Мустақилликдан олдин ҳам, кейинги йилларда ҳам халқимиз узоқ йиллар суд-ҳуқуқ тизимидан ҳайиқиб яшади, оддий одамлар адолатсизликдан кўп азият чекди. Қанчадан-қанча бегуноҳ одамлар тизимдаги коррупция, манфаатлар тўқнашуви, таниш-билишчилик қурбони бўлди.
Суд мажлислари биқиқ хоналарда ўтди, суд экспертизаси хулосалари эса “қоронғу лабораториялар”да ёзилди. Ноҳақ ҳукмлар ўзгартирилмади. Фикрлар, далиллар, ҳақиқат бўғилди. Шу тариқа одамларда давлатга, тузумга бўлган ишонч йўқолди. Бу оддий фуқаролар қаддини букиб қўйди.
Шу манзаралар мамлакат суд-ҳуқуқ тизими жиддий ислоҳотларга муҳтож бўлганига ишора эди. Ниҳоят, 2016 йилдан бу тизимда ҳам ўзгаришлар кузатила бошлади. Президентимиз Шавкат Мирзиёев ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларни ўз номига яраша тизимга айлантириш мақсадида соҳани тубдан ислоҳ қилишга киришди. Бу жараёнда фармон ва қарорлар қабул қилинди, қонунчиликка жиддий ўзгартиришлар киритилди.
Бугун ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар том маънода халқчил тузилмага айланди. Одамларнинг одил судловга бўлган ишончи ортди. Ҳақиқат излаган минглаб фуқаролар мақсадига эришди.
Таъкидлаш жоизки, бу борадаги чора-тадбирлар 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида кўзда тутилган бўлиб, унда белгиланган вазифаларни бажариш доирасида суд-ҳуқуқ тизимининг ажралмас, муҳим бўғинларидан бири – суд-экспертлик фаолиятини янада такомиллаштириш борасида салмоқли натижалар қўлга киритилди.
Президентимизнинг жорий йил 5 июлдаги “Ўзбекистон Республикасида суд-экспертлик тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони бу йўналишдаги ишларни янги босқичга кўтаришга хизмат қилиши билан аҳамиятлидир.
Акрам ХАЛИЛОВ, Адлия вазирлиги ҳузуридаги Х.Сулаймонова номидаги Республика суд экспертизаси маркази директори:
– Мазкур фармон билан Ўзбекистон Республикасида суд-экспертлик фаолиятини ривожлантиришнинг 2021-2025 йилларга мўлжалланган концепцияси тасдиқланди. Концепциянинг асосий мақсади халқаро нормалар ва стандартлар талабларини ҳисобга олган ҳолда судлар ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг ишончли суд экспертизаси хулосаларига бўлган эҳтиёжини қондириш, суд-экспертлик фаолиятини тизимли такомиллаштириб бориш, барқарор ва илмий талабга жавоб берадиган суд экспертизаси тизимини шакллантириш, суд жараёнларида жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари, қонуний манфаатлари ҳимоясини кучайтириш ҳамда суд экспертлари холислиги, мустақиллигини таъминлашдан иборат.
Концепция бўйича 2021-2023 йилларда амалга ошириладиган ишлар юзасидан “йўл харита”си тасдиқланди. Унда соҳадаги норматив-ҳуқуқий базани такомиллаштириш, суд-экспертлик амалиётини кенгайтириш ҳамда суд экспертизалари сифати ва ишончлилигини ошириш, соҳага оид илмий тадқиқот ишларини кўпайтириш, нодавлат суд экспертизаси институтини ва халқаро ҳамкорликни ривожлантириш, соҳанинг моддий-техник базасини ва кадрлар салоҳиятини мустаҳкамлаш каби бир қатор устувор йўналишлар белгиланди.
Шунингдек, концепцияни амалга ошириш бўйича кенгаш таркиби тасдиқланди. Кенгашга суд экспертизаси соҳасидаги муаммоларни комплекс ўрганиш ва уларни тизимли ҳал қилиш юзасидан идоралараро ҳамкорликни таъминлаш, фуқаролик жамияти институтлари, оммавий ахборот воситалари ва илмий доиралар вакилларини жалб этган ҳолда учрашувлар, давра суҳбатлари, матбуот анжуманлари ташкил қилиш вазифалари юклатилди.
Бу жамоатчилик назоратини таъминлашга хизмат қилади. Жамоатчилик назорати эса, ўз навбатида, тизимда коррупциянинг олдини олишга йўл очади.
Фармон билан Республика суд экспертизаси маркази тузилмасида юридик шахс ташкил этмаган ҳолда 15 та штат бирлигидан иборат Суд-экспертлик илмий-тадқиқот институти ташкил этилмоқда. Институтга ҳар йили камида 15 та илмий-тадқиқот ишини амалга ошириш, суд экспертизаси муассасаларига илмий-услубий кўмак кўрсатиш, услубий қўлланмаларни танқидий кўриб чиқиш ва амалиётни уйғунлаштириш вазифалари юклатилди.
Яна бир муҳим жиҳат. Давлат ва нодавлат суд экспертизаси ташкилотларига шартнома асосида жисмоний ҳамда юридик шахсларнинг мурожаатларига мувофиқ суд экспертизаси тадқиқотларини ўтказиш ҳуқуқи берилди. Бунда ўтказилиши мумкин бўлган суд экспертизаси тадқиқотлари рўйхати Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланади ва тадқиқот натижаларига кўра мутахассис фикри берилади.
Шунингдек, жорий йил 1 сентябрдан иқтисодий, фуқаролик ва маъмурий иш юритишда адвокатга суд экспертизаси ташкилотларида шартнома асосида экспертиза ўтказиш ташаббуси билан чиқишга рухсат берилади. Мазкур ҳуқуқ одил судлов жараёнида томонларнинг тортишуви, мустақиллиги ва қонун устуворлиги принципларини таъминлаш мақсадида суд ва тергов органларидан мустақил равишда экспертиза тайинлаш орқали адвокатлар фаолиятини юксалтиришга замин яратади.
Ҳаётимизга илғор техника ва технологиялар кириб келмоқда. Илм-фан ютуқлари ҳар бир соҳада фаолият самарадорлигини оширишда, кўзланган мақсадларга эришишда муҳим аҳамият касб этади. Ана шу мақсадда Президент фармонига мувофиқ, 2022 йил 1 мартдан аҳолига ва ваколатли органларга суд-экспертлик фаолиятига доир маълумотлар етказиш, ахборот ҳамкорлигининг барча турларини таъминлаш учун мўлжалланган “E-ekspertiza” ягона электрон ахборот тизими жорий этилади.
Бу, ўз навбатида, суд экспертизаси соҳасига ахборот технологияларини кенг жорий қилиш орқали суд экспертизаларини ўтказишга сарфланадиган вақтнинг қисқаришига, экспертиза тайинловчи органлар билан экспертлар ўртасидаги ўзаро ёзишмалар электронлашишига, суд экспертизаси ташкилотлари ўртасида ягона услубиёт шаклланиши ва бир хил иш юритилишига эришилади. Бундан ташқари, статистик ҳисоботлар ва маълумотлар тезкор шакллантирилади.
Мазкур электрон тизим ишга тушиши билан судлар, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва суд экспертизаси ташкилотларининг ўзаро ҳужжат айланишида ҳамда унинг хавфсизлигини таъминлашда ижобий натижаларга эришилади. Шунингдек, суд экспертларининг иш жараёнини енгиллаштиради, ортиқча вақт ва қоғоз исрофгарчилигининг олдини олади. Шу билан бирга, экспертиза натижалари ҳақида тезкор хабар бериш, пул тўловлари учун электрон шартномалар олиш ва бошқа бир қанча қулайликлар яратилади.
Мазкур соҳада салоҳиятли кадрларни тайёрлаш муҳим аҳамият касб этади. Эндиликда олий таълим муассасаларида дуал таълим принципига мувофиқ, бакалавр ёки магистратура босқичларида таълим олаётган даврда олти ойлик курсларда суд экспертизаси соҳасида кадрларини тайёрлаш имконияти яратилмоқда. Бунда курслар олий таълим муассасалари ва давлат суд экспертизаси муассасалари билан тузиладиган шартнома асосида фаолият юритади.
Шерзод РАБИЕВ, Адлия вазирлиги бошқарма бошлиғи:
– Фармонга кўра, Адлия вазирлигига нодавлат суд экспертизаси органлари фаолиятини мувофиқлаштириш ва тартибга солиш борасида ваколатли орган сифатида қўшимча вазифалар юклатилди. Вазирлик ҳузурида юридик шахс ташкил этмаган ҳолда Суд-экспертлик фаолиятини ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш жамғармаси ташкил этилади. Жамғарма маблағлари “E-ekspertiza” ягона электрон ахборот тизимини жорий этиш, нодавлат суд экспертизаси ташкилотларига субсидиялар ажратиш, янги экспертиза турларини амалиётга киритиш, давлат суд экспертизаси муассасалари моддий-техник базасини мустаҳкамлаш ҳамда ҳар йили камида 10 нафар суд экспертининг хорижий давлатларда малака ошириши ва стажировка ўташини йўлга қўйиш учун сарфланади.
Фармондаги яна бир эътиборли жиҳат, 2021 йил 1 сентябрдан суд экспертизасининг муайян тури бўйича узлуксиз равишда камида сўнгги 3 йил давомида суд-экспертлик фаолиятини амалга ошириб келаётган давлат суд экспертлари ушбу ихтисослик бўйича қайта тайёрлашдан ўтмасдан, нодавлат суд эксперти сертификатини олиш учун якуний имтиҳон топширишга ҳақли бўлади.
Шу билан бирга, давлат ташкилотларидаги илмий, илмий-педагогик ва меҳнат фаолияти билан шуғулланувчи илмий даражага эга ходимларга қўшимча ҳақ тўлашга доир рағбатлантириш шартлари давлат суд экспертизаси муассасалари ходимларига нисбатан ҳам татбиқ этилади.
Нодавлат суд экспертларининг ўз касбий мажбуриятларини бузиши оқибатида етказиладиган зарардан жисмоний ва юридик шахсларни ҳимоя қилиш мақсадида нодавлат суд экспертизаси ташкилоти суд экспертларининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш тартиби ва уларни ҳар 3 йилда бир маротаба аттестациядан ўтказиш тизими жорий қилинади.
Судлар ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг малакали экспертиза тадқиқотларига бўлган эҳтиёжларини ҳамда жисмоний ва юридик шахсларнинг манфаатларини инобатга олган ҳолда 2021–2025 йилларда қўшимча равишда янги 16 та суд экспертизаси тури амалиётга киритилади. Буларга мисол сифатида радиотехника, видеотехника, фототехника, дендрология, парфюмерия маҳсулотлари кимёвий таркибини аниқлаш, газ ва электр техникаси объектларининг портлаш техник экспертизаларини келтиришимиз мумкин.
Давлат ва нодавлат суд экспертизаси ташкилотлари 2023 йил 1 июнга қадар уларнинг фаолиятини таъминлаш учун ўхшаши Ўзбекистон Республикасида ишлаб чиқарилмайдиган, четдан олиб келинадиган асбоб-ускуналар, махсус жиҳозланган автотранспорт воситалари, дастурий таъминотлар, реактивлар, реагентлар ва сарфлаш материаллари ҳамда фойдаланишда бўлган асбоб-ускуналарнинг эҳтиёт қисмлари учун божхона тўловларидан (қўшилган қиймат солиғи ва божхона расмийлаштируви йиғимларидан ташқари) озод қилинди.
Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг ҳудудий бўлинмалари эҳтиёжларини таъминлаш ҳамда жисмоний ва юридик шахсларга янада қулайликлар яратиш мақсадида Х.Сулаймонова номидаги Республика суд экспертизаси маркази ҳудудий бўлимларида экспертиза тадқиқотларининг қўшимча турлари Фарғона, Термиз, Урганч ва Самарқанд шаҳарларида одам ДНКси суд-биологик экспертизаси ҳамда материаллар, ашёлар ва буюмлар криминалистик экспертизаси лабораториялари босқичма-босқич ташкил қилинади.
Келгусида мавжуд 55 та экспертиза тури сони 71 тага етказилади. Суд экспертизасини ўтказишда фойдаланиб келинаётган мавжуд 700 дан ортиқ турдаги услубий қўлланмалар танқидий кўриб чиқилиб, амалиёт уйғунлаштирилади. Шу билан бирга, ҳар йили камида 10 нафар суд экспертининг хорижий муассасаларда малака ошириши ва стажировка ўташи таъминланиб, уларнинг ижобий тажрибаси миллий амалиётга татбиқ қилинади.
Давлатимиз раҳбари томонидан имзоланган мазкур фармон суд экспертизаси соҳасидаги ислоҳотларни янада чуқурлаштириш, нодавлат суд экспертизаси ташкилотлари фаолиятини жадал ривожлантиришни рағбатлантириш, фуқароларимизнинг ҳуқуқ ва эркинликларини муносиб ҳимоя қилиш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли ишларнинг мантиқий давоми, “Инсон манфаатлари ҳамма нарсадан устун” деган эзгу ғояни ҳаётга изчил татбиқ этиш борасидаги навбатдаги муҳим қадамдир.











