баннер
20 апр 2025
06:08

    Самарқандда 220 та мулк зиёрат маркази учун тортиб олиняптими?

    Ижтимоий тармоқларда Самарқандда 220 та мулк зиёрат маркази учун тортиб олинаётгани ҳақида хабарлар тарқалди. Ҳолат юзасидан Маданий мерос агентлиги Самарқанд вилояти бошқармаси томонидан ўрганиш ишлари олиб борилди.

    Қайд этилишича, Президентнинг 2021 йил 9 февралдаги “Ўзбекистон Республикасида ички ва зиёрат туризмини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида“ги 6165-сон фармойиши қабул қилинган. Ушбу фармойишга кўра, Самарқанд шаҳрининг “Чокардиза“ қабристонида жойлашган “Имом Мотуридий“ ёдгорлик мажмуасини реконструкция қилиш, мажмуа атрофидаги буюк уламоларнинг қабрларни қайта тиклаш, ҳудудларни ободонлаштириш ва хизмат кўрсатиш инфратузилмасини яхшилаш орқали йирик зиёрат марказини ташкил этиш режалаштирилган.

    Таъкидланишича, айнан “Имом Мотуридий“ ёдгорлик мажмуасининг атрофини кенгайтириш мақсадида 217 та фуқароларга тегишли бўлган турар-жой бинолари бузилиши қайд этилган. Ушбу бинолар Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 4-октябрдаги “Моддий маданий мероснинг кўчмас мулк объектлари миллий рўйхатини тасдиқлаш тўғрисида“ги 846-сонли қарори билан маданий мерос объекти сифатида миллий рўйхатга киритилмаган.

    Шунингдек, Президентнинг 2021 йил 19 июндаги 5150-сонли қарорининг 4-бандида моддий маданий мероснинг кўчмас мулк объектларида, алоҳида муҳофаза қилинадиган тарихий-маданий ҳудудларда, Умумжаҳон мероси рўйхатига киритилган ҳудудларда ва уларнинг қўриқланадиган теграларида объектларни қуриш, бузиш ва ободонлаштириш ишларининг лойиҳалари Агентлик билан мажбурий тартибда келишиш белгиланган. Бунда Умумжаҳон мероси рўйхатига киритилган ҳудудлар ва объектлар бўйича лойиҳалар Агентлик томонидан ЮНEСКО ишлари бўйича Ўзбекистон Миллий комиссияси орқали ЮНEСКОнинг Умумжаҳон мероси маркази билан келишган ҳолда амалга оширилиши белгилаб қўйилган.

    2025 йилнинг 6 март куни Агентлик ҳузуридаги Илмий-эксперт кенгашининг Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган 4-сонли йиғилишида ушбу масала атрофлича кўриб чиқилган ва якуний хулоса берилган. Кенгаш хулосасига кўра, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йилнинг 9 февраль куни қабул қилинган 6165-сонли фармойиши маълумот ва ижро учун қабул қилинган.

    Шунингдек, Самарқанд шаҳрида жойлашган “Имом Мотуридий мажмуаси“нинг атрофини кенгайтириш ва ишлари юзасидан таклиф маъқулланган. Шунингдек, Илмий-эксперт кенгаши баёнида Маданий мерос агентлиги “Имом Мотуридий мажмуаси“ атрофини кенгайтириш ва ободонлаштириш лойиҳаси билан Умумжаҳон маданий ва табиий меросини муҳофаза қилиш тўғрисидаги конвенцияси талабларига мувофиқ ЮНEСКОнинг Умумжаҳон мероси марказини хабардор қилиш чораларини кўриш белгиланган. Шу билан бирга ҳужжатда ушбу ҳудудларда олиб бориладиган ҳар қандай қурилиш, ободонлаштириш ишларининг лойиҳалари ўрнатилган тартибда Маданий мерос агентлиги билан келишилган ҳолда амалга оширилиши қатъиян белгилаб қўйилган. Мазкур ҳудудда амалга ошириладиган кенгайтириш ва ободонлаштириш ишларининг назорати Самарқанд вилояти Маданий мерос бошқармасига юклатилган.

    Муносабатда эслатиб ўтилишича, уй-жойлари бузилаётган аҳоли вакилларининг турар-жойлари бозор қийматида ҳисобланади ва белгиланган тартибда компенсация пуллари тўлаб берилиши режалаштирилган.

    Маълумот учун, Президентнинг 2025 йил 14 мартда “Имом Мотуридий таваллудининг 1155 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида“ги 102-сонли қарори қабул қилинди. Қарорга кўра, 2025 йил апрель ойида Самарқанд шаҳрида “Мотуридийлик – бағрикенглик, мўътадиллик ва маърифат таълимоти“ мавзусида халқаро илмий-амалий анжуман ўтказиш, хорижлик тадқиқотчилар ўртасида мотуридийлик таълимоти бўйича илмий танлов ўтказиш, ғолиблар иштирокида Ўзбекистонда маданий-маърифий учрашув ва семинар-тренинглар ташкил этиш режалаштирилган.

    Телеграм каналимиз
    Text to speech