Робототехника бўйича жаҳон чемпионатида Ўзбекистон терма жамоаси бронза медални қўлга киритди

    Жаҳон чемпионатининг бу йилги мусобақаларида 191 давлатдан вакиллар иштирок этди.

    Ўзбекистонлик мактаб ўқувчилари Сингапурда бўлиб ўтган First Global Challenge робототехника чемпионатида ғолиблар қаторидан жой эгаллаб, бронза медални қўлга киритди.

    Ҳар йили турли мамлакатларда ўтказиладиган робототехника бўйича жаҳон чемпионатининг бу йилги мусобақаларида 191 давлатдан вакиллар иштирок этди. Терма жамоамиз бу мусобақада иштирок этиш учун 100% грант ютиб олган эди.

    — Биз Сингапурга кучли жамоани олиб келдик, улар қисқа вақт ичида халқаро чемпионатга аъло даражада тайёргарлик кўришди. Ўзбекистонда робототехника йилдан йилга жадал ривожланмоқда, — дея ўз таассуротлари билан ўртоқлашди жамоа устози Сафина Тешабаева.

    Маълумот учун, Ўзбекистон терма жамоаси ушбу чемпионатда иккинчи йил иштирок этмоқда.