Марказда айни пайтда кардиохирургия, нейрохирургия, ортопедия ва пластик хирургия, гемодиализ, умумий хирургия, онкология, офтальмология, ЛОР, педиатрия ва реанимация бўлимлари фаолият кўрсатмоқда. Шунингдек, марказ, магнит резонанс томографи, мультиспирал компьютер томографи, ДНК анализатори ҳамда онкологик касалликларни барвақт аниқлайдиган замонавий технологиялар билан жиҳозланган. Тиббиёт муассасаси кунига 250 нафар беморни қабул қилиш, йилига 1500 дан кўпроқ мураккаб жарроҳлик амалиётларини бажариш имкониятига эга. Қувонарлиси, даволаниш учун илгари хорижий давлатларга юбориладиган бемор болаларнинг 95 фоизи бугунги кунда шу ерда шифо топяпти. Шифохонада Соғлиқни сақлаш вазирлиги тизимидаги республика болалар тиббиёт муассасалари томонидан бериладиган йўлланма (ордер)ларга асосан келган беморлар учун кетадиган харажат тўлиқ давлат бюджети маблағлари ҳисобидан қоплаб берилади.
— Ўғлим Юсуфжон 5 ёшда. Бу ерга бош мия ўсмаси ташхиси билан келдик, — дейди Фотима Икромова. — Очиғи, бундан олдин жуда кўп жойга мурожаат қилдик. Ҳатто Россия Федерациясидаги шифокорлар билан боғланиб, уларнинг маслаҳати асосида Москва шаҳрига бормоқчи бўлдик. Пойтахтимизда Болалар миллий тиббиёт маркази фаолият бошлаганини, бу операцияни энди шу ерда ҳам амалга ошириш мумкин эканлигини эшитиб, йўлланма олдик. Худога шукур, операция муваффақиятли ўтди. Хавф ортда қолди. Болам бугун соғлом, бағримда, одатдаги ҳаёт тарзига қайтган. Йўлланма билан келганимиз сабабли текширувдан тортиб, операциягача бўлган барча жараён бепул амалга оширилди, бепул дори-дармон билан таъминландик. Бизга шундай имконият яратган, боламга қайта ҳаёт бағишлаган барча-барчадан миннатдорман.
Марказда ўта мураккаб операциялар деярли ҳар кун амалга оширилади. Одатда чақалоқлар бош суягининг тепа қисми, халқ тилида айтганда “лиқилдоқ” билан туғилади ва у вақт ўтиб табиий жараён билан битиб кетади. Ана шу жойи битиб туғилган боланинг мияси эндоскопик усулда текширувдан ўтказилди. Бу ўта мураккаб операция саналади. Ўша суякларнинг битган жойларини очиш мақсадида жарроҳлик амалиёти муваффақиятли амалга оширилди. Шунингдек, ҳозирга қадар пешоб йўлларида туғма нуқсон билан туғилган 10 нафарга яқин болада жарроҳлик амалиёти ўтказилди. Клиникада қўлланилаётган энг замонавий тиббий асбоб-ускуналар даволаш самарадорлигини оширишда муҳим ўрин тутмоқда. Марказда болалар буйрагидаги тошни лазерда олиб ташлаш бўйича бажарилган амалиётлар ҳам эътиборга молик.
— Ўғлим Дониёр 7 ёшда. Буйрагидаги тош туфайли тенгдошлари қатори мактабга чиқа олмади, — дейди Феруза Абдуғаниева. — Оғриқ кучайиб, болам жуда қийналди. Шифокорлар бу ерда ана шу тошни янги технология воситасида операция қилмай, ҳеч қандай чандиқ ёки асорат қолдирмай олиб ташлашди. Бу ерда яратилган шарт-шароитлар аъло даражада. Бунинг учун Президентимиздан, шифокорлардан миннатдорман.
Яна бир қувончли ҳолат. Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан кам таъминланган, ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларнинг фарзандлари ҳам бепул даволаниш имкониятига эга бўлди. Бу билан чет эл тугул, ҳатто, ўзимизда даволаниш учун имкон топа олмаган ота-оналар фарзандлари ана шу марказда саломатликларини тиклаяпти.
— Ҳудудларимизда “Темир дафтар”га киритилган барча бемор болаларни уч гуруҳга бўлдик, — дейди Соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари Анвар Алимов. — Ана шундай йўл билан вилоятнинг ўзида, республика
муассасаларида ва Болалар миллий тиббиёт марказида даволанишга муҳтож беморлар аниқланди ва уларнинг ҳаммаси даволаниш имкониятига эга бўлади.
Мамлакатимизда шу пайтгача болаларда нейрожарроҳлик операцияларини ўтказиш учун тўлақонли имконият йўқ эди. Шу боис, бош мия ўсмаси, туғма юрак нуқсони, онкогематологияга чалинган болалар чет элга бориб даволанишга мажбур бўларди. Бугунги кунда ана шундай беморларнинг хорижга боришига ҳеч қандай эҳтиёж қолмади. Хорижникидан қолишмайдиган ушбу тиббиёт муассасасида амалга оширилаётган амалиётлар чет элга бориб келиш учун сарфланадиган сарфхаражатлардан ўн баробар арзонга тушяпти. Туғма юрак нуқсони билан туғилган болалар бепул, давлат бюджети ҳисобидан даволанмоқда.
— Мен Қашқадарёдан келдим, — дейди Рухшона Худойқулова. — Қизим бир ёшга кирганида юрагида туғма нуқсони борлиги аниқланди. Келган кунимизнинг эртасигаёқ операция қилишди. Натижа жуда яхши. Қизим ҳозир соғлом боладай ўйнаяпти, куляпти, эркин ҳаракат қиляпти. Ҳамма муолажа бепул амалга оширилди. Марказда шу кунга қадар 23 нафар чет эл фуқаросига ҳам тиббий хизмат кўрсатилди. Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, ҳатто МДҲ давлатлари, Афғонистон, Бразилия, АҚШ, Хитой давлатларидан келган беморларда ҳам жарроҳлик амалиёти ўтказилди. Болалар миллий тиббиёт маркази ўз фаолиятини янада такомиллаштиришни мақсад қилган. Шу йилдан марказда генетик омилларни ҳисобга олган ҳолда эрта ташхис қўйиш, прогнозлаш ва даволашнинг янги технологияларини ишлаб чиқиш ва жорий этиш бўйича амалий ишлар бошланди. Халқаро стандартларга мос келадиган тиббий хизматларни кўрсатиш ва беморлар хавфсизлигини таъминлаш учун 2022 йилнинг охиригача Корея Республикасининг “JCI” ташкилотидан аккредитациядан ўтиш белгиланган.
Рисолат МАДИЕВА,
“Янги Ўзбекистон” мухбири











