Сирдарё вилояти инновацион ҳудудга айлантирилади

    Ҳукумат 7 апрел 2023 6445

    Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 7 апрель куни Сирдарё вилоятига ташриф буюрди.

    Гулистон шаҳрида халқ депутатлари Сирдарё вилояти кенгашининг навбатдан ташқари сессияси бўлиб ўтди.

    Давлатимиз раҳбари сўзининг аввалида вилоят аҳли юксак ватанпарварлик руҳи билан меҳнат қилиб, катта натижаларга эришаётганини таъкидлади.

    Сўнгги олти йилда вилоятга 30 триллион сўм инвестиция жалб қилиниб, 6 минг 640 та янги корхона ишга туширилган. Бу орқали 55 мингта доимий иш ўрни яратилган, 17 мингта оила камбағалликдан чиқарилган.

    Сирдарёда ҳам тадбиркорлар кўпайди. Илгари бўлмаган қурилиш материаллари, фармацевтика, чарм ва озиқ-овқат саноати каби янги тармоқлар пайдо бўлди. Хусусан, қурилиш материалларида 274 та лойиҳа амалга оширилиб, бу тармоқ янги драйверга айланди. Вилоят саноатида бу соҳанинг улуши 7 фоиздан ошди.

    Вилоят полиз маҳсулотлари етиштириш ва экспорти бўйича ҳам республикада биринчи ўринда туради. Сирдарёда мамлакатимиз электр энергиясининг учдан бир қисми, чарм маҳсулотларининг 16 фоизи ва фармацевтика маҳсулотларининг 10 фоизи ишлаб чиқарилади.

    Ўтган йили октябрда Президент ташрифидан сўнг, Сирдарёни “ишсизликдан холи ҳудуд”га айлантириш бўйича дастур қабул қилинган эди. Дастурдаги тадбирлар учун вилоятга қўшимча 2 триллион сўм ажратилди.

    Жумладан, 20 минг аҳоли имтиёзли кредит билан таъминланди, 5 минг ишсиз ёшларга асбоб-ускуналар учун грантлар ажратилди. Шунингдек, 2 мингдан зиёд янги ҳунарманд фаолияти йўлга қўйилди, 12 мингдан зиёд ёшлар касб-ҳунарга ўқитилди. Аҳоли деҳқончилиги учун қўшимча 5 минг гектар ер тарқатилиб, 10 минг аҳоли даромадли иш билан таъминланди.

    Давлатимиз раҳбари эришилган натижалар энди тарих экани, вилоятни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш борасида имкониятлар ҳали кўплигини таъкидлади.

    Жумладан, Сирдарёнинг ер, сув ва табиат ресурслари бой. Аҳоли жон бошига экин майдонлари бошқа ҳудудларга нисбатан 2-3 баравар кўп. Вилоятда қишлоқ хўжалигини сув билан таъминланганлик даражаси ҳам юқори. Бу соҳага илм ва инновация олиб кирилса, маҳсулот етиштириш ҳажми ва экспортини ошириш мумкин.

    Сирдарё республикамиздаги энг катта истеъмол бозори – Тошкент шаҳрига яқин жойлашган. Шунингдек, у икки қўшни давлат – Қозоғистон ва Тожикистон билан қулай транспорт коридорига эга.

    Давлатимиз раҳбари бу имкониятларни ишга солиб, Сирдарёни саноат, тадбиркорлик, қишлоқ хўжалиги, таълим ва тиббиёт бўйича “илғор инновациялар ҳудуди”га айлантириш зарурлигини таъкидлади.

    Бу борада Хитой тажрибасига таяниш қўл келади. Чунки бу давлат мазкур соҳаларда катта ютуқларга эришган. Қолаверса, хитойлик инвесторларнинг ҳам вилоятга қизиқиши катта. Охирги олти йилда улар билан бирга, Ширин шаҳри, Мирзаобод ва Сирдарё туманларида 60 дан ортиқ йирик саноат корхоналари очилган. Вилоятга 2022 йилнинг ўзида 250 миллион доллардан зиёд Хитой инвестициялари жалб қилинган.

    Йиғилишда Президентимиз Сирдарё аҳолиси фаровонлигини янада оширишга қаратилган 5 та янги ташаббусни эълон қилди.

    Биринчиси, илғор инновациялар ҳудудида био-фармацевтика, қурилиш материаллари, қишлоқ хўжалиги, озиқ-овқат, электро-техника, тиббиёт, таълим соҳаларининг 20 та йўналишидаги лойиҳаларига алоҳида имтиёзлар режими жорий қилинади. Унга кўра ер, мол-мулк, фойда ва айланма учун солиқлар ҳамда божхона божларидан 3 йилгача озод қилинади. Ер участкалари соддалашган тартибда ажратилади, ер ва биноларни сотиб олишда 5 йилгача бўлиб тўлашга рухсат берилади.

    Шунингдек, Сирдарёда 500 миллион долларлик инвестиция ҳисобига Ўзбекистон-Хитой биотехнологиялар кластери барпо этилади. Унда Хитойнинг етакчи олийгоҳлари билан бирга Гулистонда халқаро таълим ва тадқиқот университети, инновацион тиббиёт клиникаси, Марказий Осиё геном маркази, онкологик касалликларни даволаш учун Ҳужайра терапияси маркази ташкил қилинади. Шунингдек, кластер томонидан замонавий диагностика қурилмалари, инновацион вакциналар, пробиотиклар ва онкологик касалликлар учун дори воситалари ишлаб чиқарилади.

    Бунинг учун 200 гектар ер ажратилиб, 10 минг талаба учун ўқув бинолари, замонавий кампус, лабораториялар, муҳандислар мактаби ташкил этилади.

    Иккинчиси. Вилоятнинг 11 та туман ва шаҳри Хитой модели асосида саноатга ихтисослашади, ҳар бирида инновацион технопарклар ташкил қилинади. Уларда электротехника, био-фармацевтика, кимё, қурилиш материаллари, ипак ва озиқ-овқат саноатида инновацион лойиҳалар амалга оширилади. Технопаркларга эркин иқтисодий зона мақоми берилади ва “божхона ҳудудида қайта ишлаш” режимининг соддалашган тизими жорий қилинади. Жорий йилда технопарк инфратузилмасига 200 миллиард сўм ажратилади.

    Инвестиция лойиҳаларини молиялаштириш учун Сирдарёда “Ўзбекистон-Хитой инвестиция жамғармаси” ташкил этилади. Бу жамғарма Хитойнинг нуфузли Ипак йўли фонди ва бошқа молия ташкилотлари билан бирга ташкил қилинади. Жамғармага 1 миллиард доллар сармоя олиб келинади.

    Учинчиси. Сирдарёда энг илғор агротехнологиялар жорий этилади. Хитойдан вилоят ҳокимига қишлоқ хўжалиги бўйича маслаҳатчилар, ирригация ва мелиорация тизимлари модернизациясига инвесторлар жалб қилинади.

    Шунингдек, Хитой тажрибаси ёрдамида Сайхунободда қорамол ва паррандачилик эко-комплекслари, Мирзаободда интенсив анор, қовун, пекан ёнғоғи ва балиқчилик плантациялари ташкил қилинади. Ховосда ўсимликлардан табиий бўёқлар ишлаб чиқариш қуввати, мева-сабзавотни сақлаш, қайта ишлаш ва қадоқлаш технопарки ташкил этилади. Шўр ва сувсизликка чидамли экин турлари, чорвачилик наслларини яратиш бўйича Хитойнинг етакчи олийгоҳлари билан ҳамкорлик йўлга қўйилади.

    Тўртинчиси. Сирдарё мамлакатимизни Қозоғистон, Тожикистон, Хитой ва Афғонистон билан боғлайдиган йирик логистика хабига айлантирилади. Бунинг учун, Хитойлик инвесторлар билан ҳамкорликда республиканинг шарқий ва марказий қисмларини ҳамда чет эл йўналишларига боғлайдиган янги транспорт маршрутлари ва мулти-модал логистика маркази қурилади.

    Булардан ташқари, йўлларни қуриш, таъмирлаш ва бошқаришга хусусий секторни жалб қилиш ҳам Сирдарёдан бошланади.

    Бешинчиси. Тиббиётдаги ислоҳотлар натижаси ва соҳадаги имкониятларга таяниб, Гулистон шаҳри мамлакатимизнинг “инновацион медицина хаби”га айлантирилади.

    Сессияда ташкилий масала кўрилди. Президент Шавкат Мирзиёев Сирдарё вилояти ҳокими лавозимига Акмалжон Маҳмудалиев номзодини тавсия этди.

    А.Маҳмудалиев 1974 йилда туғилган. Кўп йиллар давлат идораларида ишлаб, катта тажриба орттирган. Фарғона вилоятининг Учкўприк тумани ҳокими, Навоий вилояти ҳокимининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари лавозимларида фаолият юритган. У ўтган йил ноябрдан буён Сирдарё вилояти ҳокими вазифасини бажариб келмоқда.

    Номзод лавозимга тасдиқланишдан аввал унинг режалари эшитилди. Акмалжон Маҳмудалиев вилоятда тадбиркорлик, саноат, қишлоқ хўжалигини ривожлантириш, аҳолига муносиб турмуш шароити яратиш бўйича режаларини маълум қилди.

    Давлатимиз раҳбари бу таклифларни маъқуллаб, улар юзасидан мутасаддиларга кўрсатмалар берди.

    Умуман олганда, Сирдарёда ижтимоий муаммоларни ҳал қилишга жорий йилги давлат дастурларида кўзда тутилган 685 миллиард сўмга қўшимча 380 миллиард сўм, оилавий тадбиркорликни ривожлантиришга яна 110 миллиард сўм ажратилиши белгиланди.

    Саноат, аграр соҳа ва тадбиркорлик лойиҳаларига 1 миллиард доллар, инфратузилма барпо этишга 105 миллион доллар жалб қилиш бўйича топшириқ берилди.

    Булардан ташқари, хорижий инвестициялар жалб қилиб, Сирдарё вилоятини инновацион ҳудудга айлантириш вазифаси қўйилди.

    Тақдимотдан сўнг вилоят кенгаши депутатлари номзоднинг режалари юзасидан ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди. Ташкилий масала овозга қўйилди. Унинг натижаларига кўра, Акмалжон Маҳмудалиев Сирдарё вилоятининг ҳокими этиб тасдиқланди.

    No date selected
    декабр, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates