Қишлоқ хўжалиги бўйича илк изоҳли луғат яратилди

    Луғатда қадимдан қўлланилиб келган соҳага оид кўплаб сўз ва атамаларнинг асл мазмуни билан танишасиз, ҳозирги пайтда кундалик фаолиятимизда фойдаланиб келинаётган сўзлар ҳамда сўнгги йилларда кириб келган янги терминлар маъносини билиб оласиз

    Юнон тарихчилари Страбон, Ҳеродот, Ҳенатийлар ёзиб қолдирган маълумотларда Хоразмда бундан 4 минг йил аввал суғорма деҳқончилик маданияти пайдо бўлгани ва хоразмликлар қадимийликда мисрликлар билан беллашишлари мумкинлиги эътироф этилган. Шу жиҳатларни ҳисобга олганда, қадимий Турон замин — ҳозирги Ўзбекистон ҳудуди суғорма деҳқончилик маданиятининг илк бешикларидан биридир.

    Буюк астроном, математик ва географ Аҳмад Фарғоний халифа Мутаваккил замонида (милодий 846-862 йиллар) мисрликлар учун азалий муаммо — Нил дарёси сувини ўлчайдиган “Миқёси Нил”ни яратиши халқимиз жаҳон цивилизациясига қўшган ҳиссанинг бир заррасидир.

    1963 йилда АҚШнинг Чикаго штатида 180 минг атама ва сўзга изоҳ берилган “The World encyclopedial dictionary book” ("Жаҳон қомусий луғати") да “Ўзбеклар – жаҳон халқлари орасида биринчилардан бўлиб, туркий халқлар ўртасида дастлабки ўтроқлашган, маданий турмуш кечирувчи, жаҳон цивилизациясига ҳисса қўшган миллат....” деб баён этилган. Ўтроқлашишнинг асоси деҳқончилик бўлиб, аждодларимиз шу касб туфайли турмуш кечириб келишган. Демак, қишлоқ хўжалигига алоқадор сўз ва атамалар ҳам ўша замонлардан муомалага киритилган ва такомиллашган.

    Миллат ва тил буюк алломалар томонидан мисли тан ва жон сифатида эътироф этилади. Деҳқончилик маданияти ривожланиши билан соҳавий атамалар кўлами кенгайиб, тилимиз бойиган, илмимиз тараққий этган.

    Сир эмас, бугун қишлоқ хўжалиги соҳасида амалга оширилаётган жадал ислоҳотлар, илм-фан ютуқлари, илғор хорижий тажриба ва технологияларнинг жорий қилиниши, жаҳон миқёсида глобаллашув тобора кенгайиб ва чуқурлашиб бораётгани муомалада бўлган сўз ва атамалар билан бир қаторда кўплаб халқаро ва хорижий терминлар қўлланилиши жараёнини тезлаштирди. Аграр тармоққа янги терминларнинг шиддат билан кириб келиши муомалада уларнинг турли маънода, билиб-билмай талқин қилинишига, амалий фаолиятда муайян тушунмовчиликларга сабаб бўлмоқда.

    Демак, соҳавий атамаларнинг яхлит изоҳли луғатини яратиш зарурати пишиб етилди. Шу боис, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги мутасаддилари аграр соҳа тармоқлари ва унинг қадимдан ривожланган турли касб-ҳунарларига оид ҳамда тараққиётнинг замонавий босқичида пайдо бўлган илмий техникавий терминлар, сўнгги даврда муомалага кириб келаётган халқаро ва хорижий атамаларни жамлаш, уларнинг ўзбек тилидаги луғавий ва маънавий изоҳларини адабий меъёрларга мос равишда тайёрлаш вазифасига киришдилар.

    — Умуман, вазирлик тизимида давлат тилида иш юритиш борасидаги фаолиятни такомиллаштириш бўйича изчил тадбирлар амалга оширилмоқда, — дейди қишлоқ хўжалиги вазири Иброҳим Абдураҳмонов. — Ушбу ҳолатни ҳисобга олиб, “Қишлоқ хўжалиги атамалари изоҳли луғати”ни яратиш мақсадида вазирлик тизимидаги олим ва мутахассислардан иборат таҳрир ҳайъати, қишлоқ хўжалиги тармоқлари бўйича унинг шўъбалари иш олиб борди. Ушбу луғатнинг илк маротаба яхлит ҳолда нашрга тайёрланиши муҳим аҳамиятга эга воқеа бўлди. Зеро, қадимий деҳқончилик маданиятига эга халқимизнинг тадрижий ривожланиши шу соҳа билан бевосита боғлиқ экани кўҳна тарих саҳифаларида муҳрланган.

    Таъкидлаш керакки, уни тайёрлашда “Ўзбекистон Миллий Энциклопедияси”, “Ўзбек тилининг изоҳли луғати”, “Ёш деҳқон энциклопедияси” ҳамда қишлоқ хўжалиги тармоқлари бўйича мавжуд луғатлардан, шунингдек, хорижий нашрлар ва манбалардан фойдаланилди. Манбаларни тўплаш, таҳлил қилиш ва луғатни шакллантиришда вазирлик тизимидаги олим ва мутахассислар, айниқса, Тошкент давлат аграр университетининг бир қатор фидойи профессор-ўқитувчилари ҳамда “Ўзбекистон” нашриёт матбаа-ижод уйи жамоаси жонбозлик кўрсатди.

    —Луғатда қадимдан қўлланилиб келган соҳага оид кўплаб сўз ва атамаларнинг асл мазмуни билан танишасиз, ҳозирги пайтда кундалик фаолиятимизда фойдаланиб келинаётган сўзлар ҳамда сўнгги йилларда кириб келган янги терминлар маъносини билиб оласиз, — дейди вазирлик Ахборот таҳлил мультимедиа бўлими бош муҳаррири Отамурод Абдуллаев. — Қишлоқ хўжалиги соҳасига оид бу луғат иқтисодиётнинг мазкур тармоғида фаолият юритаётган олим ва мутахассислар, профессор-ўқитувчи ва талабалар, фермерлар ҳамда агротадбиркорлик билан шуғулланаётган барча юртдошларимиз учун муҳим манба бўлиб хизмат қилади.

    “Қишлоқ хўжалиги атамалари изоҳли луғати”нинг мазкур тўплами бу борадаги дастлабки қадам бўлиб, унда айрим жузъий камчиликлар учраши табиий. Келгуси нашрларда уларни таҳрир этиб, тўпламни янада такомиллаштириб бориш режалаштирилган.

    Нодир МАҲМУДОВ,

    “Янги Ўзбекистон” мухбири

    No date selected
    май, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates