Сенат аъзолари, Халқ таълими вазирлиги, Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси, мутасадди вазирлик ва идоралар вакиллари, қўмиталар ҳузуридаги экспертлар, педагоглар, эколог-мутахассислар ҳамда журналистлар иштирок этган мазкур мажлисда «Таълим тўғрисида»ги Қонун ҳамда Ўзбекистон Республикасида Экологик таълимни ривожлантириш концепцияси доирасида амалга оширилган ишлар юзасидан халқ таълими вазирининг ахбороти эшитилди.
Таъкидлаганидек, ўсиб келаётган ёш авлодда экологик билим, онг ва маданиятни шакллантириш ҳамда ривожлантириш, экологик таълим-тарбия жараёнини самарали ташкил этиш, экология соҳасидаги илм-фанни жаҳоннинг илғор инновацион технологияларини жалб этган ҳолда янада такомиллаштириш мақсадида Ўзбекистон Республикасида экологик таълимни ривожлантириш концепцияси қабул қилинган.
Концепция доирасида Халқ таълими вазирлиги томонидан хорижий илғор тажрибалар асосида Умумий ўрта таълимнинг миллий ўқув дастури ишлаб чиқилган.
Миллий ўқув дастури асосида умумий ўрта таълим муассасаларининг ўқув дастурларига экологик саводхонликни ошириш, экологик онг ва экологик маданиятни шакллантириш ҳамда юксалтиришга оид жами 132 соат ажратилган. Янги авлод дарсликлари яратилиб, дарсларга экологияга оид мавзулар киритилган.
Экологик таълимнинг самарали шакл ва усулларини жорий этиш бўйича Республика таълим маркази томонидан соҳага оид қатор мавзуларда ўқув-методик қўлланмалар ишлаб чиқилган.
Умумтаълим мактаблари кутубхоналари 150 минг дона экологияга оид адабиётлар билан бойитилган. Республика болалар кутубхонаси томонидан www.kitob.uz веб-сайтида 50 га яқин экологик аудио китоблар жойлаштирилган.
Бугунги кунда 10 085 та умумий ўрта таълим муассасаларида 443 968 нафар ўқувчини қамраб олган. Уларда 29 916та экологик-биологик тўгараклар, 1 426 та «Экопатруль» ва 672 та «Яшил патруль» фаолияти йўлга қўйилган. 5 200 та умумтаълим мактабларида «Экология бурчаклари» ташкил этилиб, қўлланмалар, кўргазмали тарғибот воситалари, буклет ва плакатлар ҳамда электрон шаклдаги материаллар билан жиҳозланган.
Мактабдан ташқари таълимни ривожлантириш борасида республика миқёсида фаолият олиб бораётган 219 та «Баркамол авлод» болалар мактабларида туризм ва экология тўгараклари фаолияти йўлга қўйилиб, уларда 31 268 нафар ўқувчи-ёшлар аъзоликка олинган.
Мажлисда амалга оширилган ишлар билан бир қаторда Концепцияда назарда тутилган айрим талабларнинг жорий этилишида камчиликларга йўл қўйилганлиги қайд этилди.
Сенаторлар сўзларига кўра, ўқув фанлари доирасидаги экологик билимларни амалиётга жорий этиш, фанлар мазмунини аниқ экологик масалалар билан бойитиш, ўқувчиларнинг ёшига мос тарзда экологик билимларни киритиб бориш ишлари етарли даражада амалга оширилмаган. Муҳим экологик саналарга бағишлаб назарий ва амалий машғулотлар ўтказиш бўйича педагоглар учун махсус қўлланмалар етарли даража ишлаб чиқилмаган. Мактаб кутубхоналари экологик адабиёт ва кўргазмали материаллар билан етарли даражада таъминланмаган ҳамда уларнинг ахборот базасини яратиш ишлари охирига етказилмаган. Ҳудудларда экология соҳасида фаолият олиб бораётган давлат органлари ва ННТ билан ҳамкорлик лозим даражада йўлга қўйилмаган.
Қўшма мажлисда масъулларга экологик таълим самарадорлигини янги босқичга кўтариш, таълим дастурларини мавжуд экологик муаммолар ва уларни бартараф этиш вазифаларидан келиб чиқиб такомиллаштириб бориш, экологик таълимнинг самарали шакллари ва усулларини ишлаб чиқиш ҳамда жорий этиш, кадрлар тайёрлаш тизими самарадорлигини ошириш, экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш соҳасидаги ваколатли давлат органлари ва таълим соҳасининг ўзаро манфаатли ҳамкорлигини ривожлантириш каби масалалар юзасидан ҳам кўрсатма ва тавсиялар берилди.
Шунингдек, аксарият экологик муаммоларни ҳал этиш аҳолининг экологик маданияти, айниқса ёшларнинг экологик таълим-тарбия савияси билан бевосита боғлиқлигидан келиб чиқиб, аввало, умумтаълим мактаблари ва бошқа ўқув муассасалари вакиллари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, оила ва ҳар бир фуқаронинг экологик таълим ва тарбия тизимини ривожлантириш борасидаги саъй-ҳаракатларини бирлаштириш лозимлиги таъкидланди.
Ёшларнинг экологик ташаббусларини, ёш ихтирочиларнинг табиий ресурсларни асраб авайлашга, экологик муаммоларни олдини олиш ва бартараф этишга йўналтирилган лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш, ёшлар билан ишлашни кучайтириш, ёшларда экологик жавобгарлик хулқини тарбиялаш, экологик саводхонлик ва дунёқарашни шакллантириш, умуман аҳоли барча қатламларининг экологик маданиятини ошириш учун соҳа йўналишидаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ўз ичига қамраб олган «Экологик қонунлар» ихчам тўплами яратиш ҳам мақсадга мувофиқлиги қайд этилди.
Мажлис якунида қўмиталарнинг қўшма қарори қабул қилинди.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Ахборот хизмати.