Субсидия бўйича энг кўп сўралаётган саволларга жавоблар

    Фикр 20 май 2023 5523

    Мазкур мақолада субсидия ва унинг миқдори, уни олиш учун ариза бериш тартиби ҳамда субсидия ажратишда инобатга олинадиган ижтимоий мезонлар таҳлил қилинган.

    Фуқароларга субсидия тўлаш тартиби Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 25 мартдаги 182-сон қарори билан тасдиқланган “Уй-жой сотиб олиш ёки якка тартибдаги уй-жойларни қуриш ва реконструкция қилиш учун фуқароларга субсидия тўлаш тартиби тўғрисида”ги Низом асосида белгиланади.

    Мазкур мақолада субсидия ва унинг миқдори, уни олиш учун ариза бериш тартиби ҳамда субсидия ажратишда инобатга олинадиган ижтимоий мезонлар таҳлил қилинган.

    Субсидия — ипотека кредитлари асосида квартира сотиб олиш учун бошланғич бадал ва кредит фоизининг бир қисмини ёки якка тартибдаги уй-жойларни қуриш ва реконструкция қилиш учун кредит фоизининг бир қисмини қоплаш мақсадида Давлат бюджетидан фуқаро учун банкда унинг номига очилган тегишли ҳисобвараққа ўтказилган маблағ.

    Даромади юқори бўлмаган фуқаро деганда нима тушунилади?

    Даромади юқори бўлмаган фуқаро ёки оила — қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ аниқланиши мумкин бўлган ўртача ойлик даромадлар миқдори:

    Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда белгиланган меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг (кейинги ўринларда — МҲТЭКМ) 2,7 баравари (2 646 000 сўм)дан 8 баравари (7 840 000 сўм)гача;

    Тошкент шаҳрида белгиланган МҲТЭКМнинг 2,7 баравари (2 646 000 сўм)дан 9,2 баравари (9 016 000 сўм)гача бўлган оилалардир.

    Вақтинчалик манзил бўйича ҳам субсидия олса бўладими?

    Йўқ, мумкин эмас. Субсидия фуқаро рўйхатга олинган доимий яшаш жойидаги ҳудуд (Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар) доирасида туман (шаҳар) кесимида қайта тақсимланмаган ҳолда фуқароларнинг талабларидан келиб чиқиб ажратилади.

    Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларга ажратилган субсидия ушбу ҳудуддаги аҳоли томонидан белгиланган тақсимот доирасида туман ёки шаҳардан олиши мумкин, агар қонунчилик ҳужжатларида бошқача тартиб белгиланмаган бўлса.

    Тошкент шаҳрида доимий рўйхатга олинган фуқаро субсидия дастури доирасида Тошкент вилоятида қурилган уй-жойларни ипотека кредити асосида сотиб олишга ҳақли. Бунда ипотека кредити Тошкент вилояти учун белгиланган ипотека кредитининг энг кўп миқдори доирасида ажратилади ҳамда бошланғич бадал бўйича субсидия тўлови уй-жой жойлашган туман (шаҳар) молия бўлими томонидан амалга оширилади.

    Субсидия олиш учун ариза бериш тартиби қандай?

    Ариза берувчи ипотека кредитлари бўйича субсидия олиш учун исталган туман (шаҳар) давлат хизматлари марказига ўзи келиб мурожаат этади ёки Ягона интерактив давлат хизматлари порталида давлат хизматидан электрон тарзда фойдаланиш учун рўйхатдан ўтади.

    Ариза берувчи томонидан ипотека кредитлари бўйича субсидия олиш учун ариза йил давомида топширилиши мумкин.

    Субсидия олиш учун ёш чегараси мавжудми?

    Ариза берувчи — ипотека кредитлари бўйича бошланғич бадал ва фоиз харажатларининг бир қисмини қоплаш учун субсидия олиш мақсадида ариза билан мурожаат қилувчи 18 ёшдан 60 ёшгача бўлган Ўзбекистон Республикаси фуқароси бўлиши керак.

    Меҳнат мигранти ҳам субсидия олса бўладими?

    Албатта, меҳнат мигрантлари номидан ипотека кредитлари бўйича субсидия олиш тўғрисидаги аризани унинг оила аъзолари нотариал тартибда тасдиқланган ишончнома асосида бериши мумкин.

    Субсидия ажратишда қандай мезонлар инобатга олинади?

    Уй-жойга муҳтож фуқароларни аниқлашнинг ижтимоий

    МЕЗОНЛАРИ

    Т/р

    Мезонлар

    Балл

    Масъул орган

    I. Ариза берувчи ва/ёки унинг оиласининг даромади (меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдори — МҲТЭКМ асосида)

    Ҳудудларда (Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар)

    1.

    МҲТЭКМнинг 2,7 га тенг ва кўп бўлган, 7,0 га тенг ва кам бўлган

    10

    Туман (шаҳар) давлат солиқ инспекцияси

    2.

    МҲТЭКМнинг 7,0 дан кўп бўлган, 7,5 га тенг ва кам бўлган

    6

    3.

    МҲТЭКМнинг 7,5 дан кўп бўлган, 8,0 га тенг ва кам бўлган

    2

    Тошкент шаҳрида

    1.

    МҲТЭКМнинг 2,7 дан га тенг ва кўп бўлган 8,0 га тенг ва кам бўлган

    10

    Туман (шаҳар) давлат солиқ инспекцияси

    2.

    МҲТЭКМнинг 8,0 дан кўп бўлган 8,5 га тенг ва кам бўлган

    6

    3.

    МҲТЭКМнинг 8,5 дан кўп бўлган 9,2 га тенг ва кам бўлган

    2

    II. Ҳозирги турар жой мақоми*

    1.

    Ижара (эр-хотиннинг ўз мулкида уй-жойи мавжуд эмас)

    20

    Туман (шаҳар) давлат солиқ инспекцияси, Давлат кадастрлари палатасининг ҳудудий бошқармаси

    2.

    Эгасининг рухсати билан текин турар жой (эр-хотиннинг ўз мулкида уй-жойи мавжуд эмас)

    3.

    Ариза берувчининг ўз мулкида якка тартибдаги уй-жойи мавжудлиги (якка тартибдаги уй-жой қуриш ва реконструкция қилиш учун)

    III. Ижтимоий ҳимояга муҳтож бўлган айрим шахслар

    1.

    «labor-migration» дастурида рўйхатдан ўтган меҳнат мигранти

    10

    Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги (subsidiya.idm.uz дастурий тизимида автоматлаштирилган тарзда)

    2.

    Олис ва чекка ҳудудларда жойлашган бюджет ташкилотларига бошқа ҳудудлардан меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун келган олий маълумотли мутахассис ва (ёки) тиббиёт ходими

    10

    Туман (шаҳар) ҳокимлиги молия бўлими

    3.

    Ёш оилалар, шу жумладан, 30 ёшдан ошмаган фуқаролар

    10

    Ешлар ишлари агентлигининг туман (шаҳар) бўлими

    4.

    Оғир ижтимоий вазиятга тушиб қолган аёллар**

    10

    Туман (шаҳар) оила ва хотин-қизлар бўлими

    IV. Ариза берувчи ва унинг оиласидаги шахсларнинг қуйидаги тоифага мансублиги***

    1.

    Биринчи гуруҳ ногиронлиги бўлган шахс

    10

    Туман тиббиёт бирлашмаси хулосаси

    2.

    Сурункали касалликнинг оғир турларидан азоб чекувчи

    10

    3.

    Оғир ногиронликка олиб келувчи касалликка чалинган болани парваришлаётган

    10

    Жами балл:

    50

    Изоҳ:

    * Тўлиқ ўз мулкида уй-жойга эга бўлган оилалар (эр ёки хотин)га субсидия ажратилмайди (якка тартибдаги уй-жой қуриш ва реконструкция қилиш бундан мустасно).

    ** III бўлимдаги «Оғир ижтимоий вазиятга тушиб қолган аёллар» мезони бўйича 10 балл олган номзодларга IV бўлим мезонлари бўйича балл берилмайди.

    Шунингдек, IV бўлим мезонлари бўйича 10 балл олган номзодларга III бўлимдаги «Оғир ижтимоий вазиятга тушиб қолган аёллар» мезони бўйича балл берилмайди.

    *** III ва IV бўлимлар бўйича балл битта мезонга берилади.

    Қайси ҳолатда талабгор субсидия олишга ҳақли деб ҳисобланади?

    Ижтимоий мезонлар асосида баҳоланган ариза берувчи 30 ва ундан юқори балл тўплаган тақдирда, талабгор сифатида тан олиниб, квартира сотиб олиш ёки якка тартибдаги уй-жойларни қуриш ва реконструкция қилиш учун ипотека кредити бўйича субсидия олишга ҳақли деб ҳисобланади.

    Эътибор бериш керакки, субсидия ажратиш тўғрисидаги хабарномада талабгорга давлат бюджетидан ажратиладиган бошланғич бадал субсидиясининг қатъий белгиланган миқдори ва ипотека кредитининг энг кўп миқдори доирасида дастлабки 5 йилда фоиз тўловларининг бир қисмини тўлаб бериш бўйича субсидия ажратилиши кўрсатилади ҳамда ипотека кредитини ажратиш тижорат банклари томонидан кўриб чиқилиши ва ушбу хабарнома кредит ажратилишини кафолатламаслиги қатъий белгилаб қўйилади.

    Субсидия миқдори қанчани ташкил этади?

    “Бозор тамойилларига асосланган ипотека кредитлари орқали аҳолини уй-жой билан таъминлашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги 09.12.2021 йилдаги Ўзбекистон Республикаси Президентининг ПФ-33-сонли Фармонига кўра сотиб олинадиган квартира жойлашуви, қиймати ва майдонидан қатъи назар, дастлабки бадалнинг бир қисмини қоплаш учун субсидиялар — қатъий белгиланган 32 миллион сўм миқдорида, фоиз тўловларининг бир қисмини қоплаш учун субсидиялар — биринчи беш йил давомида 10 фоизлик пунктдан ошган қисмига тўланади;

    дастлабки бадал ва фоиз тўловларининг бир қисмини қоплаш учун субсидиялар сотиб олинаётган квартиранинг нархи ипотека кредитининг энг кўп миқдоридан ошган тақдирда ҳам тўланади. Бунда, сотиб олинадиган квартиранинг нархи ипотека кредитининг энг кўп миқдоридан ошган тақдирда, қийматнинг қолган қисми қарз олувчи томонидан ўз маблағлари ва қонунчиликда тақиқланмаган бошқа маблағлар ҳисобидан дастлабки бадал суммасини ошириш орқали тўланади.

    Ариза берувчига субсидия ажратиш қайси ҳолатда рад этилади?

    Қуйидаги ҳолларда ариза берувчига субсидия ажратиш рад этилади:

    а) тақдим этилган аризада кўрсатилган маълумотлар ижтимоий мезонларга мос келмаганда;

    б) тақдим этилган маълумотлар нотўғри ёки сохта бўлганда;

    г) илгари шаҳар ва қишлоқ жойларда арзон уй-жой қуриш дастурлари доирасида имтиёзли ипотека кредитларидан фойдаланган ҳолда квартира ёки якка тартибдаги уй-жой ҳамда субсидия олган (аввал олинган уй-жой бошқа шахсга бегоналаштириб юборилган тақдирда ҳам) оила аъзолари (эри, хотини) такрорий мурожаат этганда;

    д) жорий йилда ҳудуд учун ажратиладиган субсидия сони тугаганда;

    е) ариза берувчи ва/ёки оиланинг ўртача ойлик даромади:

    Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда — МҲТЭКМнинг 2,7 баравари (2 646 000 сўм)дан кам ва 8,0 баравари (7 840 000 сўм)дан юқори;

    Тошкент шаҳрида — МҲТЭКМнинг 2,7 баравар (2 646 000 сўм)дан кам ва 9,2 баравари (9 016 000 сўм)дан юқори бўлганда.

    Юқорида кўрсатилмаган бошқа асослар бўйича субсидия ажратиш рад этилишига йўл қўйилмайди.

    Субсидияни бир неча маротаба ҳам олса бўладими?

    Йўқ, фақат бир марта берилади. Тартибини тушунтирамиз. Ажратиладиган субсидия бир оилага (эри ёки хотинига) фақат 1 (бир) марта берилади. Квартира сотиб олиш ёки якка тартибдаги уй-жойларни қуриш ва реконструкция қилишга бериладиган ипотека кредити бўйича субсидия ажратиш тўғрисидаги хабарнома берилган вақтидан бошлаб 12 ой давомида амал қилади.

    Мухирддин Шамсиддинов

    Тошкент давлат юридик университети

    Юридик клиникаси ходими

    No date selected
    ноябр, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates