Шавкат Мирзиёев: Бугунги тадбиркор ёшлар - Янги Ўзбекистон маҳсули

    Ҳукумат 17 ноябр 2023 2915

    Президент Шавкат Мирзиёев 17 ноябрь куни Термиз шаҳрида барпо этилган Ёшлар саноат ва тадбиркорлик зонасини бориб кўрди.

    Давлатимиз раҳбарининг 2021 йил 21 апрелдаги қарорига мувофиқ, мамлакатимизнинг барча ҳудудларида ёшлар саноат ва тадбиркорлик зоналари ташкил этилмоқда. Бу уларнинг тадбиркорлик фаолиятини бошлаши ва юритишлари учун замин бўлмоқда.

    Термиз шаҳрининг Тинчлик маҳалласи ҳудудида ҳам шундай шароит ташкил этилди. 2 гектар майдондаги биноларда жами 42 та лойиҳа жойлаштирилди. Улар қурилиш материаллари, кимё ва нефть-кимё, мебелсозлик, озиқ-овқат, тўқимачилик саноатига тааллуқли. Биноларни харид қилиш, ускуналар олиб келиш ва ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш учун Ёш тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш жамғармасидан имтиёзли кредитлар тижорат банклари орқали ажратилади. Барча корхоналар ишга тушгач, 500 дан ортиқ иш ўрни яратилади.

    Давлатимиз раҳбари бу ерда жойлаштирилган корхоналар маҳсулотларини кўздан кечирди. Улардан бири анор шарбатини қадоқлаб, қўшни давлатларга экспорт қилмоқда. Яна бири кийим ва гилам тўқишни йўлга қўйиб, хотин-қизларни иш билан таъминлаган.

    Президент бундай саноат зоналарини вилоятнинг ҳар бир туманида барпо этиш, маҳаллаларда ҳунармандчилик, касаначиликни кенгайтириш зарурлигини таъкидлади. Икки йиллик тажрибадан келиб чиқиб, Сурхондарёда ёшлар тадбиркорлигини ривожлантириш бўйича алоҳида қарор қабул қилиш, бунга 50 миллион доллар маблағ ажратиш бўйича таклиф ишлаб чиқиш вазифаси қўйилди.

    - Бугунги тадбиркор ёшлар - Янги Ўзбекистон маҳсули. Уларнинг билими ҳам, интилиши ҳам янгича. Шунинг учун саноат зоналарини ёшларнинг ўзига бериш керак. Бу туманлар учун тайёр «лойиҳалар фабрикаси» бўлади. Мутасаддилар фақат корхоналарни инновацияга ўтказишга, бозорга чиқишга кўмаклашиши керак. Бунда асосийси - таннарх, сифат, рақобат, - деди Шавкат Мирзиёев.

    Шунингдек, бу вилоят ёшларининг спортга қобилияти зўрлиги, лекин улар шуғулланаётган спорт турлари чекланиб қолгани қайд этилди. Шу боис Сурхондарё ёшларини спортга жалб қилиш бўйича қарор лойиҳасини ишлаб чиқиш вазифаси белгиланди. Бу мақсадларга 30 миллиард сўм йўналтирилиши кўзда тутилмоқда. “Учқизил” сув омборида байдарка ва каноэда эшкак эшиш базаси ташкил қилинади.

    Шу ерда маҳаллий саноат маҳсулотлари намойиш этилди, инвестиция лойиҳалари тақдимоти ўтказилди. Сурхондарё вилоятида умумий қиймати 4 миллиард 600 миллион долларлик 82 та инвестиция лойиҳаси амалга оширилмоқда. Бунинг 4 миллиард доллари тўғридан-тўғри хорижий инвестициядир. Энергетика, кимё, тоғ-кон, қурилиш материаллари, тўқимачилик ва бошқа саноат тармоқларидаги бу лойиҳаларда қўшимча қийматли маҳсулотлар, ўн минглаб иш ўрни яратилади.

    No date selected
    декабр, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates