Унда Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги директори ўринбосари Д.Саиджанов ҳам иштирок этди.
Учрашув иштирокчиларига юртимизда сўз эркинлигини мустаҳкамлаш ва ОАВни ривожлантириш борасида амалга оширилган ишлар тўғрисида тўлиқ маълумот берилди.
Қайд этилганидек, сўнгги йилларда Ўзбекистондаги сўз эркинлиги, ОАВнинг тутган ўрни кескин равишда ўзгариб, улар халқ овози, тўртинчи ҳокимиятга айланиб бормоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 27 июндаги «Оммавий ахборот воситалари мустақиллигини таъминлаш ҳамда давлат органлари ва ташкилотлари ахборот хизматлари фаолиятини ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорига асосан давлат органлари ва ташкилотлар раҳбарларининг матбуот котиби – ахборот сиёсати масалалари бўйича маслаҳатчилари этиб тайинланди. Бугунги кунда 600 дан ортиқ матбуот котиблари ўз фаолиятларини очиқлик асосида олиб боришяпти.
Бундан ташқари, парламент томонидан ахборот ва оммавий коммуникациялар соҳасида жамоатчилик кенгаши тузилиб, ахборот соҳасидаги долзарб масалалар бўйича жамоатчилик фикрини шакллантиришга эътибор қаратилган. Унга оммавий ахборот воситалари, жамоат ташкилотлари, илм-фан ва маданият ҳамда депутатлар, фуқаролик жамиятининг бошқа институтларининг мустақил экспертлари ва мутахассислари кирган.
Томонлар Ўзбекистоннинг ЕХҲТ ва унинг тегишли тузилмалари билан ҳамкорлиги ахборот соҳаси ва оммавий алоқаларни ривожлантиришга хизмат қилишини таъкидладилар.
Шунингдек, онлайн учрашувда бошқа масалалар юзасидан ҳам фикр алмашилди, деб хабар беради Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати матбуот хизмати.