Шаҳарсозлик соҳасидаги низоларни судга қадар кўриб чиқиш ва ҳал этиш тизими жорий этилди

    Эндиликда шаҳарсозлик соҳасидаги низолар билан тегишли вазирлик ва идораларнинг мутасадди вакилларидан иборат комиссия шуғулланади.

    Ушбу комиссия бино ва иншоотнинг ташқи кўринишини ўзгартиришни келишиш бўйича берилган хулоса, бино ва иншоотларнинг ихтисослашишини ўзгартириш, қайта қуриш, реконструкция қилиш ҳамда ўз ҳудудида қўшимча биноларни қуришни лойиҳалаштиришга рухсатнома олинганлиги ҳақидаги маълумотларни ўрганиб чиқади.

    Шунингдек, архитектура-режалаштириш топшириғи, ҳудудий архитектура-шаҳарсозлик кенгаши қарори ва ушбу кенгаш ишчи органи хулосасига доир ҳужжатларнинг қонуний берилганлигини ўрганиб чиқади ва қарор қабул қилади.

    Бу ҳақда АОКАда ўтказилган брифингда Қурилиш ва уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги ахборот хизмати раҳбари Саидносир Усмонов маълум қилди.

    Таъкидланишича, мазкур тартиб Вазирлар Маҳкамасининг жорий йил 12 августдаги “Шаҳарсозлик соҳасидаги низоларни судга қадар кўриб чиқиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги қарори ҳамда Шаҳарсозлик кодексининг 20-моддасига мувофиқ амалга оширилмоқда. Бу билан Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлигига ўз ваколати доирасида шаҳарсозлик фаолияти субъектлари ўртасидаги келишмовчиликларни кўриб чиқиш вазифаси юкланмоқда. Борди-ю, манфаатдор шахс комиссия қарорларидан норози бўлса, мазкур низолар суд тартибида кўриб чиқилади. Яъни, комиссияга мурожаат қилиш ихтиёрий бўлиб, бу уларнинг бевосита судга мурожаат қилиш ҳуқуқини чекламайди.

    Таъкидлаш лозимки, судларда кўриб чиқилган ёки кўриб чиқилаётган низолар комиссия томонидан кўриб чиқилмайди.

    Манфаатдор шахс ваколатли органнинг рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжати ёки бундай ҳужжатни беришни рад этиш ҳақидаги қарори, шунингдек, ҳаракатлари бўйича комиссияга мурожаат қилиши мумкин. Шунингдек, жисмоний ва юридик шахсларнинг шаҳарсозлик соҳасидаги қонуний манфаатларини кўзлаб ваколатли давлат органлари ёки аниқланган қонун бузилиши ҳолатлари юзасидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ҳам комиссияга мурожаат қилиши мумкин.

    Мазкур комиссия таркиби Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирининг жорий йил 16 сентябрдаги 226-сон буйруғи билан тасдиқланади.

    Қайд этиш керакки, комиссия йиғилишида масалага алоқадор комиссия аъзоларининг учдан икки қисми иштирок этган тақдирда, ваколатли ҳисобланади. Йиғилишни ўтказиш учун кворум шаклланмаган тақдирда, комиссиянинг янги мажлиси ўтказиладиган жой, сана ва вақт ҳақида белгиланган тартибда хабарнома юборилади.

    Бунда, рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатни қабул қилган ёки қабул қилишни рад этган мансабдор шахс комиссия аъзоси бўлиши мумкин эмас.

    Комиссия ўзига юкланган вазифаларни амалга ошириш ва мурожаатларни кўриб чиқишда, зарур ҳолларда, тегишли ташкилотларнинг вакилларини жалб қилиши мумкин.

    Шунингдек, мурожаатлар кўриб чиқилиши тенг ҳуқуқлилик, холислик, қонунийлик, коллегиаллик ва ҳуқуқни қўллаш амалиётининг бир хиллигини таъминлаш ҳамда мурожаат этувчиларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига риоя қилиш принципларига асосланади.

    Манфаатдор шахс комиссияга оғзаки, ёзма ёки электрон шаклда вазирликнинг электрон почтаси ёки расмий веб-сайти орқали мурожаат қилиши мумкин ва унда қуйидагилар кўрсатилган бўлиши керак: рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатни қабул қилган ёки уни қабул қилишни рад этган ёки ҳаракат ва ҳаракатсизликни амалга оширган ваколатли органнинг номи, мурожаат этган жисмоний шахснинг ёки вакилининг фамилияси, исми, отасининг исми ва яшаш жойи, юридик шахс учун эса унинг номи ва жойлашган жойи.

    Мурожаат этган шахснинг талаблари, илова қилинаётган ҳужжатларнинг рўйхати, мурожаат этилган сана кўрсатилиши талаб этилади. Комиссия котиби келиб тушган мурожаатнинг Низом талабларига мувофиқлигини текширади ва уни комиссия мажлисида кўриб чиқишга тайёрлайди ёки мурожаат ушбу Низом талабларига номувофиқлиги аниқланганда, камчиликларни бартараф этиш учун бир иш куни мобайнида манфаатдор шахсга қайтаради.

    Мурожаат келиб тушган кундан бошлаб ўн беш иш кунида комиссия томонидан кўриб чиқилади. Бунда мурожаатда кўтарилган масалалар уларни бевосита жойида ўрганиш, бошқа тегишли ҳужжатлар ва материалларни олиш ҳамда бошқа тегишли ташкилотларнинг вакилларини жалб қилишни талаб этган тақдирда, уни кўриб чиқиш муддати қўшимча ўн беш иш кунига узайтирилиши мумкин.

    Агар қонунда бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса, мурожаат рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжат ёки уни рад этиш ҳақидаги қарор қабул қилинган пайтдан ёки ваколатли органнинг ҳаракатлари маълум бўлган пайтдан эътиборан 30 кундан кечиктирмай берилиши мумкин.

    Манфаатдор шахс ёки унинг қонуний вакили комиссия томонидан мурожаат кўриб чиқилишида иштирок этиш ҳуқуқига эга. Бунда комиссия манфаатдор шахс ёки унинг қонуний вакилининг талабига кўра муҳокамани видеоконференцалоқа воситасидан фойдаланган ҳолда ўтказиши мумкин.

    Комиссия котиби икки иш кунида комиссия қарорини ариза берувчига юборади ҳамда қарорни “Шаффоф қурилиш” миллий ахборот тизимидаги Шаҳарсозлик соҳасида низоларни судга қадар ҳал қилиш реестрига киритади.

    Таъкидлаш керакки, мазкур жараёнлар жисмоний ва юридик шахслар ўртасидаги низоларни тезда ўрганиб чиқиш ва ортиқча оворагарчиликни олдини олиш мақсадида амалга оширилмоқда.

    No date selected
    декабр, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates