Спикер ўринбосари Қашқадарёда қандай масалаларни ўрганди?

    Ижтимоий ҳаёт 18 январ 2021 916

    Ҳаммамиз бугун кўриб, билиб, англаб турибмиз: мамлакатимизда камбағалликни камайтириш масаласи давлат сиёсати даражасига кўтарилди. Президентимиз бу долзарб масалага қайта-қайта тўхталиб, камбағалликни камайтириш учун аҳолида тадбиркорлик руҳини уйғотиш лозимлигини бежиз таъкидламаяпти.

    Камбағалликни келтириб чиқарувчи омиллардан энг биринчиси бу — ишсизлик! Ишсизликни бартараф этиш – бу камбағалликни қисқартириш, дегани. Шу нуқтаи назардан бу борада одамларда томорқа ерларига бўлган муносабатни ўзгартириш, уларга томорқадан йилига икки-уч маротаба ҳосил олишни ўргатиш юқори самара беради.

    Давлатимиз раҳбари Олий Мажлисга қилган Мурожаатномасида ҳар бир туманнинг имконияти ва ривожланиш йўналишидан келиб чиқиб, деҳқончилик билан шуғулланадиган оилаларга 10 сотихдан 1 гектаргача ер майдонлари ажратилишини айтиб, камбағалликни қисқартириш борасида ҳудудлардаги ҳақиқий ҳолатга баҳо бериш, амалга оширилаётган ишлар ижросини назорат қилиш Олий Мажлис палаталари ва маҳаллий Кенгашларнинг диққат марказида бўлиши лозимлигини таъкидлаган эди.

    Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосари, ЎзЛиДеП фракцияси раҳбари Актам Ҳайитов Мурожаатнома мазмун-моҳиятини фуқароларимизга тушунтириш ҳамда унда илгари сурилган устувор вазифалар ижроси жойларда қай даражада таъминлаётганини ўрганиш мақсадида Қашқадарё вилоятига борди.

    Спикер ўринбосари воҳадаги учрашувини Китоб туманидаги «Варганза Боғишамол» томорқа хизмати кўрсатиш масъулияти чекланган жамиятининг фаолияти билан танишишдан бошлади.

    Мазкур жамиятда аҳоли томорқалари даромадини ошириш, томорқачилик маданиятини юксалтириш мақсадида амалий-ўқув семинари ташкил этилиб, аҳоли вакилларига томорқа ва кенг майдонларда малиначиликни ривожлантириш, унинг кўчатини экиш, парваришлаш ва мўл ҳосил етиштириш йўллари кўрсатиб ўтилди.

    Амалий семинарда сўз олган А.Ҳайитов Президентимизнинг Мурожаатномасида белгиланган устувор вазифалар ҳақида тўхталиб, ерлардан, хусусан, аҳоли томорқаларидан олинаётган даромадни ошириш, ўзини-ўзи иш билан банд этиш ҳамда интенсив боғ ва узумзорларни кўпайтириш камбағалликни камайтиришда муҳим аҳамият касб этишини таъкидлади.

    – Китоб туманида малиначиликни ривожлантириб, камбағалликни қисқартириш, «Темир дафтар»да қайд этилган фуқаролар даромадини ошириш, ички бозорни шу турдаги маҳсулот билан тўкин қилиш учун катта имконият мавжуд, – деди А.Ҳайитов. – Бу борада Ўзбекистон Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши ҳузуридаги Жамғарма ҳисобидан артезиан қудуғи қуриш учун субсидия, иссиқхона барпо этиш, чорва моллари учун омихта ем ишлаб чиқариш, паррандачиликни йўлга қўйиш учун имтиёзли нархларда кредит маблағлари ажратилади. Шубҳасиз, аҳоли ўртасида томорқачилик маданиятини юксалтириш ва уларнинг ҳар қарич ердан унумли фойдаланишига эришсак, албатта, кўзлаган ниятимизга етамиз.

    Амалий семинарда «Варганза Боғишамол» томорқа хизмати МЧЖнинг 1 гектарлик ўқув-тажриба майдонида водийдан келган фермерлар томонидан аҳолига малина кўчатларини экиш технологияси бўйича маҳорат дарслари ташкил этилди. Шунингдек, водийлик ишбилармонлар томчилатиб ва ёмғирлатиб суғориш ускуналаридан фойдаланиш бўйича ҳам тажриба алмашишди.

    Спикер ўринбосари ёш спортчиларга мухлислик қилди

    Шаҳрисабз тумани болалар ва ўсмирлар спорт мактабида 2006-2009 йилларда туғилган ўқувчи-ёшлар ўртасида самбо бўйича туман биринчилиги ўтказилди.

    Унда тумандаги болалар ўсмирлар спорт мактаби тарбияланувчилари ва умумтаълим мактабларининг спортчи ёшлари ўзаро баҳс олиб боришди.

    Ўзбекистон Либерал-демократик партияси Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси ҳамда Миллий олимпия қўмитаси ўртасида тузилган ҳамкорлик меморандуми ижроси доирасида ўтказилган спорт мусобақасида парламент қуйи палатаси Спикери ўринбосари А.Ҳайитов ҳам иштирок этиб, ёш спортчиларга мухлислик қилди.

    –Баҳсларни кузатиб туриб, эндигина 10 ёшга тўлган қизалоқларнинг майдонда ҳақиқий полвонлардек беллашаётгани, ғалаба учун иштиёқи, интилиши юқорилигини кўриб, беихтиёр уларнинг мухлисига айланиб қолдим, – дейди А.Ҳайитов. – Спортга иштиёқи юксак болаларда мақсад шаклланади, ҳаётга, она юртга муҳаббат юксалади. Ишончим комилки, шаҳрисабзлик ёшлар орасида нафақат самбо, балки бошқа спорт турларидан ҳам олимпиада чемпионлари етишиб чиқади.

    Мусобақа якунида самбо бўйича туман биринчилигида ғолиб чиққан ўқувчи-ёшлар ЎзЛиДеП ва ҳамкор ташкилотларнинг эсдалик совғалари билан тақдирланди.

    Аҳоли малина етиштириш кооперациясига бирлаштирилади

    Етмиш ёшни қаршилаган Муборак ая Мейлиевага Шаҳрисабз туманидаги «Мираки» МФЙда яшовчи фуқаролар ҳавас қилади. Онахон каби ҳовлисида малина етиштиришга, мўл даромад олишга интилади.

    Хонадон бекаси меҳнатсеварлиги, тиниб-тинчимаслиги орқасидан одамлар тилига тушди, эл эътирофига сазовор бўлди. Ҳозир у 6 сотих томорқасининг 1 сотихида малина етиштириб, 6 миллион сўмга яқин даромад топяпти.

    А.Ҳайитов бошчилигидаги ишчи гуруҳнинг учрашувлари Муборак ая ва Зулфиқор ота Умаров хонадонида давом этди.

    Шу ерда малина етиштириш бўйича аҳоли вакиллари учун маҳорат дарси ўтказилиб, малина кўчатларини экиш технологияси, парваришлаш, бўташ, кўчириб ўтқазиш ва симбоғозга тортиш бўйича йиғилганларга батафсил маълумотлар берилди.

    Халқ вакили Муборак ая томорқасида етиштирилаётган маҳсулотларни кўздан кечирар экан, онахонни ибратли ишларига юксак баҳо бериб, томорқачиликни ривожлантиришга қўшаётган ҳиссаси учун миннатдорлик билдирди.

    –Муборак момо каби онахонлардан ёш оилалар ибрат олиши керак, – деди А.Ҳайитов. – Биз уларнинг тажрибасини, таъбир жоиз бўлса, ташаббусини кенг ёямиз, ҳозиргина аҳоли вакиллари билан суҳбатлашдим, уларнинг аксарияти шу ҳудудда малина етиштирувчилар кооперациясига бирлашишга розилик беришди. Бу кооперация албатта, ўз натижасини беради. 100 га яқин хонадонни бирлаштириб, томорқасида бир экин тури-малина етиштиришга ихтисослашса, уни нафақат ички бозорга, балки хорижга ҳам экспорт қилиш имконияти яратилади.

    Учрашув давомида бир хонадонда бошлаган хайрли ишларни туман миқёсида оммалаштириш ва аҳоли томорқаларидан олинадиган даромадни кўпайтириш бўйича олиб борилаётган саъй-ҳаракатларга бошқа маҳаллаларда яшовчи фуқаролар ҳам хайрихоҳлик билдиришди.

    No date selected
    май, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates