Бугун Россияда «Ўзбекистон маданияти кунлари» доирасида Россия Федерацияси ва Ўзбекистон Республикаси ўртасидаги иқтисодий ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро комиссияси маданият бўйича қўмитанинг тўртинчи йиғилиши бўлиб ўтди.
Унда Ўзбекистон Республикаси маданият вазири Озодбек Назарбеков ва Россия Федерацияси маданият вазири Олга Любимова ўртасида ҳамкорлик учрашуви бўлиб ўтди. Учрашувда икки давлат вакилларидан иборат делегация ҳам иштирок этди.
Учрашув аввалида Россия Федерацияси маданият вазири Олга Любимова Ўзбекистон — Россия муносабатларининг сўнгги йилларидаги кенг қамровли ҳамкорлиги, кўплаб соҳаларида ижобий натижаларга эришаётганлиги, ҳозирги кунда мамлакатларимиз ўзаро алоқа ўрнатмаган соҳанинг ўзи қолмаганлигини таъкидлади.
«Москвага ташриф буюрган ўзбекистонлик ҳамкасбларимга салом! Шундай вакиллик делегациясининг Россия пойтахтига ташриф буюрганидан хурсандман. Умид қиламанки, ташрифингиз самарали бўлади ва сизда ажойиб таассуротлар қолдиради. Маданият бўйича қуйи қўмиталар йиғилишлари мунтазам равишда ўтказиб келинаётгани қувонарли, бу ҳар йили ҳамкорликдаги иш натижаларини сарҳисоб қилиш ва келажак режаларини конструктив муҳокама қилиш имконини беради. 2023 йил 22 май куни Тошкент шаҳрида қуйи қўмитанинг учинчи йиғилиши бўлиб ўтди. Шу вақт ичида маданиятнинг барча жабҳаларида кўплаб қўшма лойиҳаларни амалга оширдик, ҳамкорлигимиз принципиал жиҳатдан янги босқичга кўтарилди. — Ўрнатилган ижодий ҳамкорликни ишонч билан қайд этишимиз мумкин ва бу йил маданий мулоқотни қўллаб-қувватлаш йили бўлди» – деди Олга Любимова.
Сўнг, Ўзбекистон Республикаси маданият вазири Озодбек Назарбеков икки давлат ўртасидаги маданий ҳамкорлик алоқалари ҳақида сўз юритди.
«Таъкидлаш жоизки, Ҳукуматлараро комиссиянинг Маданият бўйича қуйи қўмитаси мамлакатларимиз ўртасидаги маданий алоқаларни ривожлантиришда муҳим ўрин тутади. Маданий-гуманитар соҳадаги ҳамкорлик икки томонлама муносабатларни мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этаётгани, айниқса, қувонарлидир. Сўнгги йилларда Россия ва Ўзбекистоннинг маданият соҳасидаги ўзаро ҳамкорлиги янги сифат босқичига кўтарилди. Ишончимиз комилки, шу кунларда Москва шаҳрида ўтказилаётган «Ўзбекистон маданияти кунлари» маданий ҳамкорлигимиз тарихида алоҳида аҳамиятга эга бўлади. Замонавий дунёда, янги чақириқ ва талаблар пайдо бўлганда, маданий-гуманитар ҳамкорликни жадаллаштириш айниқса муҳимдир. Маданият ҳар қандай тарихий лаҳзада халқларга умид бахш этувчи омилдир. Шу муносабат билан ўзаро ҳурмат ва тенг ҳуқуқлиликка асосланган муносабатларни ривожлантириш, икки томон учун қизиқарли бўлган қўшма лойиҳаларни илгари суриш муҳим аҳамиятга эга» – деди Озодбек Назарбеков.
Учрашув якунида, Ҳукуматлараро комиссиянинг Маданият бўйича қуйи қўмитасининг тўртинчи мажлиси баённомаси имзоланди.
Дилнура Қутлимуродова,
Yuz.uz мухбири