчи хорижий олий таълим ташкилотларининг филиаллари ва нодавлат олий таълим ташкилотлари бакалавриат босқичи талабалари учун ҳам татбиқ этилсин.

    2.Белгилаб қўйилсинки:

    Ўзбекистон Республикаси Президенти ва номли давлат стипендиялари танловларининг дастлабки босқичи олий таълим муассасаси томонидан ўтказилади ва танловнинг навбатдаги босқичига тавсия этиладиган талабгорлар тегишли олий таълим муассасасининг профессор-ўқитувчилари ва талабалари иштирокида аниқланади;

    Ўзбекистон Республикаси Президенти ва номли давлат стипендиялари танловлари Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланган тартибга мувофиқ Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигида ташкил этиладиган комиссиялар томонидан ўтказилади;

    қўшма таълим дастури асосида давлат олий таълим муассасасини, республикада фаолият юритувчи хорижий олий таълим ташкилотининг филиалини ёки нодавлат олий таълим ташкилотини тамомлаган Ўзбекистон Республикаси Президенти ёки номли давлат стипендияси соҳиби бўлган талабалар ҳам давлат олий таълим муассасаси магистратурасига бакалавриатнинг таълим йўналишига мос ва турдош мутахассислик бўйича кириш имтиҳонларисиз қўшимча давлат гранти асосида қабул қилинади.

    3.Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги:

    бир ой муддатда Олий малакали илмий ва илмий-педагог кадрлар ихтисосликлари рўйхати ҳамда Олий таълим йўналишлари ва мутахассисликлари классификаторига мувофиқ таълим соҳаларини инобатга олган ҳолда таянч докторантурада таҳсил олаётган докторантлар ва магистратура босқичи талабалари учун Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳамда бакалавриат босқичи талабалари учун номли давлат стипендияларининг танлов йўналишлари рўйхатини тасдиқласин;

    ҳар йили бакалавриат босқичи талабалари учун Ўзбекистон Республикаси Президенти ва номли давлат стипендиялари квоталари бўйича таклифларни олий таълим муассасалари кесимида Вазирлар Маҳкамасига тасдиқлаш учун киритиб борсин;

    тизимида олий таълим муассасаси мавжуд вазирлик ва идоралар билан биргаликда Ўзбекистон Республикаси Президенти ва номли давлат стипендиялари танловларининг дастлабки босқичи олий таълим муассасалари томонидан шаффоф, адолатли ва юқори савияда ўтказилишини таъминласин.

    4. Мазкур Фармонда белгиланган чора-тадбирларни амалга ошириш учун зарур маблағлар 2021 йилда Ўзбекистон Республикасининг республика бюджетидан биринчи даражали бюджет маблағларини тақсимловчи сифатида тегишли вазирлик ва идораларга ажратилган маблағлар доирасида молиялаштирилади, 2022 йилдан бошлаб эса Давлат бюджети параметрларида назарда тутилади.

    5.Ўзбекистон Республикаси Президентининг 1993 йил 5 февралдаги “Ўзбекистоннинг ўқувчи ёшларини рағбатлантириш чоралари тўғрисида”ги ПФ–555-сон Фармонига иловага мувофиқ ўзгартиришлар киритилсин.

    6.Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда қонунчилик ҳужжатларига мазкур Фармондан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.

    7.Мазкур Фармон ижросини самарали ташкил қилишга масъул ва шахсий жавобгар этиб олий ва ўрта махсус таълим вазири А.Х. Тошкулов ҳамда Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тест маркази директори М.М. Каримов белгилансин.

    Фармон ижросини назорат қилиш, масъул вазирлик ва идоралар фаолиятини мувофиқлаштириш Бош вазир ўринбосари Б.А. Мусаев ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг маслаҳатчиси А.А. Абдувахитов зиммасига юклансин.

    Ўзбекистон Республикаси


    Президенти Ш.МИРЗИЁЕВ

    Тошкент шаҳри,

    2021 йил 9 сентябрь

    No date selected
    март, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates