Савол: Бугунги кунда “Электрон рецепт” тизимига нечта тиббиёт ташкилоти ва дорихона уланган?
Жавоб: Тошкент шаҳар соғлиқни сақлаш бош бошқармасига қарашли жами 152 та давлат тиббиёт ташкилоти ва 1 496 та дорихонанинг барчаси тўлиқ “Электрон рецепт” тизимига уланган. Ҳозирча пойтахтдаги мавжуд 1 945 та хусусий тиббиёт ташкилотидан 796 таси (41 фоиз) ушбу тизимга интеграция қилинган.
Тажриба-синов лойиҳаси амалга оширилаётган 15 та ҳудудда (Асака, Ғиждувон, Ғаллаорол, Чортоқ, Китоб, Хатирчи, Денов, Булунғур, Иштихон, Шовот, Чимбой, Қува, Сирдарё туманлари ҳамда Янгийўл, Самарқанд шаҳарлари) жами 383 та давлат тиббиёт ташкилоти ва 1 319 та дорихонанинг барчаси, мавжуд 858 та хусусий тиббиёт ташкилотидан 547 таси (64 фоиз) ушбу тизимга уланган.
Мазкур ҳудудлардаги қолган хусусий клиникалар эса рецепт ёзилмаслиги, фаолияти тўхтатилганлиги каби сабаблар билан тизимга уланмаган.
Савол: Янги тизим жорий қилинган ҳудудлардаги тизимга уланмаган хусусий клиникага мурожаат қилган бемор рецептни қандай олади?
Жавоб: Бу ҳолатда беморлар ўзи бириктирилган оилавий поликлиника ва оилавий шифокорга ёки шошилинч тиббиёт муассасаларига мурожаат қилишлари мумкин.
Савол: Ҳозир рецептли дориларнинг неча фоизи электрон шаклда берилади?
Жавоб: Бугунги кунда рецептли дориларнинг 98,9 фоизи электрон шаклда берилади. 1,1 фоизи, яъни алоҳида тоифадаги кучли таъсир қилувчи моддалар, таркибида гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддалар сақловчи дори воситалари анъанавий шаклда (махсус рецепт бланка) берилади.
Савол: Янги тизим жорий қилинган ҳудудлардаги ҳамма шифокорлар рецепт ёзиш учун зарур ускуналар билан таъминланганми? Тизимни ишга туширишдан аввал уларнинг таклиф ва тавсиялари инобатга олинганми?
Жавоб: Тошкент шаҳар ва тажриба-синов лойиҳаси жорий қилинаётган 15 та туман (шаҳар)даги давлат тиббиёт муассасалари рецепт ёзиш учун зарур бўлган 9 турдаги ускуналар — ахборот-коммуникация технологиялари (моноблок, планшет, чек-принтер ва тармоқ қурилмалари) билан таъминланган.
“Тиббиёт ташкилотларида рецепт билан бериладиган дори воситаларини электрон рецепт асосида тайинлаш тартиби тўғрисида”ги Низом тиббиёт муассасалари ходимлари таклифлари асосида шифокорлардан иборат Ишчи гуруҳ томонидан ишлаб чиқилган.
Савол: Рецепт билан сотиладиган дорилар рўйхати қайси мезонлар асосида шакллантирилган?
Жавоб: Дори воситаларини рецепт билан ёки рецептсиз берилиш тартибини белгилаш уларни давлат рўйхатидан ўтказиш даврида аниқланиб, тегишли йўналишдаги шифокор мутахассислар томонидан хулосалар расмийлаштириб тасдиқланади.
Бунда:
оригинал дори воситасининг қандай тартибда берилиши тасдиқланганлигига;
ушбу дори воситаси ишлаб чиқарувчи давлатнинг тегишли органи томонидан қандай тартибда тиббиёт амалиётида қўллашга рухсат берилганлигига;
унинг фаол моддасининг дозаси, дори шакли ва қўлланиш усули ҳамда қадоқдаги сонига ҳам боғлиқ.
Шуни таъкидлаш жоизки, фаол моддалар, хусусан, Парацетамол, Ибупрофен сақловчи комбинирланган дорилар рецепт билан тиббиёт амалиётида қўлланилиши мумкин. Чунки ушбу дори моддаларининг бошқа фаол моддалар билан комбинациялари фармакологик хоссаларини кучайтириши, ножўя таъсирларни келтириб чиқариши мумкин.
Масалан:
– Аскорбин кислотаси таблетка ва дражеси (думалоқ) рецептсиз, унинг инъекцион дори шакли эса рецепт билан берилади.
– Парацетамол ёки Ибупрофен таблеткалари, ёш болалар учун уларни сақлаган суспензиялар, сироплар, бел ва бўғимлардаги оғриқларда ишлатиладаган суртмалар ва геллар рецептсиз бериладиган дорилар қаторига киради. Бироқ 500 мг. дан ортиқ Парацетамол, Ибупрофен сақловчи мажмуавий дорилар рецепт билан сотилади.
Савол: Тошкент шаҳридаги айрим дорихоналарда рецептсиз сотиладиган дориларни харид қилишнинг имкони бўлмаяпти...
Жавоб: Бу нотўғри. Чунки рецептсиз сотиладиган дорилар тоифасига шамоллашга қарши, иситмани тушириш, назал спрейлар, шамоллаш туфайли танадаги оғриқларни бартараф этиш учун ичиладиган бир компонентли дорилар, ёш болалар учун Парацетамол ёки Ибупрофен сақлаган суспензиялар, сироплар, бел ва бўғимлардаги оғриқларда ишлатиладаган суртмалар ва геллар киради. Бундан ташқари, аллергияга қарши, ич кетишида ва қабзиятда қўлланиладиган дорилар ҳам рецептсиз сотилади.
Дорихоналардаги дориларнинг рецептли ёки рецептсиз берилиши уларнинг қадоғи ва қўллаш йўриқномаларида кўрсатилган бўлиб, бу аҳоли ва дорихона ходимлари учун қулайлик яратади.
Тошкент шаҳри ва 15 та тажриба ҳудудида жойлашган дорихоналарда жорий қилинган “Электрон рецепт” тизими доирасида вужудга келаётган мурожаатларни қабул қилиш учун @ssv_pilotbot телеграм боти ташкил қилинди.
Савол: Дорихона ходимлари билан “Электрон рецепт”дан фойдаланиш бўйича ўқув машғулотлари ўтказилганми?
Жавоб: Албатта, дорихоналарнинг 17 минг нафардан ортиқ ходимлари “Электрон рецепт” тизими билан ишлаш бўйича ўқитилди. Бундан ташқари, онлайн ўқув курслари ташкил этилди ҳамда видеодарсликлар тайёрланиб, ижтимоий тармоқларга жойлаштирилди.
Савол: Сурункали касаллиги бор беморлар бу жараёнда қандай йўл тутади? Ҳар гал ўзларига керакли дорилар учун қайта рецепт оладими?
Жавоб: Сурункали хасталиги бор беморларга амбулатор шароитда рецепт ёзилганда, анаболик фаолликка эга айрим дори воситалари истисно тариқасида 60 кунлик, баъзи дори воситалари эса 90 кунлик даволаш курсига етарли миқдорда белгиланиши кўрсатилган.
Шунингдек, бундай беморларга “Электрон рецепт” бўйича кафолатланган пакетга киритилган дори воситалари дорихоналар томонидан реимбурсация дастури асосида бепул берилади.
Савол: Шошилинч ҳолатда беморга тиббий ёрдам кўрсатиш зарур бўлса, керакли дори воситаларини қандай олади?
Жавоб: Бундай беморларга шошилинч ҳолатларда тез тиббий ёрдам хизмати томонидан 67 турдаги, шошилинч қабул бўлимлари ва оилавий поликлиникаларда 34 турдаги асосий дори воситаларидан фойдаланган ҳолда тиббий ёрдам кўрсатилади.
Савол: Энди аҳолининг тегишли дори воситаларини рецептсиз сотиб ололмаслиги ҳисобига оилавий поликлиникалар иш юкламаси ортмайдими?
Жавоб: Тошкент шаҳридаги 12 та кўп тармоқли марказий поликлиника ва 71 та оилавий поликлиника ҳамда тажриба-синов лойиҳаси амалга оширилаётган 15 та туман (шаҳар)даги 177 та 1-тип, 141 та 2-тип оилавий поликлиника ва 32 та 2-тип оилавий поликлиника филиалларига уларнинг қатнов қувватидан келиб чиқиб, аҳоли бириктирилган. Шу сабабли мазкур тиббиёт муассасаларининг беморларни қабул қилиш ҳамда уларга сифатли тиббий хизмат кўрсатиш учун қуввати етарли.Савол: Айрим фуқаролар тизим “осилиб” қолиши, узоқ юкланишини айтмоқда. Чиндам ҳам шундайми?
Жавоб: Ҳозир тизим ишчи ҳолатда. Агар интернет тезлигида носозликлар кузатилмаса, тизимдан мунтазам фойдаланиш имконияти мавжуд. Техник мутахассислар доимий равишда юкламага қараб, серверларни оптимизация қилиш ишларини олиб бормоқда.
Савол: Агар тизим ишламай қолса, шифокор нима қилади?
Жавоб: Агар тизим муассасанинг ўзида (электрдаги узилиш, тармоқдаги узилиш) ишламай қолса, муқобил вариант сифатида шифокорлар планшет воситаси орқали электрон рецепт тайинлайди.
Савол: Техник носозлик кузатилган ҳолларда беморларнинг дори воситалари билан таъминланиши қандай амалга оширилади?
Жавоб: Бундай ҳолатларда бемор вақтини тежайдиган қулай алгоритм ишлаб чиқилган. Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, шошилинч ҳолатларда шифокорлар томонидан жойида тиббий ёрдам кўрсатилади (дорилар муассаса захирасидан берилади). Электрон рецептлар эса асосан амбулатор даволаниш учун мўлжалланган.
Савол: Тизимнинг ишлаш кўрсаткичлари, ҳодисаларга жавоб бериш тартиби, шифокорлар ва дорихоналар учун ягона техник ёрдам канали мавжудми?
Жавоб: Техник кўмак тўлиқ ташкил этилган. Тизимни мониторинг қилиш мақсадида вазирликнинг Рақамли соғлиқни сақлаш маркази серверлар ишини 24/7 режимида кузатиб бормоқда. Шунингдек, мурожаатларни қабул қилиб, тезкор кўриб чиқиш учун @ssv_pilotbot телеграм боти ишлаб турибди.
Савол: Рецепт ёздириш мақсадида келадиган беморлар учун алоҳида тезкор йўлак жорий этилганми?
Жавоб: Алоҳида тезкор йўлак жорий этишга эҳтиёж йўқ. Чунки сурункали касаллиги бор беморларга навбат асосида хизмат кўрсатилади. Шошилинч ҳолатдаги беморлар учун эса биринчи тиббий ёрдам кўрсатишга мўлжалланган дори воситалари барча оилавий поликлиникаларда мавжуд.
Савол: Асосий дори воситалари даражасига қараб гуруҳларга ажратилганми?
Жавоб: Соғиқни сақлаш вазирлигининг 2023 йил 21 августдаги 34-сон буйруғига кўра, асосий дори воситалари рўйхати тасдиқланган ва улар 65 та гуруҳга ажратилган (3455-сон 31.08.2023. Асосий дори воситалари рўйхатини тасдиқлаш тўғрисида).
Савол: Тизимдан фойдаланиш бўйича алоҳида йўриқнома ишлаб чиқилганми?
Жавоб: Соғлиқни сақлаш вазирининг 2025 йил 19 ноябрдаги 335-сон буйруғи билан барча тиббиёт ва фармацевтика ташкилотларида “Электрон рецепт” модулидан фойдаланиш ва ушбу модулга тегишли маълумотларни узатиш йўриқномаси тасдиқланиб, жойларга етказилган. Бундан ташқари, “Электрон рецепт” тизими жорий қилинаётган Тошкент шаҳри ва тажриба-синов лойиҳаси амалга оширилаётган 15 та туман(шаҳар)даги тиббиёт ташкилотлари ходимларига ўқув семинарлари орқали кенг тушунтирилган.








