Сайловлар: Янги Ўзбекистоннинг янги имкониятлари

    Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг “Сайлов тизими” деб номланувчи бобида ҳақиқий сиёсий плюрализмни кафолатловчи бир қанча сиёсий тамойиллар эълон қилинди. Бундай нома кўп давлатлар конституцияларида мавжуд эмас.

    Ушбу конституциявий норма Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон деклорацияси, Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги ҳалқаро пакт, Эркин ва адолатли сайловларнинг мезонлари тўғрисидаги деклорация ва ЕХҲКнинг инсонийлик мезонлари бўйича конференция Копенгаген Кенгашининг ҳужжати каби ҳалқаро ҳужжатларига асосланган ҳолда қабул қилинган.

    Ўзбекистон Республикаси Сайлов кодексининг 8-моддаси “Сайловга тайёргарлик кўриш ҳамда уни ўтказишдаги очиқлик ва ошкоралик” деб номланган бўлиб бўлажак сайловларда ошкоралик тамойилини рўёбга чиқариш учун ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилади.

    Янги Ўзбекистоннинг бугунги кунда яқинлашиб келаётган муҳим сиёсий жараён сайловни очиқлик ва ошкоралик билан ўтказиш, ушбу жараёнга ҳеч биримиз бефарқ бўлмаслигимизни, аксинча ватанимиз келажаги учун фаол бўлишимиз лозимлигини, ўз сиёсий ҳуқуқларимизни амалга оширишимиз кераклигини чуқур англашимиз жуда муҳимдир.

    Дарҳақиқат, сайловлар демократик қадриятдир. Шу боис, ҳар бир демократик давлат халқ ҳокимиятини ушбу қадриятга асосланиб ўрнатади. Сайловлар – бу мамлакатимизда амалда бўлган ҳуқуқий нормаларнинг нечоғлиқ демократик руҳда эканини намоён этадиган, демократик ҳуқуқий давлатнинг узвий белгиси, халқнинг ўз хоҳиш-иродасини эркин ифода этишининг, фуқароларнинг давлат ва жамият бошқарувидаги иштирокининг асосий шакли бўлиб, ўта муҳим ва ҳал қилувчи аҳамиятга эга масаладир.

    Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси, ҳудудларда ташкил этилган барча даражадаги сайлов комиссиялари томонидан ўз фаолиятларида мустақиллик, қонунийлик, коллегиаллик, ошкоралик ва адолатлилик принципларига қатъий амал қилган ҳолда сайловни миллий қонунларимиз, бой тажрибамиз ва умумэътироф этилган халқаро стандартлар талабларига мос равишда юқори савияда ташкил этиш ва ўтказишга катта тайёргарлик кўрилмоқда. Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, вазирлик ва идоралар, давлат ва нодавлат ташкилотлари, фуқаролик жамияти институтлари ўз ваколатлари доирасида барча даражадаги сайлов комиссиялари ишига яқиндан кўмак бермоқдалар.

    Сайловларнинг янгича ўтиши, биринчидан, фуқароларнинг сиёсий-ҳуқуқий онги ва маданияти юксалиб бораётганлиги, иккинчидан, сиёсий партияларнинг сайловолди платформалари ранг-баранглик касб этиб, жамият ва давлат ҳаётидаги муҳим муаммоларни ечишга қаратилаётгани, учинчидан, оммавий ахборот воситаларининг том маънодаги “тўртинчи ҳокимият” сифатидаги ўз ўрнини эгаллаётгани, энг муҳими, мамлакатимизда барча соҳалар ривожида очиқлик, ошқоралик тамойилларига катта этибор қаратилаётгани билан бевосита боғлиқдир.

    Жорий йилдаги сайловлар мамлакатимизни ривожлантиришнинг бешта муҳим устивор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида ўз ифодасини топган илғор демократик ғояларнинг амалдаги яна бир ёрқин ифодаси бўлади. Айни пайтда, ушбу сайловлар Ўзбекистонда барча соҳаларда, жумладан, сиёсий-ҳуқуқий, ижтимоий, иқтисодий, маданий, маънавий-маърифий йўналишларда амалга оширилаётган кенг кўламли, жадал ислоҳотларнинг узвий қисмидир.

    Давлатимиз юритаётган бундай изчил ва дадил сиёсат ўзининг юксак самараларини бермоқда. Дунё ҳамжамияти Ўзбекистоннинг тобора юксалиб бораётган нуфузини кенг эътироф этмоқда ва юртимиз билан ҳар томонлама ҳамкорликни кенгайтиришга интилмоқда. Жамиятимиз ҳаётидан кўппартиявийлик, сиёсий плюрализм, фикрлар ранг-баранглиги, очиқлик ва ошкоралик, бағрикенглик тамойиллари тобора мустаҳкам ва кенг ўрин олмоқда.

    Мамлакатимиз сайлов қонунчилиги миллий ҳуқуқий тизимдаги энг динамик ва изчил ривожланаётган тармоқлардан бири ҳисобланади. Мамлакат ижтимоий-сиёсий ҳаётида халқаро сайлов стандартлари сайлов соҳасидаги ўзгаришларнинг мустаҳкам асоси ва мезонларидан бирига айланган.

    Янги сайлов кодекси унгача амалда бўлган сайлов жараёнини ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солган қонунлардан кескин фарқ қилади. Аввало, ушбу кодекс - демократик, очиқ, ошкора ва эркин сайловлар ўтказиш бўйича халқаро ҳуқуқ нормалари ва стандартларини, ривожланган давлатларнинг ижобий тажрибасини ҳамда қадимий давлатчилик тарихига, ўзининг учмас ва сўнмас инсонпарвар, адолатли қадриятларига эга халқимизнинг ижтимоий адолат, бағрикенглик, сўз ва амал бирлиги каби ноёб ғоя ва қадриятларини ўзида мужассам этган. Содда ва равон тилда ёзилган.

    Шу ўринда, Ўзбекистон Республикаси сайлов кодексидаги барчамизга тегишли яна бир муҳим ўзгаришга янгилик. Бу - сайлов куни овоз бериш вақти билан боғлиқ. Илгари сайловларда овоз бериш соат 06:00 дан соат 20:00 гача ўтказилган бўлса, эндиликда овоз бериш соат 08.00 да бошланади ва 20.00 да ниҳоясига етади. Сайловлар асосан йилнинг охирида, қиш фаслида ўтиши эътиборга олинса, бу ғоят тўғри ечим бўлганини таъкидлаш даркор. Бу ўзгаришлар ҳар доим сайловлар йилнинг охирида ўтказилганлиги учун бир қанча ноқулайликлар туғдирар эди. Шунингдек, ҳалқаро ташкилотлар ва жаҳон сайлов тизимларини ўрганиш, шу билан бирга фуқароларимизга қулай бўлиши учун жуда муҳим ўзгариш бўлди.

    Сайлов кодексига киритилган яна бир муҳим демократик ўзгариш бу қамоқда сақланаётган шахсларнинг сайловлардаги иштироки - ана шундай муҳим янгиликлардандир.

    Айни пайтда, ижтимоий хавфи катта бўлмаган ва унча оғир бўлмаган жиноятлар содир этганлиги учун суднинг ҳукми билан озодликдан маҳрум этиш жойларида сақланаётган шахслар ҳам иштирок этиши.

    Марказий сайлов комиссияси томонидан мазкур нормани ҳаётга тадбиқ этиш учун ҳуқуқшунос олимлар, амалиётчилар ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар билан ҳамкорликда “Қамоқда сақлаш ва озодликдан маҳрум этиш жойларида сайлов участкаларини ташкил этиш тартиби тўғрисидаги низом” ишлаб чиқилди ва қабул қилинди.

    Низомда Ўзбекистон Республикасининг Сайлов кодексига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасига ва Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларига сайлов ўтказишда қамоқда сақлаш ва озодликдан маҳрум этиш жойларида сайлов участкасини тузиш, участка сайлов комиссияларини шакллантириш ва овоз беришни ташкил этиш тартиби белгиланди.

    Қамоқда сақлаш жойларида ушлаб турилган ҳамда қамоққа олинган шунингдек, ижтимоий хавфи катта бўлмаган ва унча оғир бўлмаган жиноятлар содир этганлиги учун суднинг ҳукми билан озодликдан маҳрум этиш жойларида сақланаётган шахслар қамоқда сақлаш ва озодликдан маҳрум этиш жойларида тузилган сайлов участкаларидаги сайловчилар рўйхатига киритилади.

    Кодексда назарда тутилган муҳим янгиликларни санайверсангиз ўттиздан ошади. Уларнинг орасида сайлов ҳуқуқлари бўйича экспертлар, жумладан, халқаро ташкилотларнинг кўпни кўрган экспертлари ҳам “инновацион ўзгариш” деб эътироф этаётганларидан бири - Сайловчиларнинг ягона электрон рўйхатидир. Эндиликда мамлакатимиздаги барча Сайловчиларнинг ягона электрон рўйхати шакллантирилди ва сайловчилар Ўзбекистон Марказий сайлов комиссиясининг расмий веб-сайтида ўзи учун зарур маълумотларни олиш имкониятига эга бўлади.

    Хулоса қилиб айтганда, бўлажак сайловлар мамлакатимиз миллий тараққиётининг хозирги босқичида халқимиз ўзи танлаган юксалиш йўлидан илдам бораётганлигини, бирдамлигини, ислоҳотларнинг орқага қайтмас тус олганлигини, аҳолининг сиёсий-ҳуқуқий маданияти янада юксалиб, ижтимоий фаоллиги ортганлигини, эртанги кунга бўлган ишончи янада мустаҳкамланиб бораётганлигини дунё ҳамжамиятига яна бир бора номоён этади.

    Нодир Муҳиддинов,

    ТДЮУ Ихтисослаштирилган филиали Давлат-ҳуқуқий фанлар кафедраси ўқитувчиси

    No date selected
    май, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates