Конференция доирасида аграр тармоқни ислоҳ қилишдаги Ўзбекистон ютуқлари тақдимоти ўтказилади, шунингдек, билимлар ва инновацион ечимлар трансферини йўлга қўйиш учун жаҳон ҳамжамияти тажрибаси муҳокама этилади.
Айтиш жоизки, кейинги йилларда мамлакатимизда озиқ-овқат маҳсулотларини етиштириш ҳажмларини кўпайтириш орқали ички бозорни сифатли маҳсулотлар билан таъминлаш ҳамда мамлакатнинг экспорт салоҳиятини ошириш мақсадида экин майдонлари сезиларли даражада кенгайтирилди.
Бундан ташқари, соҳага замонавий технология ва усулларнинг киритилиши ҳосилдорликни оширишга имкон берди. Энг муҳими, мамлакатимизнинг озиқ-овқат хавфсизлиги мустаҳкамланиб, халқимиз сифатли ва арзон қишлоқ хўжалиги махсулотлари билан таъминланяпти.
Халқаро конференция доирасида муҳокама мавзулари қишлоқ хўжалигининг кўплаб тармоқларини қамраб олган, бир қатор тадбирлар ташкил этилиши режалаштирилган. “Ўзбекистон агроозиқ-овқат салоҳияти” кўргазмаси шулар жумласидан. Биз ушбу кўргазмага тайёргарлик бўлаётган павильонда булиб, айрим иштирокчилар фикрларини олдик.
Рустам НИЗОМОВ,
Сабзавот, полиз экинлари ва картошкачилик илмий-тадкикот институти директори, қишлоқ хўжалиги фанлари доктори, профессор:
— Озиқ-овқат хавфсизлиги айни пайтда эътибор талаб қиладиган тармоқ. Чунки эҳтиёж тобора ортиб бормоқда. Бу талабни қондириш учун эса соҳага илмий ишланмалар, илғор ғояларни изчил татбиқ этиб бориш керак. Бу борада узилиш бўлмаслиги керак. Мазкур конференция мана шу жиҳатлари билан катта аҳамиятга эга.
Бугунги кунда мамлакатимизда озиқ-овқат хавфсизлигини самарали таъминлашда пахта майдонлари қисқартирилиб, экинларни режали асосда жойлаштириш ишлари яхши йўлга қўйилгани айни муддао бўлмоқда.
Сабзавот, полиз экинлари ва картошкачилик илмий-тадқиқот институти ва унинг илмий-тажриба станцияларида ҳар йили сабзавот, полиз ва картошканинг 20-25 тури бўйича 32-35 та навдан ўртача ҳисобда 200 тонна оналик сабзавотлар, 25-36 тонна сабзавот, 5-6 тонна полиз экинлари уруғлари ишлаб чиқарилади.
2023 йилда сабзавот ва полиз экинларининг 24 тури бўйича 34 тонна, картошканинг 300 тонна юқори авлодли маҳаллий уруғлигини ишлаб чиқариш режалаштирилган.
Картошка дунёда ҳам, Ўзбекистонда ҳам кўп истеъмол қилинадиган маҳсулот ҳисобланади. Айнан картошка етиштириш бўйича Хитой дунёда етакчи ҳисобланади.
Фермер хўжаликлари ва кластерларнинг уруғлик картошкага бўлган эҳтиёжини қондиришда имкониятларимиз ҳали етарли эмас. Эҳтиёжни тўлиқ қондириш учун импорт қиламиз. Шу боис, конференция давомида хитойлик мутахассислар билан учрашишни режалаштирганимиз.
Бундан ташқари, Халқаро картошкачилик маркази раҳбарияти, Туркия ва бошқа давлатлардан келган мутахассислар билан учрашувлар ўтказиш ниятидамиз.
Юртимизда ҳар йили 300 минг гектар ерга такрорий экин сифатида зарур қишлоқ хўжалиги экинлари экилади. Булар ҳам озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашга катта ҳисса қўшади. Халқаро конференцияда ана шундай тажрибалар алмашилиши ҳар бир иштирокчи учун жуда муҳимдир.
Бахтиёр ТОШТЕМИРОВ,
“Шарқ саноат” концерни бош директори:
— Мазкур анжуманда бугунги кунда қўлга киритилаётган ютуқлар қаторида, мавжуд муаммолар, камчиликлар, олдиндаги вазифалар муҳокама этилади. Шу жихатдан у қишлоқ хўжалиги иштирокчиларига катта фойда беради.
Концернимиз таркибида 25 дан ортиқ ишлаб чиқариш корхоналари фаолият юритмокда. Уларда қишлоқ хўжалиги, текстиль ва трикотаж, чорвачилик махсулотлари, мева-сабзовотлар, қурилиш материаллари ишлаб чиқарилади. Уларнинг базасида эса 4 та пахта-тўқимачилик ҳамда 3 та мева-сабзавотчилик кластери ташкил этилган. Уларнинг барида 16 минг 300 дан зиёд киши иш билан банд.
Шунингдек, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш даврида йилига 6 мингга яқин мавсумий ишчилар ишга жалб қилинади. Корхоналаримиз томонидан ўртача 50 млилион долларлик маҳсулотлар экспорт қилинади. Жорий йилнинг шу кунигача 41,5 миллион долларлик маҳсулот экспортга йўналтирилди. Йил охиригача ишлаб чиқаришни кенгайтириш ҳисобига экспорт салоҳиятимизни 100 миллион долларга етказишни мақсад қилганмиз.
Мисол учун, “Мароқанд сифат текстил” МЧЖ корхонамизда 31 минг 476 тонна пахта хомошёси етиштирилиб, хосилдорлик гектарига ўртача 37 центнерни ташкил этди. Кластерга тегишли “Иштихон олтин ерлари” фермер хўжалиги ер майдонлари тўлиқ томчилатиб суғориш тизимига ўтказилган. Натижада айрим жойларда ҳосилдорликни 55 центнергача етказдик. Кластер таркибида 48 минг тонна пахтани дастлабки кайта ишлаш заводи ҳамда 12 миннг тонна ип-калава ишлаб чикариш фабрикаси мавжуд.
Шунингдек, Наманган вилоятида 600 гектар боғни ўз ичига олган “Наманган шарбати” МЧЖ кластери, Сурхондарё вилоятида 850 гектар майдонни ўз ичига олган “Сурхон олтин меваси” агрофирмаси кластери ва Самарқанд вилоятида 4 минг 200 гектар ер майдонини қамраб олган “Охалик олтин боғи меваси” МЧЖ кластерларини ташкил этганмиз. Мазкур мева-сабзавотчилик кластерлари жами 6 минг 109 гектар майдонни қамраб олган, унинг таркибида 3 миллион доллар инвестиция ҳисобига кўчат етиштирувчи “In vitro” лабораториямиз мавжуд.
Халқаро конференция доирасида ташкил этиладиган кўргазмада меҳмонларни ана шу лабораториямиз фаолияти билан яқиндан таништирмоқчимиз.
Ҳозирга қадар “In vitro” лабораториямизда 4,5 миллион пайвандтаг етиштиришга эришдик ва уларни пайвандлаш ишларини олиб боряпмиз.
Лабораториядан олинган пайвандтаглар маҳаллий шароитга мослашиши учун уларни иссиқхона ва шундан сўнг кўчатхоналарга кўчириб, микропайванд ишлари йўлга қўйилди. Асосий мақсадимиз лабораториядан интенсив боғдорчиликка хос бўлган соғлом ва тезпишар навларни етказиб бериш. Мазкур анжуман бизга ана шундай имкониятни яратиб бергани билан ҳам аҳамиятлидир.
“Янги Ўзбекистон” мухбири
Дилшод УЛУҒМУРОДОВ ёзиб олди