Собиқ МХХ биноси ҳудудидаги дарахтлар бошқа ҳудудга кўчирилаётгани маълум бўлди

    Ижтимоий тармоқларда Тошкент шаҳри, Юнусобод тумани, Сайилгоҳ кўчасида эман дарахтлари кесиб олиб кетилаётганлиги ҳақида хабарлар тарқалди.

    Ҳолат Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги ишчи гуруҳи томонидан ўрганилди. Ўрганиш натижасида ҳудуддаги 26 та эман дарахти белгиланган тартибда бошқа ҳудудга кўчириб ўтқазилаётганлиги маълум бўлди.

    «Айни дамда 14 та эман дарахти кўчириб ўтқазилди. Қолган 12 та дарахтни ҳам кўчириш жараёни кетмоқда, — деди жараёнга масъул »Муна Маг« корхонаси раҳбари Фаррух Ҳакимов. — Бунда барча агротехник тадбирлар олиб борилмоқда, дарахтлар яшаб кетиши учун зарур ўғитлар, озуқа моддалари билан таъминланмоқда. Бошқа ҳудудга кўчирилган дарахтлар тўлиқ яшаб кетади ва бунинг учун барча зарур чора-тадбирлар олиб борилади».

    Мутахассиснинг таъкидлашича, бу дарахтлар кўчириб ўтқазилганидан кейин 3 йил давомида доимий суғориш, ўғитлаш, илдиз тизимини озиқлантириш, ҳашаротлар ва зараркунандаларга қарши кураш ва бошқа зарурий ишлар амалга оширилади. Кўчирилаётган дарахтлар Тошкент вилоятидаги боғ учун мўлжалланган ҳудудга ўтқазилади.

    Мутахассис фикри билан батафсил видеода танишишингиз мумкин.